AAOIFI Шаръий меъёри № 26:
ИСЛОМ СУҒУРТАСИ
Муқаддима
Ушбу меъёр Ислом суғуртасининг шаръий ҳукмларини, унинг хусусиятларини, рукнларини, асосларини, турларини баён қилишни ҳамда Ислом молия муассасалари томонидан риоя қилиниши лозим бўлган мезонлар (қоидалар)ни белгилашни мақсад қилади.
Аллоҳ таоло муваффақият берувчидир.
Меъёрнинг матни
1. Меъёрнинг қамрови (амал қилиш доираси):
Ушбу меъёр Ислом суғуртасини унинг таърифи, фиқҳий тавсифи, хусусиятлари, тамойиллари, рукнлари, турлари, анъанавий суғуртадан фарқланиши жиҳатдан ҳамда ислом молия муассасаларида риоя қилиниши лозим бўлган мезонларни белгилаш жиҳатидан қамраб олади. Ушбу меъёр давлат томонидан ташкил этиладиган ижтимоий таъминот (давлат ижтимоий суғуртаси)ни қамраб олмайди.
2. Ислом суғуртасининг таъриф ва унинг анъанавий суғуртадан фарқи:
Ислом суғуртаси – бу муайян хавф-хатарларга дучор бўлиши мумкин бўлган шахсларнинг беғараз хайрия/эҳсон қилиш мажбурияти асосида бадаллар тўлаш орқали ушбу хавф-хатарлар (суғурта ҳодисаси) натижасида етадиган зарарларни бартараф этиш бўйича ўзаро келишувидир. Бунинг натижасида юридик шахс мақомига эга ҳамда мустақил молиявий жавобгарликка эга бўлган суғурта жамғармаси (фонди) шаклланади. Суғурта қилинган хавф-хатарлар (суғурта ҳодисаси) рўй бериши натижасида иштирокчилардан бирига етган зарар учун жамғармадан низомлар ва суғурта полислари (ҳужжатлари) талабларига мувофиқ товон (компенсация) тўланади. Ушбу жамғармани полис эгалари орасидан танланган ҳайъат (кенгаш) бошқаради ёки акциядорлик компанияси уни ҳақ эвазига бошқаради. Ушбу компания суғурта фаолиятини юритиш ва жамғарма активларини инвестиция қилиш ишларини амалга оширади.
Анъанавий суғурта эса бевосита суғуртанинг ўзидан фойда олишни кўзлайдиган молиявий эвазли шартномадир. Унга нисбатан ғарар таъсир қиладиган молиявий эвазли шартномаларнинг ҳукмлари татбиқ этилади. Анъанавий суғуртанинг шаръий ҳукми шуки, у шаръан тақиқлангандир.
3. Ислом суғуртасининг фиқҳий тавсифи:
Ислом суғуртаси иштирокчиларнинг ўз манфаатлари йўлида ҳамда барчаларининг умумий ҳимоясини таъминлаш мақсадида эҳсон/ёрдам қилиш мажбурияти асосида бадаллар тўлашга асосланади. Ушбу бадаллардан суғурта жамғармаси шаклланади. Мазкур жамғармани ё полис эгалари орасидан танланган ҳайъат (кенгаш) бошқаради ёки суғурта хизматларини кўрсатиш учун лицензияга эга бўлган акциядорлик компанияси ҳақ эвазига вакиллик асосида бошқаради. Полис эгалари томонидан танланган ҳайъат ёхуд компания суғурта жамғармаси активларини музораба ёки инвестицион вакиллик асосида инвестиция қилади.
3/1 Суғурта фаолиятини бошқарувчи акциядорлик компанияси ўзининг устав капиталига ва ўз даромадларига, шунингдек, вакиллик учун олинадиган хизмат ҳақига ҳамда суғурта активларини Музораба асосида инвестиция қилишдан олинган соф фойдадан ўзининг белгиланган улушини олишга ёки инвестицион вакиллик асосида бошқарганда белгиланган хизмат ҳақига эга бўлади. Компания ўз фаолиятига оид барча харажатларни ўз зиммасига олади, суғурта активларини инвестиция қилиш билан боғлиқ харажатлар ҳам шулар жумласидандир.
