“Форекс савдосига рухсат берилганми?” деган савол бизга тез-тез келиб туради. Қуйидаги жавоб асосан форекс билан шуғулланаётган, буни режалаштираётган ёки ушбу соҳадан хабардор одамларга мўлжалланган. Форексга оид ибора ва атамаларни тушуниш, фиқҳий ҳукмларини ўрганиш ва бу масалада тўғри қарор қабул қилишни осонлаштириш мақсадида атамаларнинг бугунги кунда молиячилар ишлатаётган кўринишларини ҳам қолдиришга қарор қилдик. Шу сабабли баъзи тақиқлардаги мантиқни ҳам тушунтириб ўтишга ҳаракат қилдик.
Ушбу мақолани тайёрлашда биз 19 та мамлакатдан 35 та шариат уламоси аъзо бўлган Shariah Review Bureau томонидан ўтказилган Форекс бўйича батафсил тадқиқот натижаларидан фойдаландик. Мавзу юзасидан қўшимча маълумот олишни истаганлар тадқиқиқотнинг инглиз тилидаги тўлиқ матни билан танишиб чиқишлари мумкин.
Пул бирликлари савдоси
AAOIFI (Ислом молияси соҳасида халқаро стандартларни ишлаб чиқиш билан шуғулланувчи ташкилот) бугунги кунда барча давлатлар томонидан фойдаланиб келинаётган пул бирликларини олтин ва кумуш билан бир мавқедаги замонавий айирбошлаш воситаси сифатида баҳолайди. Бу пул бирликлари ҳақиқий пул (араб тилида thaman haqiqi, инглиз тилида real money) деб ҳисоблангани сабабли, улар ҳам олтин ва кумуш учун амал қиладиган қоидалар доирасида ишлайди.
Пул бирликлари савдоси бўйича AAOIFI қонун-қоидалари
Валюта, яъни пул бирликлари савдоси, агар қуйидаги шаръий қонун-қоидалар доирасида амалга оширилса жоиздир.
- икки томон, яъни пул айирбошловчи томонлар тарқалиб кетишларидан аввал қарама-қарши қийматларга эга бўлишлари керак, яъни алмашув дарҳол (жойида, “қўлма-қўл”) амалга оширилиш лозим (бу амалий эгалик бўладими ёки назарий бўладими, буни аҳамияти йўқ);
- бир мамлакат пул бирлиги доирасида амалга оширилган алмашувда эса, биттаси қоғоз пулда, иккинчиси танга пулда бўлса ҳам бир хил қийматга эга бўлиши (яъни бир бирига тенг бўлиши) шарт;
- алмашув битими айирбошланаётган пул бирликларидан бири ёки ҳар иккиси ҳам кейинроқ берилишини кўзда тутувчи шартларни ўз ичига олиши мумкин эмас.
Изоҳ: Валюта айирбошлаш амалиёти кучга эга бўлиши учун айирбошлаш қўлма-қўл (жойида) бўлиши зарурий шарт ҳисобланади, айирбошланаётган пул бирликларидан бири ёки ҳар иккиси ҳам кейинроқ етказиб берилишини баъзи ҳуқуқшунослар фосид (яъни, шубҳали ёки баҳсли амалиёт), жумҳур уламолар эса ботил (яъни, нотўғри ёки қонуний кучга эга бўлмаган амалиёт) деб баҳолайдилар. Аммо барча олимлар ижмо қилган масала шуки, пул бирликларини айирбошлашда улардан бирини етказиб беришни кечиктириш жиддий шаръий муаммо, яъни жинси бир бўлган рибовий маҳсулотларни айирбошлашнинг кечикишида юзага келадиган рибо ан-насияни келтириб чиқаради.
Ҳозирги пайтда Ислом молия муассасалари томонидан ўтказиладиган хорижий валюталарни айирбошлаш амалиётида пул бирлиги сотилгандан сўнг иккинчи пул бирлигининг келиб тушиши шу куннинг ўзида ниҳоясига етказилмайди. Иккинчи тўлов Т+2 (two days after the transaction date – амалиётдан сўнг икки кун ичида) амалга оширилади. Бу эса рибога оид юқоридаги асосий қоидага тўғри келиш-келмаслиги юзасидан савол келтириб чиқаради. Бу савол юзасидан Малайзия Марказий банки Шариат кенгашининг 2003 йил 28 августдаги 38-мажлиси Т+2 кўринишидаги амалиётларни жоиз деган қарор чиқарди. Бундай амалиёт икки кун ичида амалга оширилсада қўлма-қўл (спот) амалиёт деб саналади ва ислом молия муассасаси амалиётни 48 соат ичида якунлаши лозим бўлади. Т+2 усулида айирбошлашни амалга ошириш тадбиркорлик юритиш урфи (араб тилида уруф тижари дейилади) сифатида кенг қўлланилади ва қабул қилинади. Шуни инобатга олган ҳолда, Ислом ҳамкорлик ташкилоти қошидаги Ислом фиқҳи академияси ҳам агар айирбошланаётган валюталарни томонларга етказиб беришнинг кечикиши одатий (яъни урф бўлиб қолган) муддатлардан ошиб кетмаса бундай амалиёт жоиз деган хулосага келган.
