AAOIFI шаръий меъёри №23:
ВАКИЛЛИК ҲАМДА ВАКОЛАТСИЗ ТАСАРРУФ (ФУЗУЛИЙ ТАСАРРУФИ)
Муқаддима
Ушбу меъёр ислом молия муассасалари фаолияти доирасида вакиллик (вакала)га оид ҳукмларни баён қилишни мақсад қилади. Бунда муассаса номидан бошқа шахсни вакил этиб тайинлаш ёки муассасанинг бошқа шахс номидан вакил сифатида фаолият юритиши, хоҳ шартномалар ва тасарруфларда, хоҳ муомалотлар жараёнларида, хоҳ бошқа шахсларнинг бойликларини бошқариш ёки инвестиция қилишда бўлсин — барчаси қамраб олинади.
Шунингдек, меъёрда вакилликнинг тўғри бўлиши учун зарур бўлган шартлари, унинг турли ҳолатлари, ҳуқуқий оқибатлари, вакил қилувчи (муваккил) ҳамда вакилнинг ваколатлари ва масъулиятлари баён қилинади.
Бундан ташқари, ушбу меъёр бошқа шахс номидан унинг ваколатисиз амалга оширилган тасарруфлар (тасарруф ал-фузулий) ҳамда унинг натижасида келиб чиқадиган ҳукмларни ҳам ёритади.
Аллоҳ таоло муваффақият берувчидир.
Меъёрнинг матни
1. Меъёрнинг қамрови (амал қилиш доираси)
Ушбу меъёр олди-сотди, ижара, сулҳ каби шартномалар тузишга; [активларни] тасарруф этиш, хизматлар кўрсатиш ҳамда қабз, тўлов, [шартнома предметини] қабул қилиш ва топшириш-етказиб бериш каби амалий ҳаракатларга оид молиявий муомала/амалиётларда вакилликни ва ваколатсиз тасарруф (тасарруф ал-фузулий)ни қамраб олади. Меъёр, шунингдек, маблағлар ва кўчмас мулкни бошқариш ҳамда инвестицион вакиллик (вакала бил-истисмар)га нисбатан ҳам татбиқ этилади.
Мазкур меъёр ибодатлар соҳасидаги вакиллик ёки ваколатсиз тасарруфларни қамраб олмайди. Масалан, закот тўлаш бўйича вакиллик ушбу меъёр доирасига кирмайди, чунки закот учун алоҳида меъёр мавжуд. Шахсий масалалар, жиноий жазолар билан боғлиқ масалалар, суддаги вакиллик (адвокатлик ва судда иштирок этиш) билан боғлиқ масалаларни ҳам бу меъёр қамраб олмайди. Бундан ташқари, ҳужжатли аккредитивлар бўйича вакиллик ҳам ушбу меъёр доирасига кирмайди, чунки бу учун алоҳида меъёр мавжуд.
2. Вакиллик:
2/1 Вакилликнинг таърифи, шариатда жоизлиги ва хусусиятлари:
2/1/1 Вакиллик – инсоннинг ваколат бериш мумкин бўлган ишларда ўз ўрнига бошқани тайинлашидир (ўз номидан ҳаракат қилиш ҳуқуқини беришидир) ва бу шаръан жоиздир.
2/1/2 Вакиллик, аслида, иккала томон учун мажбурий бўлмаган (ғойру лазим) шартномадир. Шу боис муваккил (вакил қилувчи) ёки вакил уни бекор қилиши мумкин. Бироқ, баъзи ҳолатларда у мажбурий тусга кириши мумкин. [4/3 бандга қаранг]
2/2 Вакилликнинг рукнлари:
2/2/1 Вакилликнинг рукнлари: сийға (шартнома тузишга далолат қиладиган лафз ёки хатти-ҳаракат), шартнома предмети ва икки тараф (муваккил ва вакил)нинг бўлиши.
2/2/2 Вакиллик шартномасининг сийғаси: урфда бир шахснинг муайян тасарруфни амалга ошириш учун ўз ўрнига тайинлашига далолат қилувчи ҳар қандай ифода-восита. Сийға ийжоб (таклиф) ва қабулдан иборат. Улар учун муайян сўз-иборалар шарт қилинмайди, балки уларга далолат қилувчи ҳар қандай усул – хоҳ оғзаки, хоҳ ёзма, хоҳ хабар (хат) ёки ишора орқали бўлсин – ҳақиқий ҳисобланади. Агар вакиллик бепул (хизмат ҳақисиз) бўлса, қабул қилиш учун сукутнинг ўзи кифоя қилади. Вакиллик эса рад этиш билан бекор бўлади.
2/2/3 Вакиллик шартномаси қуйидаги шакллардан бирида ифодаланиши мумкин:
2/2/3/1 Дарҳол кучга кирадиган вакиллик: бу асосий шакл бўлиб, шартнома тузилган заҳоти кучга киради.