3/2 Полис эгаларининг жамғармаси (фонди)га суғурта бадаллари, уларнинг даромадлари, суғуртага доир шакллантирилган барча захиралар ҳамда суғурта профицити (яъни иштирокчилар ўзаро ёрдам мақсадида шакллантирган жамғармада қолган ортиқча маблағ) тегишли бўлади. Шунингдек, улар (полис эгалари жамғармаси) суғурта амалиётларини бошқариш билан бевосита боғлиқ бўлган барча харажатларни ўз зиммаларига оладилар.
4. Ислом суғуртасида шартномавий муносабатлар:
Ислом суғуртасида уч хил шартномавий муносабат мавжуд:
4/1 Акциядорлар ўртасидаги шериклик (мушорака) муносабати — компания таъсис ҳужжати (устав) ва унга алоқадор ҳужжатлар орқали ширкат ташкил топадиган муносабат. Агар суғурта жамғармасини компания бошқарса, бу мушорака шартномаси ҳисобланади (“Ширкат (Мушорака) ва замонавий компаниялар” тўғрисидаги 12-сонли Шаръий меъёрга қаралсин).
4/2 Компания билан полис эгалари жамғармаси ўртасидаги муносабат — бошқарув нуқтаи назаридан вакиллик муносабатидир; инвестиция нуқтаи назаридан эса музораба ёки инвестицион вакиллик муносабатидир.
4/3 Полис эгалари билан жамғарма ўртасидаги муносабат — улар суғуртага қўшилганда (яъни бадал тўлаш пайтида) табарруъ /эҳсон қилиш мажбурияти асосидаги муносабатдир. Зарарни қоплаш (товон тўлаш) пайтидаги манфаатдор шахс (бенефициар) билан жамғарма ўртасидаги муносабат эса жамғарманинг полислар ва низомларга мувофиқ зарарни қоплаб бериш мажбурияти асосидаги муносабатдир.
5. Ислом суғуртасининг тамойиллари ва шаръий асослари:
Ислом суғуртаси қуйидаги шаръий тамойиллар ва асосларга таянади ҳамда улар компания низоми (устави)да, ички меъёрий ҳужжатларида ёки полисларда белгилаб қўйилиши шарт:
5/1 Табарруъ (эҳсон қилиш) мажбурияти: унда иштирокчи суғурта товони тўланиши учун суғурта бадали ва ундан олинадиган даромадларни суғурта жамғармасига эҳсон (табарруъ) қилиши қайд этилади. Ҳужжаларга мувофиқ юзага келиши мумкин бўлган ҳар қандай камомадни қоплаш мажбуриятини олиши ҳам мумкин.
5/2 Суғурта жараёнини ташкиллаштирувчи компания томонидан иккита алоҳида ҳисобварақ очилиши: улардан бири бевосита компанияники бўлиб, унинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини акс эттиради; иккинчиси эса фонд (полис эгалари)ники бўлиб, уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини акс эттиради.
5/3 Компания суғурта ҳисобварағини бошқаришда вакил, суғурта активларини инвестиция қилишда эса музориб ёки инвестиция вакили ҳисобланади.
5/4 Суғурта ҳисобварағи суғурта активлари ва уларни инвестиция қилишдан тушадиган даромадларига мутлақ эгалик қилади, худди шунингдек, ушбу активлар билан боғлиқ мажбуриятларни ўз зиммасига олади.
5/5 Тасдиқланган меъёрий ҳужжатлар суғурта жамғармасида қолган ортиқча маблағ (профицит)ни тасдиқланган меъёрларга мувофиқ манфаатли тарзда тасарруф этиш тартибини ўз ичига олиши жоиз. Масалан: захиралар шакллантириш, суғурта бадаллари миқдорини камайтириш, уни хайрия мақсадларига йўналтириш ёинки уни тўлиқ ёки қисман иштирокчиларга тақсимлаш каби – бунда бошқарувчи компания мазкур профицитдан ҳеч қандай улуш олишга ҳақли эмас.
5/6 Компания тугатилган (ликвидация қилинган) тақдирда, суғурта билан боғлиқ барча захиралар ва тўпланган ортиқча маблағлар хайрия мақсадларига сарфланиши керак.