Форекс нима?
Форекс савдоси, бу бир вақтнинг ўзида бир пул бирлигини харид қилиш ва бошқа бир пул бирлигини сотиш амалиётидир. Ушбу савдо амалиёти брокер (даллол) ёки дилер (олиб сотар) орқали ва жуфт-жуфт ҳолда (яъни валюталар жуфтлигида) амалга оширилади. Форекс бозори жуда катта миқдорда пул бирликлари савдоси амалга ошириладиган жойдир. Форекс бозорининг бир кунлик (!) савдо кўлами тахминан 5 трлн. АҚШ долларига тенг.
Валюталар савдоси турли мақсадларда, шу жумладан реал иқтисодиёт эҳтиёжлари учун маҳсулот сотиб олиш (импорт қилиш), валюталар курси билан боғлиқ хатарларни бартараф қилиш мақсадида (hedging) бирор-бир валютани пулини кейин бериш шарти билан харид қилиш шартномаси тузиш (опцион, фьючерс ва форвард), хорижий валютада сармоя киритиш ёки чайқов амалиёти олиб бориш учун амалга оширилади. Форекс савдоси доирасида турли молиявий воситалардан фойдаланилади.
Тафовут бўйича битим (Contract for Differences – CFD)
Ушбу битим форекс бозоридаги жуда кенг тарқалган чайқов амалиёти бўлиб, уни кўпчилик форекс бозори даллоллари таклиф қилишади. Бу битим одатда чакана валюта бозорида (яъни биржада) чайқов амалиёти билан шуғулланмоқчи бўлган сармоядор шахс, ҳамда брокер (биржадаги “даллол”) ўртасида тузилади. Бу битим доирасида ҳеч қандай пул бирлиги харид қилинмайди ҳам, сотилмайди ҳам, яъни бу чайқов амалиёти доирасида ҳақиқий валюта алмашинуви умуман содир бўлмайди. Барча битимлар амалда эмас, фақат компьютердаги ёзувлар кўринишида амалга оширилади. Бундай битим иштирокчиларининг мақсади валюта олиш ёки сотиш эмас, балки бирор бир валютанинг муайян вақт оралиғидаги бошқа бир валютага нисбатан нархи ўзгаришида, яъни валюта курслари ўртасидаги тафовут устида пул ишлашга ҳаракат қилишдир (бу битим амалда қандай ишлашини соҳа мутаҳассислари яхши билишади, шу сабабли буни тушунтириб ўтирмадик).
Тафовут бўйича битим юзасидан шариат ҳукми
Шаръий жиҳатдан тафовут бўйича битим асосида ишлаш жоиз эмас, чунки бунда:
- Мавжуд маҳсулот устида олиб бориладиган ҳақиқий савдо эмас, балки мавжуд бўлмаган маҳсулот устида чайқов (спекуляция) амалиёти бор;
- Ғарар (мавҳумлик) бор, чунки бу турдаги амалиётнинг натижаси аниқ эмас, масалан ҳақиқий савдода сотилаётган мол ҳам, олинаётган мол ҳам аниқ, молнинг нархи ҳам аниқ, савдогарнинг мақсади ҳам молни маълум нархда олиш ёки сотиш, пул бирликларининг нархи ўзгаришига пул тикиш эмас;
- Қимор аломатлари бор, чунки бу турдаги “савдо” амалиётида бир томон иккинчи томонга қарши пул тикади, бу эса бир томоннинг ютуғи, иккинчи томоннинг мағлубияти эвазига таъминланади дегани.
Фьючерс форекси
Ушбу битим ҳам валюта чакана бозорида кенг тарқалган чайқов амалиёти бўлиб, уни кўпчилик валюта бозори даллоллари таклиф қилишади. Форекс ёки хорижий валюталар бўйича битим, муайян пул бирликларини маълум бир нархда келажакда (маълум бир санада) харид қилиш ёки сотиш бўйича тузиладиган шартномага айтилади.