2/2/3/2 Шартга боғланган (муаллақ) вакиллик: шартноманинг кучга кириши белгиланган шарт амалга ошгандан кейин юзага келади. Масалан, қарздор томонўзига тегишли, даромад келтирувчи мол-мулкни бошқариш ваколатини молия муассасаси (қарз берувчи)га беради, лекин бу ваколат фақат қарздор томон ўз мажбуриятини бажармай қолган тақдирда ишга тушишини шарт қилиб қўяди.
2/2/3/3 Келажакда кучга кирадиган вакиллик: вакиллик шартномаси келажакда муайян санадан кучга киради.
2/2/3/4 Мутлақ (чекланмаган) ёки муайян шартлар билан чекланган вакиллик. Мутлақ вакилликда урф, манфаат ва муваккилнинг ҳолати ҳисобга олиниши лозим.
2/2/4 Шартга боғлаш ва чеклаш вакиллик шартномасини тузишда бўлганидек, вакил бажариши лозим бўлган тасарруфнинг ўзида ҳам бўлиши мумкин. Бундай ҳолатда вакиллик шартномаси дарҳол кучга киради, бироқ тасарруфни амалга ошириш белгиланган шарт бажарилгунга қадар тўхтаб туради. Масалан, тасарруфни амалга ошириш муваккилнинг розилигига боғланиши мумкин. Шунингдек, муваккил тасарруфни кафил ёки гаров каби шартлар билан чеклаган бўлса, ушбу чекловларга риоя қилиш шарт.
2/2/5 Вакилликнинг предмети — вакилга топширилган вазифа ёки тасарруфдир (3/3-бандга қаранг).
2/2/6 Вакиллик шартномасини тузувчи икки тараф – муваккил ва вакил ҳисобланади. [3/1 ва 3/2 бандларига қаранг]
3. Вакиллик шартномасини тузувчи томонларга тегишли шартлар:
3/1 Муваккилга оид шартлар:
3/1/1 Муваккилда шартнома тузиш лаёқати мавжуд бўлиши лозим.
3/1/2 Муваккил ваколат берилаётган нарсада/ишда тасарруф этиш ҳуқуқига эга бўлиши керак. Шунинг учун муомала лаёқатига эга бўлмаган шахслар — ақли норасо (мажнун) ва ақлини танимаган ёш бола томонидан берилган вакиллик ҳақиқий ҳисобланмайди. Муомала лаёқати чекланган шахс, масалан, балоғатга етмаган, лекин ақлини таниган/фойда-зарарнинг фарқига борадиган бола (яъни “тамйиз” ёшига етган) унга мутлақ фойда келтирадиган тасарруфларда, масалан, ҳадя-эҳсонларни қабул қилишда вакил тайинлай олади. Аммо мутлақ зарар етказадиган тасарруфларда, масалан, ҳадя-эҳсон қилишда вакил тайинлаши ҳақиқий ҳисобланмайди. Фойда ва зарар ўртасида эҳтимолли бўлган тасарруфларда, масалан, олди-сотди ишларида унинг вакил тайинлаши жоиз бўлиб, бироқ унинг кучга кириши ўша боланинг валийси ёки бошқа шу каби рухсат бериш ҳуқуқига эга шахснинг тасдиғига боғлиқ бўлиб қолади.
3/2 Вакилга оид шартлар:
3/2/1 Вакилда тўлиқ муомала лаёқати мавжуд бўлиши лозим. Ақли норасо ва ақлини танимаган ёш боланинг вакиллиги ҳақиқий ҳисобланмайди. Аммо ақлини таниган, фойда-зарарни ажрата оладиган ёш боланинг вакил сифатидаги тасарруфи ҳақиқий ҳисобланади, ҳуқуқ ва мажбуриятлар унинг муваккилига тааллуқли/тегишли бўлади.
3/2/2 Вакил ўзига ваколат берилганлигини билиши керак. Агар бир шахс бошқа бировнинг номидан унга ваколат берилганини билмасдан туриб тасарруфни амалга оширса ва бундан кейинчалик хабар топса, ушбу ваколат аввал амалга оширилган тасарруфларга татбиқ этилмайди. Аммо, агар тасарруф қилувчи шахс ваколат берилишидан олдин ҳам бошқанинг номидан тасарруф қилишни ният қилган бўлса, бундай ҳолатга ваколатсиз тасарруф (тасарруф ал-фузулий/ “фузулий тасарруфи”) ҳукмлари татбиқ этилади (8-бандга қаранг).
