Меъёрнинг матни
5. Муваккил (вакил қилувчи) ва вакилнинг мажбуриятлари:
5/1 Муваккилнинг мажбуриятлари:
5/1/1 Харид бўйича вакиллик битимида маҳсулот нархи ва у билан боғлиқ бошқа харажатлар муваккилнинг зиммасида бўлади. Шунингдек, у вакилга маҳсулот нархини ҳамда ташиш, сақлаш, солиқлар, техник хизмат кўрсатиш ва суғурта каби харажатларни тўлаб бериши лозим.Ушбу харажатларни вакилнинг зиммасига юклашни шарт қилиб қўйиш жоиз эмас. Агар вакиллик ҳақ эвазига бўлса, ушбу тўловларни кечиктириш ҳам жоиз эмас.
5/1/2 Ҳақ эвазига бўлган вакилликда муваккил вакилнинг ҳақини тўлаши шарт (тафсилотларини ўқиб чиқиш учун 4/2-бандга қаранг).
5/2 Вакилнинг мажбуриятлари:
Вакилликнинг қўлидаги (тасарруфидаги) мол-мулк омонат ҳисобланади ва у учун вакил зомин (жавобгар) бўлмайди. Вакил фақат тажовуз қилганида, эҳтиётсизлик (бепарволик)ка йўл қўйганида ёхуд вакиллик шартлари ва чекловларини бузган тақдирдагина зомин бўлади (зарарни қоплайди). Аммо шартномага хилоф иш тутиш муваккил учун фойдалироқ натижа келтирган ҳолатлар, масалан, белгиланган нархдан қимматроққа сотиш ёки белгиланган нархдан арзонроққа сотиб олиш бундан мустасно. (“Кафолатлар” тўғрисидаги 5-сонли шаръий меъёрнинг 2/2/2 бандига қаранг. Унда қуйидагилар қайд этилган:
«Вакиллик ва кафилликни битта шартномада бирлаштириш жоиз эмас, чунки уларнинг моҳияти бир-бирига зид. Шунингдек, инвестиция вакилидан кафолат талаб қилиш вакиллик амалиётини риболи (фоизли) қарзга айлантиради, чунки бунда сармоя кафолатланиб, шу билан бирга инвестициядан даромад ҳам олинади. Аммо вакиллик шартномасида кафиллик шарт қилинмаган бўлса, сўнгра вакил алоҳида шартнома асосида ўзи муомала қилаётган шахсга кафил бўлса, бу ҳолатда у вакил сифатида эмас, балки кафил сифатида [жавобгар] бўлади. Ҳатто у вакиллик вазифасидан бўшатилган тақдирда ҳам, кафил бўлиб қолаверади».)
6. Вакилга оид ҳукмлар:
6/1 Вакилнинг қариндошлари билан ва ўзи билан муомаласи (амалиётга киришиши):
6/1/1 Агар вакил ўзининг қарамоғида бўлмаган аждодлари (ота-онаси, бобо-бувилари) ёки авлодлари (фарзанд-набиралари), ёхуд турмуш ўртоғи билан муомала қилса (бошқа бир шахснинг вакили сифатида бирор амалиётни амалга оширса), ушбу тасарруф ғабн (адолатсизлик нарх тафовути) ёки муҳаба (ён босиш/ноўрин имтиёз) дан холи бўлса, дуруст ҳисобланади. Агар ғабн ёки тарафкашлик мавжуд бўлса ҳам, муваккилнинг изни билан бўлса, бундай тасарруф дуруст ҳисобланади.
6/1/2 Вакил ўзи билан ёки унинг васийлигида (қарамоғида) бўлган фарзанди билан, ёки шерикчилик ишидаги шериги билан шартнома тузиши жоиз эмас.
6/1/3 Вакил бир шартноманинг ҳар икки томонига вакиллик қила олмайди.
6/1/4 Вакил муваккил учун сотиб олган нарсасини муваккилдан сотиб олиши жоиз. Бу (савдо) вакилнинг таклифи (ийжоби) ва муваккилнинг қабули билан амалга ошади. Бунда икки томоннинг замонати (яъни маҳсулот бўйича хатар кимнинг зиммасида бўлиши) бир-бирига қоришиб/аралашиб кетмаслиги керак. Сотиб олингандан сўнг маҳсулот харидор сифатида вакилнинг замонатига ўтади (бу масала бўйича Муробаҳа тўғрисидаги 8-сонли шаръий меъёрнинг 3/1/5-бандига қаранг).
