AAOIFI Шаръий меъёри № 22:
КОНЦЕССИЯ [1] ШАРТНОМАЛАРИ
Муқаддима
Ушбу меъёр фойдали қазилмалар, сув ресурслари ёки шу каби бошқа табиий бойликлар (ресурслар)дан фойдаланиш билан боғлиқ концессия шартномалари, хизмат кўрсатиш иншоотлари ва лойиҳаларини барпо этиш билан боғлиқ концессия шартномалари (қурилиш концессияси) ҳамда жамоатчилик фойдаланадиган давлат инфратузилма объектларини бошқариш билан боғлиқ концессия шартномалари (бошқарув концессияси)га тегишли шариат ҳукмларини баён этишни мақсад қилади. Шунингдек, меъёр ушбу концессия турларининг шаръий тавсифини, улар билан боғлиқ тасарруфлар, ҳуқуқ ва мажбуриятларни ҳамда уларни ислом молия муассасалари томонидан қўллаш тартибини ёритиб беради.
Аллоҳ таоло муваффақият берувчидир.
Меъёрнинг матни
Меъёрнинг қамрови (амал қилиш доираси)
Ушбу меъёр фойдаланиш, қурилиш, бошқариш билан боғлиқ концессия шартномаларнинг асосий шаръий ҳукмларини ҳамда муассасалар томонидан мазкур шартномаларнинг қўлланилиш тартибини ўз ичига олади.
Ушбу меъёр ҳосилавий (иккиламчи) мулкий ҳуқуқлар турига кирувчи қонуний ёки шартномавий имтиёз/концессия ҳуқуқларини қамраб олмайди. Шунингдек, меъёр лицензия концессияси (франчайзинг)ни ҳам ўз ичига олмайди, чунки у алоҳида меъёр доирасида кўриб чиқилиши лозим.
2. “Концессия” атамасининг таърифи:
Ушбу меъёрда “концессия” деганда ушбу ҳуқуқ эгаси томонидан бошқа шахсга (концессионерга) фойдаланиш, қуриш ва бошқариш ҳуқуқини ўзаро келишилган ҳақ эвазига бериши тушунилади.
3. Концессия шартномаларининг шаръий мувофиқлиги:
3/1 Ушбу меъёрда қамраб олинган концессия шартномалари, агар Шариат ҳукмлари ва тамойилларига зид унсурларни ўз ичига олмаса, меъёрда баён қилинган шаръий мезонларга мувофиқ бўлган тақдирда шаръан жоиз ҳисобланади. Бундай шартномалар ҳукумат (ваколатли давлат идоралари ёки давлат раҳбари) зиммасига юклатилган жамият манфаатларини ёки шартнома тузувчи томонлар кўзлаган мақсадларни рўёбга чиқариш воситаларидан биридир.
3/2 Концессия тақдим этиш учун тегишли тартиб-қоидалар белгилаш, улар учун йиғимлар жорий этиш ёки шартномада келишилган тарзда тўлов белгилаш, агар бунда рибо, ғарар ёки бошқа шариатда тақиқланган унсурлар мавжуд бўлмаса, ҳеч қандай монеъликсиз жоиз.
4. Концессия тақдим этиш/бериш:
Концессия тақдим этишда адолат, имкониятлар тенглиги ва жамият манфаатлари эътиборга олиниши лозим.
5. Фойдали қазилмалар, сув ва шу каби бошқа ресурслардан фойдаланишга оид концессия шартномалари (фойдаланиш концессияси):
5/1 [Табиий бойликлардан] Фойдаланишга оид концессия шартномаларининг таърифи:
[Табиий бойликлардан] Фойдаланишга оид концессия шартномаси — давлат ва жисмоний ёки юридик шахс (муассаса) ўртасида тузиладиган келишув бўлиб, унга кўра концессия эгасига фойдали қазилмалар, сув ва шу каби бошқа ресурслардан фойдаланиш ҳамда ишлаб чиқариш/қазиб олиш бўйича эксклюзив (алоҳида/махсус) ҳуқуқ берилади. Бунинг эвазига 5/3-бандда баён қилинадиган ҳақ тўланади.