5/7 Полис эгаларининг назорат қилиш ҳуқуқини амалга оширишлари ва ўз манфаатларини ҳимоя қилишлари учун муносиб ҳуқуқий механизм яратиш орқали суғурта амалиётларини бошқаришда уларнинг иштирок этиши афзал (ҳисобланади). Масалан, Директорлар кенгашида (Кузатув кенгашида) полис эгалари ўз вакилларига эга бўлиши шулар жумласидан.
5/8 Компания ўзининг барча фаолиятида ва инвестицияларида Ислом шариати аҳкомлари ва тамойилларига риоя қилиши, хусусан, шариат томонидан тақиқланган нарсаларни ёки тақиқланган мақсадларни кўзлайдиган ҳар қандай нарса ва фаолият турларини суғурта қилишдан тийилиши шарт.
5/9 Фатволари компания учун мажбурий кучга эга бўлган Шаръий назорат кенгаши тайинланиши ҳамда компания таркибида ички шариат назорати ва аудити бўлими тузилиши шарт.
6. Ислом суғуртасининг турлари:
6/1 Ашёлар/мол-мулклар суғуртаси: у ҳақиқий зарарни қоплашга таянади ҳамда ёнғин суғуртаси, автомобил суғуртаси, самолёт суғуртаси, жавобгарлик суғуртаси, омонатга хиёнат суғуртаси ва бошқа суғурталарни ўз ичига олади (Кафолатлар тўғрисидаги 5-сонли Шаръий меъёрнинг 6/4-бандига қаралсин).
6/2 Меҳнатга лаёқатсизлик (ногиронлик) ёки вафот этиш ҳолатларидаги шахслар суғуртаси: у баъзан «такафул» деб ҳам аталади ва анъанавий ҳаёт суғуртаси (life insurance)нинг муқобили ҳисобланади.
6/2/1 Меҳнатга лаёқатсизлик (ногиронлик) ёки вафот этиш ҳолатларидаги суғурта қуйидаги тартибда амалга оширилади:
- 6/2/1/1 Шахс суғуртаси учун талаб этиладиган барча шахсий маълумотлар (суғурталанувчининг ҳолати ва бошқа маълумотлар) ҳамда иштирокчининг ҳуқуқлари ва мажбуриятларига доир тафсилотлар қайд этилган аъзолик аризаси (сўровномаси).
- 6/2/1/2 Суғурта бадали миқдорини белгилаш;
- 6/2/1/3 Келишувга мувофиқ манфаатдор шахсга (бенефициарга) тўланадиган тўловлар миқдорини белгилаш;
- 6/2/1/4 Иштирокчи вафот этган тақдирда, такафулга оид тўловлар тегишли ҳужжат (полис)ларда қайд этилган шахслар, ташкилотлар ёки мақсадларга мувофиқ, Шаръий назорат кенгаши томонидан тасдиқланган қоидаларда белгиланган тартибда тақсимланади. Агар (марҳумнинг) инвестиция маблағлари бўйича қолдиқ мавжуд бўлса, у меросга оид шариат қоидаларига мувофиқ меросхўрлар ўртасида тақсимланади.
- 6/2/1/5 Вафот этиш ҳолати хатари суғурталанганда, тегишли суғурта ҳужжати (полиси)да қуйидаги шарт қайд этилиши лозим: агар иштирокчининг вафоти қотиллик сабабли юз берган бўлса ва бунга суғурта пулини олиш ҳуқуқига эга шахс (бенефициар)нинг ёки меросхўрнинг алоқадорлиги (қўли борлиги) исботланса, унинг суғурта тўловига бўлган ҳуқуқи бекор бўлади.
7. Ислом суғуртасида иштирок этиш:
7/1 Суғуртанинг барча турларида мусулмонлар билан бир қаторда ғайридинлар (мусулмон бўлмаганлар) ҳам иштирок этишлари мумкин.
7/2 Суғурта бадали статистик усулларга таянувчи актуар тамойиллар[1] бўйича белгиланиши мумкин. Бунда хатарнинг ўзгармас (статик) ёки ўзгарувчан (динамик) эканлиги, шунингдек, суғурта бадалининг хатарнинг ўзига, унинг турига, муддатига ҳамда суғурта суммасига мутаносиб бўлиши тамойили инобатга олинади.
