ШАРЪИЙ МЕЪЁР №6
Анъанавий банкни ислом банкига ўзгартириш
Меъёрнинг баёни (матни
7. (Анъанавий банкларни ислом банкларига) ўзгартиришнинг инвестицияларга таъсири
7/1 Фоизли қарзга асосланган инвестиция воситаларидан фойдаланиш тўхтатилиши шарт ва бундай воситаларни Музораба, Мушорака, Мушарака Мутанақиса (камайиб борувчи шерикчилик), қишлоқ хўжалиги (шу жумладан боғдорчилик) билан боғлиқ шерикчилик (Музораъа, Муғораса, Мусоқот), насия савдо асосида молиялаштириш, Муробаҳа, Салам, Истисна, Ижара, Ижара Мунтаҳия Биттамлик ва шу каби шариатда рухсат этилган молиялаштириш ва инвестиция воситаларига алмаштириш керак.
7/2 Банк ўзгартириш қароридан аввал бошқаларга берган барча фоизли қарзларни, улар қисқа ёки узоқ муддатли бўлишидан қатъий назар, тугатиши, сўнгра асосий қарз маблағларини шариат ҳукмлари ва тамойилларига мувофиқ молиялаштириш воситаларига ўзгартириши учун барча имкониятларни ишга солиши керак. Банк тугата олмаган кредитлар бўйича олинган фоизлардан 10/2-бандда кўрсатилган тартибда халос бўлади.
8. Банкнинг ўзгартириш қароридан аввалги ношаръий ҳақлари (дебиторлик қарзлари) муолажаси
8/1 Банкнинг ўзгартириш қароридан аввал ҳосил бўлган ношаръий активлари:
Ўзгартириш қарори қабул қилинган молиявий даврдан бошлаб қуйидагилар амалга оширилиши керак:
8/1/1 Агар анъанавий банк ислом банкига ўзгартириш ниятида сотиб олинса, у ҳолда янги мулкдорлар сотиб олишдан олдин банк олган фоизлар ва тақиқланган даромадлардан халос бўлишга мажбур эмас.
(Ўзгартириш йилидан олдинги молиявий даврларга тегишли бўлган, шариатда тақиқланган номоддий активлардан банк халос бўлишга мажбур эмаслигининг далили — банк бошқаруви ўткан (олдинги) молиявий даврларга тегишли масалаларни ўзгартиришга қодир эмас, чунки бошқарувнинг масъулияти мазкур давр тугаши билан якунланади. Аммо акциядорлар ўзларига тақсимланган ноқонуний ҳуқуқлардан (масалан, дивидендлардан) халос бўлишлари шарт. Чунки молиявий даврнинг тугаши бошқарув масъулиятини бекор қилса ҳам, акциядорларнинг бундай ҳуқуқларга бўлган жавобгарлиги давом этади. Ушбу меъёрнинг “Шаръий асослар” қисмидан).
8/1/2 Агар анъанавий банк ўзининг мавжуд акциядорлари томонидан ислом банкига айлантирилса, фоизлар ва ман этилган даромадлардан халос бўлиш ўзгартириш амалга ошириладиган молиявий даврдан бошлаб амалга оширилади. Бироқ, юқорида кўрсатилган молиявий давргача олинган тақиқланган даромадларга келсак, диёнатан (яъни маънавий-ахлоқий асосга кўра), ушбу даромадлардан халос бўлиш уларни тақсимлаб олган акциядорлар ва омонатчилар зиммасига тушади. Ўз навбатида, банк буни амалга оширишга мажбур эмас.
8/1/3 Шубҳали даромадлар, хоҳ қабз қилинмаган, хоҳ қабз қилиб бўлинган бўлсин, қуйидаги асосларга кўра жоиз деб топилса, улардан халос бўлиш вожиб бўлмайди:
- ижтиҳодга рухсат берилган масалада ижтиҳод қилишга лаёқати бўлган шахснинг ижтиҳодига асосан; ёки
- мўтабар фиқҳий мазҳабга (яъни маълум ва машҳур мазҳаблардан бирига) эргашиб; ёки
- муайян обрў-эътиборга эга (яъни илми ва ишончлилиги билан машҳур бўлган) аҳли илмларнинг фикрига кўра.
Бундай даромадлар ўзгартириш қарори қабул қилинган молиявий давр мобайнида ёки ундан аввал олингани муҳим эмас.
8/1/4 Агар банкнинг пулдан бошқа кўринишда, тақиқланган (ножоиз) активларда ҳақлари (дебиторлик қарзлари) бўлса, уларни йўқ қилиш/тугатиш ниятида қабул қилиши мумкин. Банкнинг дебиторлик қарзлари тақиқланган (ҳаром) активларни ёки хизматларни сотишдан олинадиган пуллар бўлган ҳолатда, банк бу пулларни хайрия қилиш мақсадида қабз қилиб олади. Худди шу ҳукм ўзгартириш қарори қабул қилинган даврда тақиқланган (ҳаром) активларни сотишдан олинадиган маблағларга нисбатан ҳам қўлланилади. Юқоридаги икки ҳолатда ҳам мижознинг зиммасидаги қарздан воз кечилмайди, акс ҳолда мижоз бир амалиётнинг икки қарама-қарши қийматига: етказиб берилган маҳсулот ёки хизматга ҳамда улар эвазига тўланадиган пулга эга чиқади.
8/1/5 Агар банк ислом банкига ўзгартирилса ва унинг моддий активлари орасида шариатда тақиқланган маҳсулотлар бўлса, банк уларни йўқ қилишга мажбур. Агар банк ушбу маҳсулотларнинг баъзиларини сотган бўлса, лекин ҳали пулини олмаган бўлса, банк бу пулларни олади ва хайрияга йўналтиради.
8/1/6 Агар банкка тегишли кўчмас мулклар тақиқланган хизматлар кўрсатиш учун мўлжалланган бўлса, бундай масканлар рухсат этилган хизматлар тақдим этиладиган жойларга ўзгартирилиши керак.
давоми бор …
Таржимонлар:
Муҳиддин Бектемиров, AAOIFI нинг CSAA сертификати соҳиби
Олимжон Иргашев, AAOIFI нинг CSAA сертификати соҳиби
Муҳаррир:
Жаҳонгир Имамназаров
Иқтисодиёт фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)
“Ислом молияси” лойиҳаси ҳамасосчиси