AAOIFI шаръий меъёри №24:
СИНДИКАТ МОЛИЯЛАШТИРИШ
Муқаддима
Ушбу меъёрнинг мақсади Ислом молия муассасалари ўртасида ёки улар билан анъанавий банклар ўртасида амалга ошириладиган синдикат молиялаштириш амалиётларини баён этишдан иборат.
Аллоҳ таоло муваффақият берувчидир.
Меъёрнинг матни
1. Меъёрнинг қамрови (амал қилиш доираси)
Ушбу меъёр ислом молия муассасалари ўртасида ёки улар билан анъанавий банклар ўртасида амалга ошириладиган синдикат (томонидан) молиялаштириш амалиётларини қамраб олади. Шунингдек иштирок этувчи барча муассасалар ўртасидаги ҳамда муассасалар билан мижозлар ўртасидаги муносабатларни баён қилади.
2. Синдикатлашган банк молиялаштиришининг таърифи:
Синдикат молиялаштириш — бир гуруҳ муассасаларнинг биргаликда шаръан рухсат этилган инвестиция шаклларидан бири асосида қўшма молиялаштиришда иштирок этишидир. Ушбу амалиёт даврида синдикат молиялаштириш учун иштирокчи муассасаларнинг ҳисобварақларидан алоҳида бўлган мустақил ҳисобварақлар юритилади.
3. Синдикат молиялаштиришнинг предмети/объекти:
Синдикат молиялаштиришининг предмети шариатга мувофиқ инвестиция фаолиятини молиялаштириш бўлиши шарт. Унинг таркибида тақиқланган фаолият тури ёки хизматлар бўлмаслиги лозим.
Синдикат молиялаштириш тўлиқ ёки қисман шариатда тақиқланган фаолият-хизмат турларига ёхуд рибовий (фоизли) молиялаштиришга асосланиши жоиз эмас.
4. Мижозларга синдикат молиялаштириш тақдим этиш шакллари:
(Синдикат) Молиялаштириш мижозларга шариатда рухсат этилган инвестиция шакллари асосида тақдим этилиши шарт, жумладан:
4/1 Насияга ёки тақсит асосидаги Мусавама ёки Муробаҳа савдо битимлари орқали;
4/2 Ижара ва Ижара Мунтаҳия Биттамлик орқали;
4/3 Салам ёки Параллел Салам орқали;
4/4 Истисна ёки Параллел Истисна орқали;
4/5 Музораба орқали;
4/6 Ўзгармас (доимий) ёки камайиб борувчи Мушорака орқали;
4/7 Музораъа, Мусоқат ва Муғораса орқали;
4/8 Инвестиция Сукуклари ёрдамида.
5. Ислом молия муассасаларининг анъанавий банклар билан синдикат молиялаштиришида иштирок этиши:
5/1 Асл қоида бўйича, синдикат молиялаштириш ислом молия муассасалари ўртасида амалга оширилиши керак.
5/2 Агар иштирок этиш ҳам, молиялаштириш ҳам шариатда жоиз бўлган исломий молиялаштириш шакллари асосида амалга оширилса, анъанавий банкларнинг ислом молия муассасалари билан бирга синдикат молиялаштиришда иштирок этишида шаръан монелик йўқ.
5/3 Асл қоида бўйича синдикат молиялаштиришга Ислом молия муассасаларидан бири раҳбарлик қилиши керак. Бироқ, агар шартномалар шариатга мувофиқ бўлса ҳамда фаолият ва молиялаштириш тури шариат ҳукмлари ва тамойилларига мувофиқ тарзда амалга оширилса, анъанавий банклардан бирининг синдикат молиялаштириш жараёнига (лойиҳасига) раҳбарлик қилиши, амалиётни бошқариш механизмлари ва шартларини мустақил равишда ёки ислом молия муассасалари билан ҳамкорликда/биргаликда ишлаб чиқиш ташаббуси билан чиқишида шаръий монелик йўқ.
5/4 Синдикат молиялаштиришни ташкил этиш, амалга ошириш ва назорат қилиш молиялаштиришда иштирок этаётган/қатнашаётган муассасаларнинг Шариат кенгашлари назорати остида бажарилиши шарт. Бундай кенгаш аъзоларидан иборат қўшма кенгаш ташкил қилиш мақсадга мувофиқ бўлиб, унинг қарорлари ўша муассасалар учун мажбурий ҳисобланади.