7/3 Суғурталанадиган хавф-хатар (ҳодиса) содир бўлиш эҳтимоли бўлган ҳодиса бўлиши, иштирокчининг мутлақ (якка) иродасига боғлиқ бўлиб қолмаслиги ҳамда шаръий тақиқланган нарсага дахлдор бўлмаслиги шарт қилинади.
8. Ислом суғуртасида иштирокчи (суғурталанувчи)нинг мажбуриятлари:
Иштирокчи (суғурталанувчи) қуйидаги мажбуриятларни бажариши шарт:
8/1 Суғурта қилинаётган хатарга оид зарур маълумотларни тақдим этиш, шартнома тузилгандан кейин ушбу хатарнинг ортишига олиб келувчи янги юзага келган ҳолатлар тўғрисида компанияни хабардор қилиш.
Агар иштирокчининг била туриб алдагани (тадлис), чалғитгани (тағрир) ёки ёлғон маълумотлар тақдим этгани исботланса, у товон пулидан тўлиқ ёки қисман маҳрум қилинади. Аммо ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотларни тақдим этиш янглишиш (хато) туфайли содир бўлгани исботланса, у тўғрилиги тасдиқланган маълумотларга мутаносиб миқдорда товон олиш ҳуқуқига эга бўлади.
8/2 Суғурта бадалларини келишувга мувофиқ ўз вақтида тўлаш. Иштирокчи бадалларни белгиланган муддатларда тўлашдан бош тортган ёки уни кечиктирган тақдирда, компания суғурта полисини бекор қилиш ёки суд орқали уни тўлашга мажбурлаш ҳуқуқига эга бўлади.
8/3 Суғурталанган хатар (яъни суғурта ҳодисаси) содир бўлган тақдирда, полис эгаси (иштирокчи) полис эгалари жамғармасининг вакили сифатида фаолият юритувчи компанияни бу ҳақда суғурта полисида кўрсатилган муддат ичида хабардор қилиши лозим. Агар бундай муддат белгиланмаган бўлса, хабардор қилиш оқилона (мақбул) муддат ичида амалга оширилиши керак. Агар иштирокчи бу ҳақда хабардор қилмаса, компания ушбу мажбуриятнинг бузилиши натижасида суғурта жамғармасига етказилган ҳақиқий зарар миқдорида иштирокчидан товон талаб қилиш ҳуқуқига эга.
9. Ислом суғурта полисларидаги шартлар:
9/1 Суғурта полисига махсус шартларни киритишга шариат нуқтаи назаридан ҳеч қандай тўсқинлик йўқ. Бундай махсус шартлар суғурта муддатларига, муайян ҳолатларда, масалан, иштирокчи суғурта ҳодисаси (суғурталанган хатар) содир бўлгани ҳақида компанияни ўз вақтида хабардор қилмаган тақдирда, товон тўлашни рад этишга ёки товоннинг муайян қисмини иштирокчи зиммасига юклашга тааллуқли бўлиши мумкин. Суғурта полисига киритилган шундай шартлар шариат аҳкомлари ва тамойилларига ёки келишувнинг тақозосига (яъни келишув натижасида юзага келадиган ҳуқуқий оқибатларга) зид бўлмаган тақдирда, мажбурий кучга эга бўлади.
9/2 Суғурта полисида товон тўлашдан истисно қилинадиган ҳолатларни кўрсатиб ўтиш жоиз, бунда истисноларни киритишда адолат тамойилларига риоя қилиниши, ҳуқуқлар муҳофаза этилиши ҳамда асоссиз оғирлаштирувчи/асоратли шартларга йўл қўйилмаслиги шарт.
(давоми бор)
[1] Суғурта соҳасида хатарларни, эҳтимолларни ва пул оқимларини математик-статистик усуллар билан ҳисоблаш ва баҳолаш учун асос бўлувчи тамойиллар мажмуи.
Таржимон:
Муҳиддин Бектемиров, AAOIFIнинг CSАА ва CPFAS сертификатлари соҳиби
Муҳаррир:
Жаҳонгир Имамназаров
Иқтисодиёт фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)
“Ислом молияси” лойиҳаси ҳамасосчиси