6/2 Шартноманинг ҳукми ва ундан келиб чиқадиган ҳуқуқлар:
Шартноманинг ҳуқуқий оқибатлари/натижалари муваккилга (масалан, масалан, мулк ҳуқуқининг ўтиши, мажбуриятларнинг юзага келиши), шартнома бўйича ҳуқуқлар эса (масалан, маҳсулотда нуқсон бўлса даъво қилиш ва ҳ.к.) вакилга тегишли бўлади. Шу билан бирга, муваккил мулк эгаси бўлганлиги сабабли мазкур ҳуқуқларни талаб қилиши мумкин. Эвазсиз (табарруъ/хайрия) шартномалар бундан мустасно, улар бевосита муваккилга нисбат берилиши лозим, улардан келиб чиқадиган ҳуқуқлар ҳам муваккилга тегишли бўлади.
6/3 Вакиллик шартларини бузиш:
6/3/1 Агар вакил муваккил ўрнатган чекловларни бузса, ва бу хатти-ҳаракат муваккил учун (у ўрнатган чекловлар натижасидан) афзалроқ/манфаатлироқ бўлмаса, шартнома муваккилнинг ижозатига (тасдиғига) боғлиқ бўлади. Бунда шартномани бузиш вакиллик объектига (мавзусига), унинг бир қисмига, нархига ёки нархнинг нақд ёки насия бўлишига тааллуқли бўлишининг, ёхуд эгаликка олиш (сотиб олиш) ёки мулк қилиб бериш (сотиш) билан боғлиқ бўлишининг фарқи йўқ. 8-бўлим ва 5/2-бандга қаранг.
6/3/2 Агар вакил харид қилишда белгиланган шартларни бузиб, маҳсулотни (ўртача) бозор баҳосидан юқори нархда ёки муваккил белгилаган нархдан юқори нархда сотиб олса, у харид қилган нарх билан (ўртача) бозор баҳоси ўртасидаги фарқни қоплашга мажбур бўлади.
Агар вакил сотишда белгиланган шартларни бузиб, маҳсулотни муваккил белгилаган нархдан паст нархда сотса, у фақат (ўртача) бозор баҳосидан кам бўлган қисмини тўлаб беради. У муваккил белгилаган нарх билан амалда сотилган нарх ўртасидаги барча фарқни тўлаб бермайди.
Масалан, музораба ёки инвестиция вакиллик шартномасида маҳсулотни камида маълум нисбатдан кам бўлмаган фойда билан сотиш шарти қўйилган бўлса, вакил (ёки музориб) айнан шу нисбатдаги фойда учун жавобгар бўлмайди. Унинг жавобгарлиги фақат (ўртача) бозор баҳосидан кам сотилган қисм билангина чекланади.*
* Таржимондан изоҳ: 2016-йил 1-октябрда Баҳрайн Қироллигида бўлиб ўтган AAOIFI Шаръий кенгашининг 45-сонли мажлисида қабул қилинган якуний қарорга кўра, ушбу меъёрдаги 6/3/2-бандида келган қоидага қуйидагича ўзгартириш (тузатиш) киритилган:
“Инвестиция бошқарувчиси (менежери)нинг жавобгарлиги” тўғрисидаги 56-сонли шаръий меъёр:
AAOIFI 56-шаръий меъёр
7/2 Агар сармоядор (раббул-мол) инвестиция бошқарувчисини муайян бир нархда сотишга вакил қилса-ю, у (бошқарувчи) муваккилнинг изнисиз ундан пастроқ нархда сотса, вакил ўзи сотган нарх ва белгилаб берилган нарх ўртасидаги фарққа зомин бўлади (яъни уни ўз ёнидан тўлаб беради).
6/4 Вакилнинг бошқа шахсни вакил қилиши:
Вакил бошқа шахсни ўзига вакил этиб тайинлаши жоиз эмас, фақат муваккил бунга рухсат берган тақдирдагина мумкин бўлади. Бундай ҳолда, вакил тайинлаган вакил (қуйи-вакил) асосий вакилнинг ваколатдан четлатилиши билан вакилликдан бўшатилмайди, муваккил уни четлатганидагина унинг ваколати тугайди.
6/5 Бир нечта вакилни тайинлаш:
Агар бир шартнома доирасида бир нечта вакил тайинланса, улардан ҳеч бири муваккилнинг рухсатисиз мустақил равишда тасарруф/ҳаракат қилишга ҳақли эмас. Агар уларни вакил этиб тайинлаш алоҳида шартномалар билан амалга оширилган бўлса, уларнинг ҳар бири алоҳида мустақил тасарруф/ҳаракат қилиш ҳуқуқига эга бўлади. Фақат муваккил уларнинг биргаликда ҳаракат қилишини/тасарруфни биргаликда амалга оширишини шарт қилиб қўйган бўлиши, бундан мустасно.
7. Вакилликнинг якунланиши:
7/1 Вакиллик шартномаси қуйидаги ҳолларда тугайди:
7/1/1 Вакилнинг ёки муваккилнинг вафот этиши, муомала лаёқатини йўқотиши, тўловга қобилиятсиз (банкрот) бўлиб қолиши ёки муассаса учун тугатиш (ликвидация) жараёнининг бошланиши натижасида.