5/5 Бир лойиҳанинг муайян қисми Ислом молия муассасалари томонидан синдикат молиялаштириш тақдим этилишига, қолган қисми эса бошқа муассасалар томонидан анъанавий молиялаштириш усуллари асосида молиялаштирилишига қуйидаги шартлар асосида монелик йўқ: ҳар икки турдаги молиялаштириш ҳисобварақлари бир-биридан ажратилган бўлиши; иккала молиялаштириш ҳисоб-китоблари, ҳар бирининг бошқарув усули ва идора қилиниши алоҳида-алоҳида бўлиши шарт.
Шуни эслатиш жоизки, рибо (судхўрлик) асосида қарз бериш ва олиш шариатда қатъиян тақиқланган ҳаром бўлиб, бу ишнинг масъулияти уни амалга оширган шахснинг зиммасида бўлади.
6. Синдикат молиялаштириш томонлари ўртасидаги муносабатларнинг шариатга мувофиқ шакллари:
Муассасаларнинг синдикат молиялаштиришдаги иштироки қуйидаги усуллардан бири асосида амалга оширилиши мумкин:
6/1 Музораба: раҳбар ёки бошқарувчи муассаса музориб вазифасини бажаради ва Музораба шартномаси шартларига кўра амалиётларни якка ўзи бошқаради. [“Музораба” тўғрисидаги № (13) сонли шаръий меъёрга қаралсин]
6/2 Музорабанинг музорибга ўз маблағини музораба капитали билан аралаштиришга/қўшишга рухсат берилган шакли. [“Музораба” тўғрисидаги № (13) сонли шаръий меъёрнинг 8/9-бандига қаралсин]
6/3 Мушорака: муассасалар молиялаштиришни биргаликда амалга оширадилар, ҳар бир муассаса қўшган ҳиссасига мутаносиб равишда зарарни ўз зиммасига олади; фойда эса ўзаро келишувга мувофиқ тақсимланади. Бундай ҳолатда муассасалар бошқарув учун қўшма қўмита тузишлари ёки муассасалардан бирига шерикчиликни бошқариш ваколатини топширишлари мумкин. Иккинчи ҳолатда бошқарувчи муассасанинг фойдадаги улушини ошириш ёки шерикчилик шартномасидан алоҳида тузилган бошқарув шартномаси тузиш орқали муайян ҳақ белгиланиши мумкин. [“Ширкат (Мушорака) ва замонавий корпорациялар” тўғрисида № (12) сонли шаръий меъёрга қаралсин]
6/4 Маълум ҳақ эвазига вакиллик: вакиллик алоҳида шартнома асосида бўлиши, бажариладиган иш кўлами аниқ тавсифланган ва вақти/муддати белгиланган бўлиши шарт. Вакил, фойда олиниши ёки олинмаслигидан қатъий назар, келишилган хизмат ҳақи (ужра) олиш ҳуқуқига эга бўлади. Шунингдек, агар фойда олдиндан белгиланган чегарадан ошса, вакилга қатъий сумма ёки фойданинг маълум фоизи миқдорида рағбатлантириш мукофоти (бонус) белгиланиши мумкин. Бироқ, агар муассасанинг молиялаштиришдаги иштироки бўйича фойдаси мавжуд бўлса, мазкур рағбатлантириш муассасанинг ушбу фойдага бўлган ҳуқуқига путур етказмаслиги лозим. [“Вакиллик ва ваколатсиз тасарруф (фузулий тасарруфи)” тўғрисида № (23) сонли шаръий меъёрга қаралсин]
6/5 Бепул вакиллик: етакчи ёки бошқарувчи муассаса ўз иши эвазига ҳеч қандай ҳақ олмасдан амалиётни бошқаради. Фойда эса тўлиғича молиялаштирувчи томонлар ўртасида тақсимланади, бошқарувчи муассаса ҳам агар ҳиссадор бўлса, фойдадан ўзига тегишли қисмини олади.
7. Тайёргарлик ишлари ва комиссия тўловлари:
7/1 Бошқарувчи (етакчи) муассаса ўзи амалга оширадиган тайёргарлик ишлари, масалан, техник-иқтисодий асоснома (ТИА) тузиш, ташкил этиш, иштирокчиларни йиғиш, шартномаларни тайёрлаш ва ҳоказолар) учун комиссия тўлови олиши жоиз. Мазкур комиссия тўлови ҳақиқий харажатлар суммасига тенг, ундан кам ёки кўп бўлишининг, шунингдек, муассасага бошқарув юклатилган ёки юклатилмаган бўлишининг аҳамияти йўқ (6/4 ва 6/5 бандларга риоя қилиш лозим).