Фьючерс форекси юзасидан шариат ҳукми
Фьючерс шартномасида қарама қарши қийматлар, яъни олди-сотди қилинаётган пул бирликлари йўқ, бу ваъда алмашинувидир. Бу турдаги савдода қарама қарши қийматлар алмашинуви келажакда амалда оширилиши кўзда тутилганлиги сабабли, бунда бир қарз иккинчи қарзга алмаштирилади холос. Бундай савдо “bay’ al-kali bil kali”, яъни “икки кечиктирилган қарама қарши қийматлар савдоси” деб аталади. Қарама қарши қийматлар алмашинуви кечиктирилган бўлганлиги учун бевосита битимнинг амалга ошиши ҳам кечикади. AAOIFIнинг бу масаладаги қарорига (стандартига) мувофиқ, бундай шартномалар ҳуқуқий жиҳатдан кучга эга эмас, чунки бунда икки қарама қарши қийматлар дарҳол алмашилиши кераклиги ҳақидаги асосий шаръий қоидага амал қилинмайди. Фьючерс форекси, ҳатто томонларнинг ҳеч бўлмаганда биттаси савдо бўлаётган қийматга эга бўлиши керак деган фикрни илгари сурадиган ислом уламолари наздида ҳам шариат талабларига жавоб бермайди, чунки бунда бирор тараф битим тузилган пайтда қарши қийматга эга бўлмайди.
Опцион форекси
Option инглизча сўз бўлиб, ўзбек тилига “танлаш имконияти/ ҳуқуқи/ ихтиёри/ эркинлиги” деб таржима қилиш мумкин, option сўзи бизга рус тили орқали опцион бўлиб кириб келган. Келинг аввало ушбу молиявий воситанинг маъносини тушуниб оламиз.
Биринчидан, бу ўзи билан ҳам, ўзини ҳам олди сотди қилса бўладиган молиявий воситадир (инструмент).
Ушбу молиявий воситанинг маъноси шундаки, бунда сиз келажакдаги маълум бир вақт оралиғида (яъни муайян бир давр мобайнида) бирор бир савдо амалиётини ўзингиз учун маъқул бўлган нархда амалга ошириш имкониятини сотиб оласиз.
Уни асосан брокерлар хусусий сармоядорларга чакана савдо майдонларида (биржада) чайқов амалиётлари ўтказиш воситаси сифатида таклиф қилишади.
Опцион форекси юзасидан шариат ҳукми
Опционлар масаласида Ислом ҳамкорлик ташкилоти қошидаги Ислом фиқҳи академияси қуйидагича қарор чиқарган:
“Бугунги кунда молия бозорларида қўлланаётган опцион шартномалари янги турдаги битимлардан бўлиб, мавжуд бўлган бирорта шаръий битимлар талабига жавоб бермайди, чунки бунда савдо моли сифатида на пул бирлиги, ва на воз кечилиши мумкин бўлган фойда ёки молиявий ҳуқуқ бор, шу сабабли бундай битим шариатимизга зид”.
AAOIFI ҳам ўзининг “Уюшган бозорларда (товар биржаларида) маҳсулот сотиш тартиби” деб номланувчи 20 рақамли стандартида опцион савдосини жоиз эмаслигини кўрсатиб ўтган.
Forex Spread betting (FSB)
CFD га ўхшаш ва ҳудди CFD каби шариат нуқтаи назаридан қимор ҳисобланувчи, демакки тақиқланган, инглиз тилида Forex Spread Betting – FSB деб аталувчи яна бир молиявий маҳсулот борки, бунда ҳам бирор бир ҳақиқий олди-сотди битими амалга оширилмайди. Бунда ҳам мақсад валюталар курси ўзгариши (тафовути)га пул тикиб, яъни чайқов амалиёти устида пул ишлаш бўлгани учун, ушбу молия маҳсулотини ўзбек тилига Валюталар курси тафовутига пул тикиш деб таржима қилса бўлади (таржима бироз ғализроқ бўлса ҳам ушбу молия маҳсулоти маъносини ифодалаб беради деб умид қиламиз).