7/1/2 Муваккил томонидан вакилнинг ваколатдан четлатилиши ёки вакилнинг ўзини ўзи четлатиши натижасида. Бунинг учун четлатиш ҳақида хабардор бўлиш шарт ҳисобланади.
Вакилнинг вакиллик вазифаларини бажаришдан бош тортиши ёки муваккилнинг иш якунланмасидан ёки ваколат муддати тугашидан олдин вакилни ушбу вазифаларни бажаришдан тўхтатиши оқибатида зарар юзага келган ҳолларда, вакилга тегишли ҳақ (ужра) ёки зарарнинг ўрнини қоплаш масаласи юзасидан 4/2/7-бандга мурожаат қилинади.
7/1/3 Агар вакиллик муайян бир иш учун бўлса, вакилнинг ваколат берилган ишни бажариши/якунига етказиши натижасида.
7/1/4 Ваколат берилган объект муваккилнинг мулкидан чиқиши ёки уни тасарруф этиш ҳуқуқини йўқотиши ёки муваккилнинг ўзи ишни бажариши ёки вакиллик мавзуси (предмети) йўқ бўлиши натижасида.
7/1/5 Вакилликнинг амал қилиш муддати автомат равишда тугаши учун шарт қилинган ҳодисанинг содир бўлиши натижасида.
7/1/6 Вақтинчалик вакилликда шартнома муддати тугаши билан. Бундай ҳолда, шартнома зарур бўлганда талаб қилинадиган муддатга узайтирилиши мумкин [4/3-бандга қаранг].
7/2 Бекор қилиб бўлмайдиган вакиллик ҳатто муваккил вафот этганидан ёки муассаса тугатилгандан кейин ҳам то вакиллик учун белгиланган иш (вакиллик мавзуси/предмети) якунига етгунига қадар давом этади.
8. Ваколатсиз тасарруф (фузулий тасарруфи):
8/1 Фузулий – бу вакил бўлмаган ёки шариат ҳукмига кўра (вакилликка) изн берилмаган ҳолда бошқа шахснинг ишларида тасарруф қилувчи шахсдир. Гарчи мазкур тасарруф ўта зарур ва шошилинч бўлмаган тақдирда ҳам, шунингдек фузулий (ваколатсиз шахс) гўёки ўз мол-мулкини тасарруф этаётгандек кўринса ҳам у ваколат берилмаган шахс ҳисобланади.
8/2 Фузулий шартномаси ҳуқуқ эгасининг тасдиғига (ижозатига) боғлиқ. Агар у ижозат берса, шартнома кучга киради, ижозат бермаса, шартнома ботил/бекор бўлади. Ҳуқуқ эгаси шартнома бекор қилингандан сўнг ижозат бера олмайди, балки у (худди шу мазмундаги янги) шартномани бошидан тузиши мумкин. Шунингдек, фузулий ҳам, у билан шартнома тузган шахс ҳам ижозат берилгунга қадар шартномани бекор қилиш ҳуқуқига эга. Агар ҳуқуқ эгаси фузулийнинг тасарруфига ижозат бермаса, ва фузулий тасарруфни амалга ошираётганда ўзининг фузулий эканини ошкор қилмаган ҳамда шартномани ўз номидан тузган бўлса, у ҳолда тасарруф фузулийнинг ўзига тегишли бўлади (яъни мазкур тасарруфнинг ҳуқуқий оқибатлари фузулийнинг ўзига тааллуқли бўлади, – таржимондан).
8/3. Ваколатсиз шахс (фузулий)нинг тасарруфига оид ҳукмлар молиявий шартномаларнинг барчасига татбиқ этилади. Булар эвазли шартномалар (масалан, сотиш ва сотиб олиш, ижарага бериш ва ижарага олиш) ҳамда эвазсиз битимлар (масалан, ҳадя қилиш)ни ўз ичига олади.Шунингдек мазкур ҳукмлар инвестиция вакиллик шартномаларида ҳам татбиқ этилади.
8/4 Агар актив/мулк эгаси шартномани маъқулласа/тасдиқласа, шартнома кучга киради ва унга вакиллик тўғрисидаги ҳукмлар татбиқ этилади. Бундай тасдиқлаш тасарруф (илк) содир этилган пайтдан бошлаб ҳуқуқий кучга эга ҳисобланади, яъни у ортга юрувчи ҳуқуқий таъсир кучига (ретроактив таъсирга) эга бўлади.
9. Меъёр чиқарилган сана:
Ушбу меъёр ҳижрий 1426-йил 23-рабиъул аввал (мил. 2005-йил 30-апрель) да тасдиқланган/қабул қилинган.
Таржимон:
Муҳиддин Бектемиров, AAOIFIнинг CSАА ва CPFAS сертификатлари соҳиби
Муҳаррир:
Жаҳонгир Имамназаров
Иқтисодиёт фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)
“Ислом молияси” лойиҳаси ҳамасосчиси