ШАРЪИЙ МЕЪЁР №6
Анъанавий банкни ислом банкига ўзгартириш
9. Ички ёки ташқи (ташаббус асосида) ўзгартириш (қайта ташкил қилиш) қароридан олдин вужудга келган ношаръий (молиявий) мажбуриятлар муолажаси:
9/1 Банкни ички ташаббус асосида ўзгартириш:
9/1/1 Агар мажбуриятлар рибовий фоизлар шаклида бўлса, банк бундай фоизларни тўламаслик учун шариатга мувофиқ барча воситалардан фойдаланиши керак. Ушбу ҳукм қарзлар ёки кредитларнинг танига тааллуқли эмас. Банк рибовий фоизларни тўламайди, ўта мажбурлик ҳолатлари бундан мустасно.
9/1/2 Агар мажбуриятлар тақиқланган (ножоиз) хизматларни кўрсатиш шаклида бўлса, банк бундай мажбуриятларни бекор қилиш учун барча керакли чораларни кўриши шарт (хусусан, олинган тўловларни мижозларга қайтаради), ҳатто мажбуриятларни бажармаслик товон тўлашни тақозо этса ҳам.
9/2 Анъанавий банкни ислом банкига ўзгартиришдан манфаатдор шахслар томонидан уни сотиб олиниши орқали ташқаридан ўзгартириш:
Агар банк тўлаши керак бўлган ношаръий қарзларни (масалан, фоизлар ва тақиқланган активларни) олди-сотди битимидан чиқариб ташлаш имкони бўлса, яъни бундай мажбуриятлар банкни сотаётган томон зиммасида қолса, у ҳолда шариат нуқтаи назаридан шундай қилиниши керак. Бироқ, агар олди-сотди битимини амалга ошириш банкнинг ножоиз дебиторлик қарзларини ҳам ўз ичига олган барча активлари билан сотиб олинмагунча имконсиз бўлса, у ҳолда банкнинг кредиторларига мажбуриятларни муддатидан олдин чегирма асосида ёпишни таклиф қилиб бўлса ҳам, тезроқ тугатиш шаръан вожиб бўлади.
9/3 Тақиқланган гаровлар муолажаси:
Банк активларига қўйилган ношаръий гаровларни имкон қадар тезроқ ечиш (тугатиш) лозим. Агар банкни ўзгартириш ташқи ташаббус асосида амалга оширилаётган бўлса, бундай ножоиз гаров активлари сотувчи томонидан бошқа жоиз активларга алмаштирилиши бўйича келишув қилинади. (таржимондан изоҳ: агар банк илгари берган қарз/молиялаштиришлари эвазига шариат нуқтаи назаридан нотўғри ҳисобланган гаровларни олган бўлса, бу каби гаров активлари гаровдан ечилиши ёки бошқа рухсат этилган гаровлар билан алмаштирилиши керак бўлади)
10. Ношаръий даромадлардан қутулиш йўллари:
10/1 Банк ўзгартиришдан аввал олган, ушбу меъёр қоидаларига мувофиқ воз кечилиши лозим бўлган ношаръий даромадлар кечиктирмасдан дарҳол йўқотилиши лозим. Агар бунинг иложи бўлмаса, яъни барча ножоиз даромадлардан бир вақтда тўлиқ халос бўлиш банк фаолиятининг фалажланишига ёки унинг банкрот бўлишига олиб келса, у ҳолда (бу маблағлардан) халос бўлиш (қутулиш) жараёни босқичма-босқич амалга оширилади.
10/2 Олинган фоизлар ва бошқа тақиқланган даромадлар хайрия ишларига ва жамиятга наф келтирадиган мақсадларга йўналтирилиши лозим. Банкнинг бу пуллардан бевосита ёки билвосита, ўзининг моддий ёки маънавий манфаати учун фойдаланиши мумкин эмас. Хайрия ишларига банкнинг Шариат Кузатув кенгаши қарорига кўра, таълим ва тадқиқот ишлари, ёрдамчи воситалар (ускуналари) билан таъминлаш, мусулмон мамлакатларга, шунингдек, ислом илмий муассасалари, институт ва мактабларига молиявий ва техник кўмак кўрсатиш, ислом илмларини тарқатиш ва бошқа шу каби ишлар мисол бўла олади.
11. Банкни ислом банкига ўзгартириш қароридан олдин тўланиши керак бўлган закотлар масаласи.
Агар анъанавий банкни (ислом банкига) ўзгартириш ташқи ташаббускорлар, яъни банкни ўзгартириш мақсадида сотиб олган шахслар томонидан амалга оширилса, улар ўтган молиявий даврлар учун закот тўлашга мажбур эмаслар, чунки олдинги даврлар учун закот бериш банкнинг собиқ эгалари зиммасида бўлади. Банкнинг янги эгалари зиммасига закот тўлаш мажбурияти ўзгартириш қарори қабул қилинган кундан бошлаб вожиб бўлади. Бунда улар “Закот” тўғрисидаги 35-сонли шаръий меъёрдан фойдаланишлари мумкин. Бироқ, агар банкни ўзгартириш мавжуд (эски) акциядорлар томонидан амалга оширилса ва (олдинги молиявий даврлар учун) закот тўланмаган бўлса, ўтган даврлар учун закот тўлаш эски акциядорларнинг зиммасига мажбуриятдир. Шуни ёдда тутиш лозимки, акциядорлар закотни ҳар қандай ҳолатда, ҳаттоки капитал шариат нуқтаи назаридан тақиқланган бўлса ҳам, тўлашлари шарт. Чунки закот тўлаш, аслида, барча ноқонуний даромад ва риболи фоизлардан қутулиш (покланиш жараёни)нинг бир қисми ҳисобланади.
Таржимонлар:
Муҳиддин Бектемиров, AAOIFI нинг CSAA сертификати соҳиби
Олимжон Иргашев, AAOIFI нинг CSAA сертификати соҳиби
Муҳаррир:
Жаҳонгир Имамназаров
Иқтисодиёт фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)
“Ислом молияси” лойиҳаси ҳамасосчиси