3/3 Вакиллик мавзусига (ваколат берилган ишга) оид шартлар:
3/3/1 Вакиллик мавзуси вакилга маълум бўлиши лозим. Низога олиб келмайдиган бироз ноаниқлик ва вақтинчалик ноаниқлик кечирилади. (яъни бунга рухсат берилади). Вакиллик мавзуси аниқ бўлиши кераклиги шарти мутлақ вакилликда, масалан: “Ушбу маблағни ўзинг хоҳлаган тарзда инвестиция қил” деб ваколат берилганда истисно қилинади. Шунга қарамай, вакил муваккилнинг манфаати билан чекланади, зарурат туғилганда урфга мурожаат қилинади.
3/3/2 Вакиллик мавзуси бўлган мулк муваккилга тегишли бўлиши ёки муваккил уни тасарруф қилиш ҳуқуқига эга бўлиши лозим.
3/3/3 Вакиллик мавзуси вакилликни қабул қиладиган (тасарруфлардан) бўлиши керак. Бунга инсон ўзи шахсан тузиши мумкин бўлган барча молиявий шартномалар ва тасарруфлар киради. Инсоннинг ўзи бевосита тузиши мумкин бўлган ҳар қандай шартномада бошқани вакил қилиши жоиз ҳисобланади.
3/3/4 Вакиллик мавзусида вакилликни амалга оширишга шаръан тўсқинлик қиладиган нарса/ҳолат бўлмаслиги лозим, масалан, шариатда ҳаром қилинган маҳсулотлар савдоси ёки рибо асосида қарз олди-берди қилиш каби амалиётларни ўз ичига олмаслиги керак.
4. Вакилликнинг турлари:
4/1 Вакиллик қуйидаги турларга бўлинади:
4/1/1 Махсус ва умумий вакиллик.
Умумий вакиллик барча тасарруфларни қамраб олади, фақат муваккилнинг манфаати ва урфга риоя қилиниши шарт. Лекин умумий вакиллик таббарруъ (ҳадя, эҳсон, қарз каби беғараз/эвазсиз тасарруфлар)ни ўз ичига олмайди, фақат вакилга бу борада аниқ ваколат берилган бўлиши бундан мустасно.
4/1/2 Чекланган ва мутлақ вакиллик.
Мутлақ вакиллик урф ҳамда муваккилнинг манфаатлари билан чекланади. Мутлақ вакилликда одатдагидан паст нархда сотиш ёки одатдагидан юқори нархда сотиб олиш жоиз эмас. Шунингдек муваккилнинг розилигисиз бартер йўли билан ёки муддатли тўлов асосида сотиш ҳам жоиз эмас.
4/1/3 Ҳақ тўланадиган ва ҳақ тўланмайдиган вакиллик. [4/2-бандга қаранг]
4/1/4 Мажбурий (лозим) ва мажбурий бўлмаган (ғойру лозим) вакиллик. [4/3-бандга қаранг]
4/1/5 Муддатли (вақтинчалик) ва муддатсиз вакиллик. [4/4-бандга қаранг]
4/2 Пуллик вакиллик (ҳақ тўланадиган вакиллик):
4/2/1 Вакиллик ҳақ эвазига бўлиши жоиз. Бу шартномада аниқ кўрсатилиши ёки урфдан келиб чиқиши мумкин. Масалан, фақат ҳақ эвазига хизмат кўрсатиши/ишлаши маълум бўлган шахсни вакил этиб тайинлашдаги каби.
4/2/2 Вакиллик ҳақ тўланадиган бўлса, унга нисбатан ижаранинг ҳукмлари татбиқ этилади. [4/3-бандга қаранг]
4/2/3 Вакиллик ҳақи маълум бўлиши керак, у қатъий суммада ёки маълум маблағнинг бирор фоизи кўринишида ёхуд кейинчалик аниқ бўлиб кетадиган тартибда бўлиши, масалан, вакиллик бошланишида ҳақ миқдори маълум бўлиб, ҳар давр бошида мурожаат қилинадиган муайян индексга (кўрсаткичга) боғланиши мумкин. Вакиллик ҳақини умуман белгиламаслик жоиз эмас. Масалан, вакил ўзининг аниқ белгиланмаган хизмат ҳақини муваккил маблағларидан истаган миқдорда ушлаб қолиши жоиз эмас.
4/2/4 Агар вакиллик ҳақи аниқ белгиланмаган бўлса, уни белгилашда ўртача бозор ҳақи (ужра ал-мисл)га мурожаат қилинади.
4/2/5 Вакиллик ҳақи маълум бир амалиёт учун белгиланган натижадан ошган қисми ёки унинг маълум бир фоизи этиб белгиланиши жоиз. Масалан, муваккил сотиш нархини белгилаб, ундан ошган қисмини вакиллик ҳақи деб белгилаши мумкин.
