AAOIFI Шаръий меъёри № 22:
КОНЦЕССИЯ ШАРТНОМАЛАРИ
Меъёрнинг матни
6. Лойиҳаларни қуриш концессияси шартномалари (қурилиш концессияси):
6/1 Қурилиш концессиясининг таърифи ва шакллари:
6/1/1 Қурилиш концессиясининг таърифи:
Қурилишга оид концессия шартномаси — давлат ва бошқа бир томон ўртасида асосан ижтимоий инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш бўйича тузиладиган шартнома бўлиб, бундай лойиҳалар олдиндан белгиланган муайян техник талабларга мувофиқ амалга оширилади.
6/1/2 Қурилиш концессиясининг шакллари/кўринишлари:
6/1/2/1 Концессия эгаси давлатга қарашли ерда белгиланган тавсифларга/хусусиятларга эга бўлган лойиҳани барпо этади. Лойиҳа давлат мулки ҳисобланади, ундан фойдаланиш ҳуқуқи маълум муддат давомида концессия эгасига тегишли бўлади. Ушбу муддат тугагач, фойдаланиш ҳуқуқи давлатга қайтарилади.
6/1/2/2 Концессия эгаси давлатга тегишли ерда муайян тавсифларга эга лойиҳа (объект)ни барпо қилади ва бу лойиҳа унинг мулки ҳисобланади. Кейин у маълум муддат давомида ундан фойдаланади, сўнгра лойиҳа иншоотлари бўйича мулк ҳуқуқини давлатга ўтказиб беради.
6/1/2/3 Концессия эгаси давлатга тегишли ерда маълум тавсифларга эга лойиҳани барпо этади, лойиҳа доирасида барпо этилган иншоотлар давлат мулки ҳисобланади. Икки томон келишувга кўра маълум муддат давомида лойиҳадан олинадиган даромадларга шерик бўладилар (яъни ўзаро тақсимлаб олишади). Белгиланган муддат тугагач, лойиҳа концессия эгасининг мулкига ўтказилади.
6/1/3 Юқоридаги 6/1/2 бандда кўрсатилган учала ҳолатда ҳам концессия эгасига лойиҳа хизматларини оммага тақдим этгани учун тўлов ёки йиғимлар ундириш ҳуқуқи берилади.
6/2 Қурилиш концессиясига оид шартномаларнинг шаръий тавсифи:
Қурилиш концессиясига оид шартномаларнинг шаръий тавсифи қуйидагиларга кўра турлича бўлади:
6/2/1 Агар концессия эгасининг мажбурияти ҳам қурилиш ишларини бажариш, ҳам хом ашё (қурилиш материаллари) билан таъминлашни ўз ичига олса, бу шартнома истисна шартномаси ҳисобланади. Бу энг кўп учрайдиган шаклдир. Бунда истисна нархи концессия эгасининг лойиҳа (иншоот)ни давлатга топширгунга қадар ундан маълум муддат фойдаланишидан иборат бўлади.
6/2/2 Агар лойиҳа/иншоот давлатдан ижарага олинган ерда барпо этиладиган бўлса ва ернинг ижара ҳақи сифатида лойиҳанинг ўзи маълум муддатдан кейин давлатга топшириладиган бўлса, у ҳолда бу шартнома ернинг ижараси ҳисобланади. Бунда ижара ҳақи – келишилган муддатда топшириладиган лойиҳа/иншоотнинг айнан ўзи бўлади.
6/3 Қурилиш ишлари учун тўланадиган ҳақнинг шаръий тавсифи/кўриниши:
6/3/1 Агар иншоот-лойиҳани қуриш қиймати ундан фойдаланиш ҳуқуқи билан белгиланадиган бўлса, ушбу шартнома истисна ҳисобланади ва унинг нархи барпо этилган иншоотни буюртмачига топширишдан олдин маълум муддат ундан фойдаланиш ҳуқуқидан иборат бўлади.
6/3/2 Агар иншоот-лойиҳани барпо этиш қиймати аниқ сумма кўринишида белгиланадиган бўлса, иншоот ундан тушадиган даромадлар ҳисобидан ўз ҳақини олишни таъминлаш (кафолатлаш) мақсадида маълум муддат концессия эгаси тасарруфида/ихтиёрида қолдирилади. Бунда у шартнома суммаси ва лойиҳа даромадлари ўртасида ўзаро ҳисоб-китоб қилиш ҳуқуқига эга бўлади. Агар у белгиланган муддат тугамасдан ўз ҳақини тўлиқ олса, иншоот-лойиҳани ўз эгасига қайтаради. Агар ушбу муддат ичида концессия эгаси ўз ҳақини тўлиқ ололмаса, ҳақ тўлиқ ундирилгунига қадар унда таъминот ҳуқуқи сақланиб турадиқолади.
7. Муассасалар томонидан [табиий бойликлардан] фойдаланиш концессия шартномаларининг қўлланилиши:
Муассасалар фойдаланиш бўйича концессия шартномаларини давлат билан бевосита муносабат ўрнатиш орқали ёки давлат ҳамда концессия эгаси ўртасида учинчи тараф сифатида иштирок этиш йўли билан, қуйидаги шартномавий шаклларидан бирини қўллаган ҳолда амалга оширишлари мумкин:
7/1 Жуъала:
Жуъала ёки параллел жуъала шартномаси қўлланилиши мумкин. Бунда мукофот (жуъл) сифатида концессия эгасига ишлаб чиқарилган маҳсулотнинг маълум улуши белгиланади.
7/2 Ижара:
Ижара шартномаси қўлланиши мумкин. Бунда давлат муайян ер майдонини концессия эгасига ижарага беради ва ижара ҳақи қазиб олинадиган маҳсулотнинг маълум улушини ташкил этади. Шунингдек, концессия эгаси лойиҳани амалга ошириш учун ер майдонини бошқа шахсга ижарага бериши ҳам мумкин (субижара/қуйи-ижара).
7/3 Музораба:
Музораба шартномаси қўлланиши мумкин. Бунда давлат ер майдонини ундан фойдаланиш учун концессия эгасига топширади ва фойдадан ҳар икки тараф учун маълум улуш белгиланади.
Муассасалар ушбу муносабатни бевосита ёки иккиламчи (параллел) музораба орқали амалга оширишлари мумкин.
7/4 Мушорака:
Табиий бойликлардан фойдаланишга оид концессия шартномаларида доимий ёки камайиб борувчи мушорака (шерикчилик) битимларини қуйидаги тартибда қўллаш мумкин:
7/4/1 Доимий мушоракада муассаса давлат ёки концессияни амалга оширувчи томон билан лойиҳани амалга ошириш учун зарур бўлган капиталга ўз улушини қўшиш орқали (шерик сифатида) иштирок этади ва шериклик белгиланган муддат якунига қадар давом этади.
7/4/2 Камайиб борувчи мушоракада муассаса лойиҳани амалга ошириш учун зарур бўлган капиталга ўз улушини киритиш орқали шерик сифатида иштирок этади. Бунда муассаса (ёки концессияни амалга оширувчи томон) ўз улушини босқичма-босқич давлатга сотиш мажбуриятини олади.
(давоми бор)
Таржимон:
Муҳиддин Бектемиров, AAOIFIнинг CSАА сертификати соҳиби
Муҳаррир:
Жаҳонгир Имамназаров
Иқтисодиёт фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)
“Ислом молияси” лойиҳаси ҳамасосчиси