7/2 Мажбурият комиссияси (commitment fee) олиш жоиз эмас. [“Инвестиция Сукуки” тўғрисидаги № (17) сонли шаръий меъёрга ва “Музораба” тўғрисидаги № (8) сонли шаръий меъёрнинг 2/4/1-бандига қаранг]
8. Бошқарувчи муассасанинг жавобгарлиги ва кафиллиги:
8/1 Синдикат молиялаштириш амалиётининг бошқарувчиси омонатдор шахс мақомида бўлади, шунинг учун у асосий капитал (раъс ал-мал) учун жавобгар бўлмайди/кафолат бермайди (зомин бўлмайди), таъаддий (тажовуз), тақсир (бепарволик) ёки шартнома шартларини бузиш ҳолатлари бундан мустасно. [“Кафолатлар” тўғрисида № (5) сонли шаръий меъёрнинг 2/2/2-бандига қаранг]
8/2 Музораба ёки Мушарака асосида иш юритувчи бошқарувчи муассаса ўз шериклари ёки инвесторлар фойдасига қарздорлар учун кафиллик бериши, ёки уларнинг улушларини қайтаришда валюта курсларининг ўзгариши хатарини ўз зиммасига олиши жоиз эмас.
[“Кафолатлар” тўғрисида № (5) сонли Шаръий меъёрнинг 2/2/2 бандига ҳамда “Вакиллик ва ваколатсиз тасарруф (фузулий тасарруфи)” тўғрисида №23-сонли шаръий меъёрнинг “Ваколат ва кафолатни бирлаштириш” номли 5/2 бандига қаранг]
9. Валюта курслари:
9/1 Синдикат молиялаштириш учун муайян валюта белгиланиши шарт. Шу билан бирга, иштирокчи томонлар ўз улушларини синдикат валютасидан бошқа валютада тақдим этишлари ҳам мумкин, бироқ бунда улушлар тақдим этиш кунидаги жорий валюта курси бўйича молиялаштириш валютасига конвертация қилиниши лозим.
9/2 Иштирокчи муассасаларнинг ҳар бири ўзининг барча фойдаси ва ҳуқуқларини молиялаштириш валютасидан бошқа валютада, фойда ва ҳуқуқлар топширилган кундаги амалдаги валюта курси бўйича қабул қилиб олиши жоиз.
9/3 Инвестиция вакили, Мушорака ёки Музорабадаги томонлардан бири қолган иштирокчиларни валюта курсининг тебранишлари хатаридан ҳимоя қилиш мажбуриятини ўз зиммасига олиши жоиз эмас. [“Валюталар савдоси” тўғрисидаги № (1) сонли шаръий меъёрнинг 2/9/3-бандига қаранг]
10. Синдикат молиялаштиришдан чиқиш (Тахаруж):
10/1 Томонлар синдикат молиялаштириш якуний ҳисоб-китоб санасидан олдин чиқиб кетиш тақиқланадиган, ёпиқ шаклда бўлиши ҳақида келишиб олишлари жоиз.
10/2 Амалиёт тугатилишидан олдин иштирокчи муассасалардан бири битим шартларига мувофиқ ўз улушини учинчи шахсга ёки шерикларидан бирига сотиш орқали синдикат молиялаштиришдан чиқиб кетиши жоиз, фақат пул маблағлари ва қарзлар лойиҳа активларига (яъни асосий воситалар ва манфаатларга) ва молиявий ҳуқуқларга тобе бўлиши шарт. Аксинча бўлса, сарф (валюта айирбошлаш) ва қарз амалиётларига доир ҳукмларга риоя қилиш лозим бўлади. Шунингдек, улушни номинал қийматда (бошқа шахсга) ўтказиш ёки муайян миқдордаги фойдани кафолатлаш ҳақида олдиндан келишиб олиш жоиз эмас. [“Инвестиция сукуки” тўғрисида № (17) сонли ва “Қимматли қоғозлар (акция ва облигациялар” тўғрисидаги № (21) сонли шаръий меъёрга қаранг]
Таржимон:
Муҳиддин Бектемиров, AAOIFIнинг CSАА ва CPFAS сертификатлари соҳиби
Муҳаррир:
Жаҳонгир Имамназаров
Иқтисодиёт фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)
“Ислом молияси” лойиҳаси ҳамасосчиси