5/2 Фойдаланиш концессияси билан боғлиқ меъёрий тартиблар:
5/2/1 Геологик тадқиқот (иститлоъ) учун рухсатнома:
Давлат маълум бир ҳудудда дастлабки геологик тадқиқот ишларини амалга ошириш учун рухсатнома олишни шарт қилиб қўйиши мумкин, бунинг эвазига ариза берувчи давлатга белгиланган тўловлар ва йиғимлар тўлайди. Бундай рухсатнома ўз эгасига белгиланган ҳудудда эксклюзив (алоҳида/махсус) ҳуқуқ бермайди, шунингдек бурғилаш усули билан геологик разведка ишлари олиб бориш ёки зарур иншоотларни қуриш ҳуқуқини ҳам бермайди.
5/2/2 Геологик разведка (изланиш, истикшоф) учун рухсатнома:
Давлат муайян ҳудудда ва муайян муддат давомида геологик изланиш/разведка олиб бориш учун махсус рухсатнома (лицензия) олиш шарти сифатида ариза берувчи томонидан маълум тўлов тўланишини белгилаш ҳуқуқига эга. Бундай рухсатнома ўз эгасига (яъни геологик разведка олиб борувчи томонга) ушбу ҳудудда ҳамда геологик изланиш учун зарур ишларни амалга ошириш ҳуқуқини бериши мумкин.
5/2/3 Фойдаланиш концессиясини қўлга киритиш:
Геологик изланишлар учун рухсатнома олган шахс фойдали қазилма, сув ёки шунга ўхшаш ресурсларни аниқлаган (топган) тақдирда, агар рухсатномада бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, ушбу шахс қидирув лицензиясида белгиланган ҳудудда аниқланган манбалардан фойдаланиш учун концессия олиш бўйича алоҳида (устун) ҳуқуққа эга бўлади.
5/2/4 Агар белгиланган муддат давомида геологик изланиш ишларидан сўнг фойдали қазилма, сув ресурслари ёки бошқа табиий ресурслар аниқланмаса, муддат тугагач геологик изланиш олиб борган томон фойдаланиш концессиясини олиш ҳуқуқига эга бўлмайди.
5/2/5 Давлат геологик изланиш концессиясини ёки фойдаланиш концессиясини юқорида кўрсатилган босқичларсиз бевосита тақдим этиши мумкин.
5/2/6 Давлат ўз манфаатлари учун геологик тадқиқот ёки разведка ишларини амалга оширишни ихтисослашган ташкилотга топширса, ушбу муносабатларга нисбатан Ижара ва Жуъала ҳукмлари татбиқ этилади (“Ижара ва Ижара мунтаҳия биттамлик” тўғрисидаги 9-сонли шаръий меъёр ва “Жуъала” тўғрисидаги 15-сонли шаръий меъёрга қаралсин).
5/3 Фойдаланишга оид концессия шартномаларининг шаръий тавсифи:
Фойдали қазилмалар, сув ва шунга ўхшаш табиий ресурсларни ўзлаштириш фақат уларни қидириш ва бурғилаш орқали амалга оширилади. Бу эса ҳажми олдиндан номаълум бўлган ишлардир. Концессия эгаси оладиган ҳақ эса маълум бўлиб, у қазиб олинган маҳсулотнинг улуши сифатида фоиз ёки миқдор билан белгиланади. Бундай шартномаларнинг шаръий тавсифи Жуъаланинг бир кўриниши ҳисобланади: бунда давлат — буюртмачи, қазиб олувчи ташкилот — ишчи ва белгиланган ҳақ — жуъл, яъни мукофотдир (“Жуъала” тўғрисидаги 15-сонли шаръий меъёрга қаралсин).
5/4 Фойдаланишга оид концессия шартномаларининг қўлланиш соҳаси/ кўлами:
Концессия шартномалари давлат ва жисмоний ёки юридик шахслар ўртасида тузилганлиги сабабли қуйидагиларга риоя қилинади:
5/4/1 Фиқҳий ёндашувга кўра фойдали қазилмалар, хоҳ давлатга қарашли ерлардан, хоҳ хусусий мулк бўлган ерлардан қазиб олинган бўлсин, давлат мулки деб қаралса, концессия шартномаларини давлат мулкидаги ерларга нисбатан ҳам, хусусий мулкдаги ерларга нисбатан ҳам татбиқ этиш мумкин.