4/2/6 Белгиланган вакиллик ҳақига қўшимча равишда, ваколат берилган амалиёт натижасининг маълум улушини/қисмини рағбатлантириш (мукофот) сифатида қўшиб бериш жоиз.
4/2/7 Агар вакил узрли сабабсиз ҳақ эвазига вакилликни давом эттиришдан (бажаришдан) бош тортса, лекин ўша вақтга қадар бажарган ишидан [муваккил фойдасига] манфаат олиш мумкин бўлса, вакил ишнинг бажарилган қисмига мутаносиб ажру мисл олишга ҳақли бўлади. Бироқ бу миқдор бажарилган иш фоизига нисбатан келишилган ҳақдан ошиб кетмаслиги керак. Вакил ишни давом эттиришдан бош тортиши натижасида муваккилга етадиган ҳақиқий зарарни қоплаши шарт.
Агар муваккил ҳеч қандай узрли сабабсиз иш тугашидан ёки вакиллик муддати якунланишидан олдин вакилни ишдан тўсиб қўйса, вакил келишилган ҳақни тўлиқ олиш ҳуқуқига эга бўлади.
Агар муваккил вакилни узрли сабаб билан вакилликдан четлаштирса, вакил бажарган иши миқдорига мос ҳақ олиш ҳуқуқига эга бўлади.
4/2/8 Вакилга топширилган иш бажарилгандан кейин вакиллик мавзуси/объекти талафотга учраши билан билан хизмат ҳақи соқит бўлмайди. Агар талафот вакилнинг қоидабузарлиги (тажовузи) ёки эҳтиётсизлиги (бепарволиги) сабабидан юзага келса, у зарарни қоплаб беради.
4/3 Мажбурий (лозим) вакиллик:
Асл қоидага кўра, вакиллик мажбурий бўлмаган (ғойру лозим) шартнома ҳисобланади. Шу сабабли муваккил ҳам, вакил ҳам шартномани бекор қилиши мумкин. Бироқ бу бекор қилиш вакиллик натижасида юзага келган ва бекор қилингандан кейин ҳам давом этадиган ҳуқуқий оқибатларга таъсир қилмайди.
Вакиллик қуйидаги ҳолатларда мажбурий бўлади:
4/3/1 Агар вакиллик бошқа шахснинг ҳаққи билан боғлиқ бўлса. Масалан, гаровга қўювчи томонидан гаровга олувчини вакил сифатида тайинлаш; ёки гаровга қўювчининг гаровни қабул қилиш ёки муддати келганда уни сотиш учун ишончли шахсни вакил этиб тайинлаши каби. Бундай ҳолларда вакиллик гаровга қўювчи (қарздор) учун мажбурий ҳисобланади. Мажбурий вакилликнинг яна бир мисоли – даромад келтирувчи активнинг эгаси ушбу активни бошқариш ва ундан олинадиган даромад ҳисобидан ўз зиммасидаги қарзларини узиш учун ҳақдорни вакил этиб тайинлаши.
4/3/2 Вакиллик ҳақ эвазига бўлса. [4/2-бандга қаранг]
4/3/3 Агар вакил ишга киришган бўлса, ва энди бу ишни муваккил ёки вакилга зарар етказмасдан тўхтатиш ёки босқичларга ажратиш имкони бўлмаса, бундай вакиллик ҳам то икки томоннинг бирортасига зарар етказмасдан тўхтатиш ёки босқичларга ажратишга қадар мажбурийга айланади.
4/3/4 Агар вакил ёки муваккил белгиланган муддат давомида шартномани бекор қилмаслик мажбуриятини олса.
4/4 Вақтинчалик (муваққат, муддатли) вакиллик:
4/4/1 Асл қоидага кўра, вакиллик учун вакилнинг ваколатлари тугайдиган муддат белгиланмайди, чунки муваккил уни исталган вақтда вазифасидан озод қилиш мумкин. Аммо икки томоннинг келишувига асосан вакиллик муайян муддатга тузилиши ҳам мумкин, бунда вакиллик муддат тугаши билан, томонлардан бирининг бекор қилиш талабисиз автоматик равишда якунига етади.
4/4/2 Муддат белгиланишининг таъсири фақат белгиланган муддатдан кейин янги амалиётларга киришишни тақиқлаш билан чекланади.
4/4/3 Агар шартномада бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, вакил вакиллик муддати давомида янги амалиётларни бошлаши мумкин, ҳатто бундай амалиётларнинг ҳуқуқий оқибатлари вакиллик муддати тугаганидан кейин давом этса ҳам.
(давоми бор)
Таржимон:
Муҳиддин Бектемиров, AAOIFIнинг CSАА ва CPFAS сертификатлари соҳиби
Муҳаррир:
Жаҳонгир Имамназаров
Иқтисодиёт фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)
“Ислом молияси” лойиҳаси ҳамасосчиси