AAOIFI шаръий меъёри №25:
ШАРТНОМАЛАРНИ ЖАМЛАШ (БИРЛАШТИРИШ)
Меъёрнинг матни
6. Шартномаларни жамлаш (бирлаштириш) бўйича олдиндан келишиб олиш (муватоъа):
6/1 Фиқҳий истилоҳдаги “муватоъа” ёки “тавотуъ” (олдиндан келишиб олиш/ тил бириктириш) лафзи бир нечта ҳолатларга нисбатан қўлланилади, уларнинг энг асосийлари қуйидагилардир:
6/1/1 Икки тарафнинг очиқ-ойдин ёки билвосита (далолат йўли билан) шаклан шариатга мувофиқ шартномалардан фойдаланган ҳолда, аслида эса рибога олиб борувчи ҳийла ёки восита орқали рибовий амалиётни қўллаш ниятидаги ўзаро келишуви.
6/1/2 Шариатга мос ечимга эришишни кўзлаган ҳолда, икки тараф ўртасида шаръан жоиз муайян ҳаракат (тасарруф) ёки муомалани амалга ошириш бўйича олдиндан тузилган яширин келишув (“ҳийлаи шаръий”).
6/1/3 Юқоридаги 2/2/4-бандда баён қилинган Жамланган шартномаларни тузишдан олдин амалга ошириладиган дастлабки музокараларда икки тараф хоҳиш-иродасининг ўзаро мувофиқлиги.
6/2 Шартномаларни жамлаш бўйича олдиндан келишиб олиш (муватоъа) ўзининг табиати ва фиқҳий тавсифига кўра учта хусусиятга эга:
6/2/1 У келгусида шартномаларни тузиш/расмийлаштириш ва ваъдаларни бажариш юзасидан икки тараф ўртасида эришилган келишувдир.
6/2/2 Агар бундай келишув (яъни муватоъа) шартноманинг ажралмас қисми деб шартнома матнида қайд этилган бўлса, у мазкур шартномалардан олдин қўйилган шарт ҳисобланади. Бунда шартномага нисбатан ҳалоллик ва ҳаромлик, саҳиҳлик ва фосидлик, мажбурийлик (лузум) ва ҳуқуқий кучга эга бўлишлик нуқтаи назаридан шариат ҳукмлари тўлиқ татбиқ этилади.
6/2/3 Шариат нуқтаи назаридан олдиндан келишиб олиш (муватоъа)нинг мажбурийлик кучи – шартномалардан олдин қўйилган шарт ёки шартларнинг мажбурийлик кучи билан бир хилдир. Олдиндан қўйилган шарт эса — модомики шартнома унга таянган ва шартнома тузувчи тарафлар унга риоя қилиш масаласида якдил эканлар — саҳиҳлик ва унга амал қилишнинг вожиблиги жиҳатидан шартнома тузиш пайтидаги шарт каби эътироф этилади.
6/3 Шартномаларни жамлаш (бирлаштириш) бўйича олдиндан келишув (муватоъа)нинг бир қанча кўринишлари мавжуд бўлиб, улар умуман олганда тўртта турга бўлинади:
6/3/1 Рибовий ҳийлалар қўллаш бўйича олдиндан тил бириктириш: ийна савдоси (бай ал-ийна) ва унинг тескари шакли, вафо савдоси (бай ал-ражаъ/умид савдоси) ҳамда фазл рибоси (рибо ал-фазл)га етакловчи ҳийлалар устида ўзаро тил бириктириш каби. Улар шаръан тақиқланган бўлиб, уларга олиб борувчи воситачи шартномаларнинг фосид (нотўғри) бўлишига олиб келади.
6/3/2 Рибога эришиш учун олдиндан келишиб олиш: масалан, қарз ва эвазли шартномани бирга жамлаш ёки қарз олувчининг қарз берувчига ҳадя бериши ёхуд қарзга олинган мол устига миқдор ёки сифат жиҳатидан қўшимча (устама) тўлашга келишиб олиш кабилар бунга мисол бўла олади.
6/3/2/1 Муватоъа қуйидаги икки шартга кўра аслида жоиз (мубоҳ) бўлган ушбу воситаларнинг ман этилишини тақозо қилади ҳамда уларни шаръан тақиқлаш учун асос ҳисобланади:
Биринчиси: Ўша муомалада одатга кўра жоиз нарсадан фойдаланиб ман этилган нарсага эришиш кўп учрайдиган бўлиши ҳамда ўша тақиқланган нарсани кўзлаш ва ирода қилиш ҳақидаги шубҳа-гумон кучли бўлиб, яққол намоён бўлиши (керак).