5/4/2 Ер эгаси ёки ердан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлган шахс давлат томонидан ўрнатилган тегишли тўловларни амалга ошириш эвазига ер ости бойликларидан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлади, деган фиқҳий ёндашувга эргашиниладиган бўлса, у ҳолда қуйидаги ерлар концессия шартномалари доирасидан чиқарилади:
5/4/2/1 Хусусий мулк бўлган ерлар, улар бўш ёки иморат қурилган бўлишидан қатъи назар.
5/4/2/2 Шаръий ва меъёрий қоидаларга мувофиқ, обод қилиш ниятида ажратиб қўйилган қаровсиз ерлар.
5/4/2/3 Давлат томонидан жисмоний ёки юридик шахсларга мулк ҳуқуқи асосида ёки маълум муддатга фойдаланиш ҳуқуқи асосида ажратиб берилган ерлар.
5/5 Фойдаланиш концессиясининг талаблари:
Фойдаланиш концессиясини олиш концессия эгасига фойдаланиш учун зарур бўлган барча ишларни амалга ошириш ҳуқуқини беради, масалан, тозалаш ва қайта ишлаш корхоналари қуриш, логистика ва зарур инфратузилмаларни яратиш шулар жумласидандир. Концессия (имтиёз) амал қилар экан, бу борада эксклюзив ҳуқуқ консессионер (яъни концессия ҳуқуқини олган шахс)га тегишли бўлади.
5/6 Фойдаланишни узлуксиз давом эттириш:
Концессия шартномаларида консессионернинг фаолиятни узлуксиз олиб бориш мажбурияти шартнома ёки урфдаги қоидалар асосида белгилаб қўйилади. Агар консессионер узрли сабабсиз фаолиятни тўхтатиб қўйса, фойдаланишни қайта тиклаш ва давом эттириш учун унга муддат берилади. Акс ҳолда, давлат унинг концессиясини бекор қилиш ҳуқуқига эга.
5/7 Маҳсулот нархини белгилаш ва давлатнинг уларни сотиб олиши:
5/7/1 Давлат концессия эгасининг қазиб олинган маҳсулотдаги улушидан қандай фойдаланишини ҳамда оладиган ҳақини умумий манфаатдан келиб чиқиб олдиндан белгилаб қўйиш ҳуқуқига эга.
5/7/2 Давлат концессия шартномасига мувофиқ оладиган улушидан ташқари, ўзига зарур бўлган маҳсулот миқдорини учинчи шахсларга татбиқ этиладиган нарх ва шартлар асосида харид қилишда устувор ҳуқуққа эга.
5/8 Фойдаланиш бўйича концессия шартномаларининг якунланиши:
Фойдаланишга оид концессия шартномалари уларнинг амал қилиш муддати тугаши, икки томоннинг ўзаро келишуви билан қолган муддатдан воз кечилиши, ёки фойдаланиш объектидатабиий ресурсларнинг тугаши сабабли якунига етади. Томонлардан бири шартнома шартларини ёки ўз зиммасидаги мажбуриятларни бажармаган тақдирда, иккинчи томон шартномани бекор қилишга ҳамда шартномага амал қилинмаслик натижасида етган ҳақиқий зарарни қоплаш учун товон талаб қилишга ҳақли.
(давоми бор)
Таржимон:
Муҳиддин Бектемиров, AAOIFIнинг
CSАА сертификати соҳиби
Муҳаррир:
Жаҳонгир Имамназаров
Иқтисодиёт фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)
“Ислом молияси” лойиҳаси ҳамасосчиси
[1] Концессия – хусусий тармоқ вакили бўлган сармоядорга давлат объектини ўз маблағлари ҳисобидан қуриш ёки бошқариш ва ундан даромад олиш ҳуқуқини маълум муддатга бериш шакли бўлиб, бунда объектга бўлган мулк ҳуқуқи давлатда сақланиб қолади. (Муҳаррир изоҳи)