AAOIFI Шаръий меъёри № 26:
ИСЛОМ СУҒУРТАСИ
10. Акциядорлик компаниясининг мажбуриятлари ва ваколатлари:
10/1 Акциядорлик компанияси маълум бир ҳақ эвазига суғурта амалиётларини бошқаради. Бу ишлар суғурта полисларини тайёрлаш, суғурта бадалларини йиғиш, товонларни тўлаш ва бошқа техник ишлардан иборат. Хизмат ҳақи шартномада кўрсатилади ва иштирокчи шартномага имзо қўйиши биланоқ ушбу ҳаққа рози бўлган ҳисобланади.
10/2 Компания бошқарувининг фаолияти (тасарруфи) манфаатни кўзлашга асосланади. Компания фақат тажовуз (таъаддий), бепарволик (тақсир) ёки белгиланган шартларга риоя қилмаслик ҳолатларида жавобгар бўлади.
10/3 Компанияни таъсис этиш билан боғлиқ харажатлар, шунингдек, компаниянинг ўзига ёки унинг маблағларини инвестиция қилишга тегишли барча харажатлар компания зиммасида бўлади.
10/4 Акциядорлик компаниясининг қонунчиликда белгиланган захираси акциядорларнинг маблағларидан ажратилади ва уларга тегишли бўлади. Шунингдек, устав капиталига доир ажратилиши лозим бўлган бошқа маблағлар ҳам акциядорларга тегишли ҳисобланади. Суғурта полиси эгаларининг маблағлари ёки уларнинг фойдаларидан бирор қисмини акциядорлар манфаати учун ажратишга йўл қўйилмайди.
10/5 Полис эгаларининг манфаатини кўзлаб, уларнинг маблағлари ёки фойдаларидан суғурта жамғармасига оид захиралар ёки махсус ажратмалар шакллантириш жоиз, бироқ бу маблағлар акциядорларга ўтмаслиги шарт. Суғурта ҳисобварағида тўпланган маблағлар (компания) тугатилган (ликвидация қилинган) тақдирда хайрия мақсадларига сарфланади.
10/6 Агар суғурталанган хатар (суғурта ҳодисаси) шартномавий жавобгарлиги ёки деликт (зарар етказганлик учун) жавобгарлиги исботланган шахс ёки унга тенглаштирилган шахснинг хатти-ҳаракатлари туфайли юзага келган бўлса, компания ҳодиса учун масъул шахсга нисбатан регресс (қайта талаб қилиш) ҳуқуқини амалга оширади. Бунда компания ушбу масалага доир барча даъволар ва ҳуқуқлар бўйича иштирокчининг ўрнини эгаллайди (суброгация). Ундирилган барча маблағлар полис эгалари жамғармасига тегишли бўлади.
10/7 Агар компания полис эгаларининг маблағларини Музораба асосида инвестиция қилса, музориб зиммасига тушадиган масъулиятни ўз зиммасига олади (“Музораба” тўғрисидаги 13-сонли шаръий меъёрга қаралсин). Агар компания уларни инвестицион вакиллик асосида инвестиция қилса, у ҳолда бунга ҳақ тўланадиган вакиллик ҳукмлари татбиқ этилади (“Вакиллик” тўғрисидаги 23-сонли шаръий меъёрга қаралсин).
10/8 Суғурта активлари талаб этилган суғурта товонларини тўлашга етмай қолган ва қайта суғурта компанияларидан олинган товон пуллари етарли бўлмаган тақдирда, компания ушбу камомадни суғурта жамғармаси ҳисобидан шариатга мувофиқ молиялаштириш орқали ёки фоизсиз қарз (қарзи ҳасан) ҳисобидан қоплаши жоиз. Муайян йилда юзага келган камомаддан келиб чиқувчи мажбуриятлар кейинги йиллардаги профицит (ортиқча маблағ) ҳисобидан қопланади. Шунингдек, агар иштирокчилар суғурта полисида буни ўз зиммаларига олган бўлсалар, компания улардан камомадни қоплайдиган миқдорда маблағ талаб қилиши ҳам жоиз.
10/9 Суғурта фаолияти билан боғлиқ барча харажатлар ва воситачилик ҳақлари (комиссиялар) суғурта ҳисобварағи (жамғармаси) ҳисобидан қопланади.