Спот-форекс
Бир қанча ҳужжатларни ўрганиб, кўплаб брокер ва трейдерлар фикри билан танишиб чиқиб, спот-форекс юзасидан қуйидаги хулосаларни эътиборингизга ҳавола қилмоқчимиз. “Спот-форекс”нинг маъноси жойида амалга ошириладиган валюта савдосидир. Ушбу молия маҳсулотининг икки тури бор:
- Спекулятив, яъни чайқов мақсадидаги спот-форекс;
- Амалий спот-форекс
Спекулятив спот-форекс, бу маълум миқдордаги валютани бошқа бир валютага олдиндан келишилган айирбошлаш курси бўйича икки иш кунида (Т+2) алмаштириш ҳақидаги келишувдир. Ушбу битим ҳам валюталарни айирбошлаш мақсадида эмас, балки чайқов амалиёти орқали даромад қилиш учун тузиладиган битимлардандир. Ундан ташқари, бу битим икки иш куни ичида амалга оширилиши кўзда тутилганлиги учун, молиячи даллоллар (брокерлар) биринчи кундан иккинчи кунга ўтар кечаси битим доирасидаги валюталар устидан фоиз ишлашади, бу амалиёт overnight деб аталади (overnight – пулни бир кечага фоизга бериб пул ишлашдир).
Спекулятив спот-форекс юзасидан шариат ҳукми
Спекулятив спот-форекси доирасида ҳам реал валюта сотиш ёки сотиб олиш кўзда тутилмайди. Ушбу битим ҳам Тафовут бўйича битимга (CFD) ўхшашдир, бунда ҳам айирбошланган маблағ қўлга киритилмайди, балки фақат амалиёт натижасидаги фарқ олинади ва шу сабабли бу чайқов амалиёти ҳисобланади. Ундан ташқари бунда рибо ҳам бор (overnight). Шулардан келиб чиққан ҳолда ушбу битим ҳам шаръан ҳалол бўлмаган битимлардан ҳисобланади.
Амалий спот-форекс (Physical Forex)
Амалий спот-форекс, валюталарнинг нақд ёки нақд бўлмаган шаклда айирбошлашдир. Бу энг оддий ва оммабоп айирбошлаш амалиёти бўлиб, икки томон ўртасида муайян курсда, қўлма-қўл айирбошлаш шарти билан бир пул бирлиги сотилиб, бошқа пул бирлиги харид қилинишини англатади. Бундай қўлма-қўл айирбошлаш урфга кўра одатий муддатлардан ошиб кетмаган ҳолда шу куннинг ўзида, эртасига ёки Т+2 усулида (юқорида айтиб ўтилди) амалга оширилиши мумкин.
Масалан, Фунт стерлинг сотиб АҚШ доллари сотиб олмоқчи бўлган одам ҳисоб рақамидан брокерга керакли маблағни ўтказади. Брокер энг яхши айирбошлаш нархини топади ва олди-сотди амалга оширилади. Брокер мижозининг ҳисоб рақамидаги пулни иккинчи тарафга ўтказади. Олди-сотди рақамли (электрон) тарзда амалга оширилади. Иккинчи тараф валютани дарҳол ёки кун охирида, баъзи ҳолларда эса кейинги иш кунида ўтказиши мумкин. Иккинчи тарафдан валюта келиб тушиши билан брокер мижозининг ҳисоб рақамига пулни ўтказади ва айирбошлашни охирига етказади.
Амалий форекс юзасидан шариат ҳукми
Бундай айирбошлашни таклиф қилаётган ташкилот брокер (даллол) вазифасини бажаради. Ушбу ташкилот қатъий белгиланган миқдорда ёки амалга оширилган алмашув миқдоридан келиб чиққан фоиз кўринишида хизмат ҳақи олиши жоиз ҳисобланади. Амалий форексда сотиб олинаётган маблағ брокерга келиб тушиши билан эгалик қўлга киритилган ҳисобланади. Рақамли (электрон) валюта айирбошлашда, нақд пулдан фарқли ўлароқ, кечикиш муайян ва узрли сабабларга кўра бўлади деб ҳисобланади. T+2 усулида айирбошлашда кечикиш давлатлар ўртасида қонунчилик, бошқарув, технологик ва тадбиркорлик фаолиятини юритишдаги фарқлар сабабли келиб чиқади деб эътироф этилади. Бир тизим тезроқ, иккинчиси секинроқ ишлаши, турли минтақаларда вақт тафовути ва бошқа сабаблар айирбошлаш кечикишига сабаб бўлиши мумкин. AAOIFI стандарларига кўра ушбу турдаги айирбошлаш амалиёти жоиз ҳисобланади.
3 comments
Жуда яхши тушунтирилибди. Рахмат сизларга.
Kripto aktivlar haqida ham yozsangiz iltimos
Assalamu alaykum.
“Libertex International Company Limited” bu forexning qaysi turiga kiradi. Joiz yoki tavsiya qilinmaydimi?