Иккинчиси: Ўша муомалага нисбатан эҳтиёж ёки устун (рожиҳ) манфаат мавжуд бўлмаслиги (керак).
6/3/3 Шаръий ечимларга эришиш учун олдиндан келишиб олиш (муватоъа): бу – мақбул ҳийлалар (ҳийлаи шаръий) бўлиб, улар бирор шаръий далилга хилоф келмайди, мақсадлари шариат мақсадларига зид бўлмайди ҳамда аниқ ёки устун бўлган бузғунчиликка олиб бормайди. Уларнинг ҳукми — жоиз.
6/3/4 Бир-бирига зид ёки қарама-қарши бўлган шартномаларни жамлаш (бирлаштириш) бўйича келишиб олиш (муватоъа): бу амалиётни бузувчи ва ман қилинган ҳисобланади. Бунинг асоси шуки, мажбуриятлари ва таъсир-оқибатлари жиҳатидан ўзаро зид, қарама-қарши ёки бир-бирига номувофиқ бўлган икки ёки ундан ортиқ шартномани бирлаштириш жоиз эмас. Чунки бу ҳолатда олдиндан келишув (муватоъа) ана шунга восита бўлиб қолади (4/4-бандга қаралсин).
7. Шартномаларни жамлашнинг замонавий амалиётда қўлланилиши ва уларнинг умумий ҳукмлари:
7/1 Замонавий молиявий муомалаларнинг энг кўзга кўринган шаклларидан бири — шартномавий тизимлар (ал-манзума ал-ақдийя) бўлиб, уларнинг ҳар бирининг таркибига бир гуруҳ шартномалар ва ваъдалар киради. Бу шартнома ва ваъдалар муайян тартибда, ўзаро кетма-кет келувчи босқичларда амалга оширилиши юзасидан икки тараф ўртасида олдиндан келишув (таватуъ) қилинади.
Бундан мақсад – шартнома тузувчи икки томоннинг хоҳиш-иродасига мос бўлган мақсад/манфаатга эришишдир. Масалан: буюртма асосидаги Муробаҳа, эгалик билан якунланувчи Ижара ва камайиб борувчи Мушарака.
7/2 Агар шартнома матнида дастлабки келишув (муватоъа) шартноманинг бир қисми эканлиги кўрсатилган бўлса, шартномаларни жамлаш бўйича олдиндан қилинган келишув (муватоъа) шаръан эътиборга олинадиган замонавий тижорат урфи ва банк амалиётига мувофиқ равишда риоя қилиш лозим (вожиб) ҳамда икки тараф учун мажбурий ҳисобланади (2/2/6-бандга қаралсин).
7/3 Шартномавий тузилмалар таркибига кирувчи ваъдалар, уларни берган тараф учун мажбурий ҳисобланади.
7/4 Шартномавий тузилмалар ўзининг тузилиши, ҳукмлари, тақозо қиладиган жиҳатлари ва шартлари нуқтаи назаридан шартнома тузишга оид умумий шаръий қоидаларга бўйсунади; чунки улар биргаликда янги ва мустақил тарзда вужудга келган янги шартномалар бўлиб қолади. Шунингдек, улар мўътабар (эътиборга олинадиган) шаръий далилларга зид келмаса, саҳиҳ, лозим (мажбурий) ва унга вафо қилиш вожиб деб эътироф этилади (Бунда 2/5-бандда келтирилган қоидалар инобатга олинади).
7/5 Шартномавий тузилмаларда шартномаларни жамлашга оид шариат тамойиллари (мезонларига) риоя қилинади (4-бандда келтирилган қоидаларга қаралсин).
7/6 Шартномавий тузилмаларда шартномаларнинг алоҳида, мустақил ва яхлит бир тизимда жамланишидан келиб чиқадиган шаръий рухсат ва енгилиликлардан фойдаланиш жоиз (5-бандда келтирилган қоидаларга қаралсин).
7/7 Агар томонлардан бири шартномавий тузилма доирасидаги ўз мажбуриятларидан бирортасини бузса, ушбу бузилишдан зарар кўрган томон ўзига етган ҳақиқий зарарларни қоплаш учун товон (компенсация) талаб қилиш ҳуқуқига эга бўлади.
8. Меъёр чиқарилган сана:
Ушбу меъёр ҳижрий 1426-йил 28-шаъбон (мил. 2005-йил 2 октябрь)да тасдиқланган/қабул қилинган.
Таржимон:
Муҳиддин Бектемиров, AAOIFIнинг
CSАА, CPFAS сертификатлари соҳиби
Муҳаррир:
Жаҳонгир Имамназаров
Иқтисодиёт фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)
“Ислом молияси” лойиҳаси ҳамасосчиси