10/10 Иштирокчилар учун манфаатни таъминлаган ҳолда, шариатда белгиланган сулҳ аҳкомларига мувофиқ, компания билан зарарга сабабчи бўлган шахслар ўртасида ўзаро келишув (сулҳ) тузилишига шаръан ҳеч қандай монелик йўқ.
11. Суғурта товони (компенсация):
11/1 Иштирокчига зарар қиймати ва суғурта суммасидан қайси бири камроқ бўлса, ўша миқдор товон сифатида берилади ва бу низомларда белгиланганига мувофиқ амалга оширилади.
11/2 Ҳам суғурта товонини, ҳам зарар туфайли бошқа шахс зиммасидан иштирокчи фойдасига ундирилиши лозим бўлган ҳақни бир вақтда (жамлаб) олишга йўл қўйилмайди.
11/3 Айни бир зарар учун бир нечта суғурта компанияларидан икки ёки ундан ортиқ товон олишга йўл қўйилмайди.
11/4 Мол-мулк суғуртасида товон – низомларда қайд этилганига мувофиқ – фақат иштирокчига етган зарар (талафот) билан чекланади. Товон миқдори ҳақиқий зарардан келиб чиққан ҳолда тўғри/асосли баҳоланиши мумкин бўлган иккиламчи зарарларни ҳам ўз ичига олади.
12. Суғурта профицити:
12/1 Суғурта профицити суғурта жамғармаси активларининг бир қисми бўлиб, уни тасарруф этиш 5/5-банд қоидаларига мувофиқ амалга оширилади.
12/2 Профицитни ёки унинг бир қисмини полис эгаларига тақсимлаш қуйидаги усуллардан бири орқали амалга оширилади, бунда танланган усул низомларда белгилаб қўйилиши шарт:
12/2/1 Молиявий давр (йил) давомида суғурта товонини олган- олмаганидан қатъи назар, полис эгаларига уларнинг бадалларига мутаносиб равишда тақсимлаш.
12/2/2 Молиявий даврда суғурта товонини олмаган полис эгаларига тақсимлаш – товон олган шахслар бундан мустасно.
12/2/3 Молиявий давр мобайнида полис эгаларига тўланган товон пуллари чегириб ташланганидан кейин қолган миқдорни улар ўртасида тақсимлаш.
12/2/4 Муассасанинг Шариат назорат кенгаши томонидан маъқулланган бошқа бирор усул орқали тақсимлаш.
13. Суғурта полисининг тугаши:
Суғурта полиси қуйидаги ҳолатлардан бири юз берганда ўз кучини йўқотади:
13/1 Суғурта полисида келишилган муддатнинг якунланиши билан. Мол-мулк суғуртасида, агар иштирокчи шартнома муддати тугашидан маълум вақт олдин шартномани узайтирмаслик (янгиламаслик) истаги тўғрисида компанияни хабардор қилмаса, шартнома автоматик равишда янгиланишини назарда тутиш жоиз.
13/2 Полисда компания ёки иштирокчининг (шартномани) бир томонлама бекор қилиш ҳуқуқи белгиланган бўлса, ушбу ҳуқуқ эгаси томонидан бекор қилиниши билан.
13/3 Мол-мулк суғуртасида суғурталанган нарсанинг бутунлай нобуд бўлиши (тўлиқ йўқ бўлиб кетиши) билан. Бу иштирокчининг шартномада белгиланган шартларга мувофиқ товон олиш ҳуқуқига дахл қилмайди.
13/4 Шахслар суғуртасида (ҳаёт суғуртасида) суғурталанган шахснинг вафот этиши билан. Бунда манфаатдор шахснинг (бенефициарнинг) шартномада белгиланган шартларга мувофиқ суғурта тўловларини олиш ҳуқуқига путур етмайди.
14. Меъёр чиқарилган сана:
Ушбу меъёр ҳижрий 1427 йил 12-жумадул аввал (мил. 2006 йил 5-январ) куни чиқарилган.
Таржимон:
Муҳиддин Бектемиров, AAOIFIнинг CSАА ва CPFAS сертификатлари соҳиби
Муҳаррир:
Жаҳонгир Имамназаров
Иқтисодиёт фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)
“Ислом молияси” лойиҳаси ҳамасосчиси