AAOIFI шаръий меъёри №25:
ШАРТНОМАЛАРНИ БИРЛАШТИРИШ
Муқаддима
Ушбу меъёр шартномаларни бир тизим (концепция) доирасида бирлаштиришнинг моҳияти, унинг хусусиятлари, ҳукми ва мезонларини, аввалдан келишиб олиш (المواطأة)га оид шаръий ҳукмларни, шунингдек, шартномаларни бирлаштиришнинг ислом молия муассасалари амалиётидаги энг асосий замонавий қўлланилиш ҳолатларини баён қилишни мақсад қилади.
Аллоҳ таоло муваффақият берувчидир.
Меъёрнинг матни
1. Меъёрнинг қамрови (амал қилиш доираси)
Ушбу меъёр ягона (шартномавий) тизим доирасида икки ёки ундан ортиқ шартномаларни ўз ичига олган амалиётларни уларнинг таърифи, шакллари (кўринишлари), мезонлари, хусусиятлари, уларга тааллуқли шаръий рухсатлари ва енгилликлари нуқтайи назаридан қамраб олади. Шунингдек, меъёр аввалдан келишиб олиш, унинг ҳукмлари ва ўзига хос хусусиятларини ҳамда шартномаларни бирлаштиришнинг энг муҳим замонавий амалиётларда қўлланилишини ҳам ўз ичига олади.
2. “Шартномаларни бирлаштириш” тушунчаси:
2/1 Шартномаларни бирлаштириш – бу икки ёки ундан ортиқ томонлар ўртасида икки ва ундан ортиқ шартномаларни ўз ичига оладиган амалиётдир.
Шартномаларни бирлаштиришнинг тўртта ҳолати/шакли мавжуд (яъни амалиётда шунақа кўринишлари мавжуд, лекин буларнинг ҳаммаси шаръан жоиз дегани эмас – тар.):
2/1/1 Шартномаларни, бир-бирига боғламасдан (бирини иккинчисида шарт қилмасдан) ва олдиндан келишувсиз бирлаштириш.
2/1/2 Шартномаларни, аввалдан келишмасдан, бир шартномани иккинчисида шарт қилиш орқали бирлаштириш.
2/1/3 Шартномаларни, улардан бирини иккинчисида шарт қилмасдан, олдиндан келишув асосида бирлаштириш.
2/1/4 Шартнома тузиш мажлисида битта шартнома мавзуси (предмети)га нисбатан икки шартномадан бирини аниқ танламасдан қолдириш.
2/2 Битта амалиётда бирлаштирилган шартномаларнинг шакллари:
2/2/1 Шартномалар битта умумий эваз (тўлов) асосига тузилиши мумкин: масалан, бир тараф жами 1000 динор эвазига ўзининг ер майдонини иккинчи тарафга сотди ва бир вақтнинг ўзида автомобилини ҳам ўша тарафга бир ой муддатга ижарага берди.
2/2/2 Шартномалар алоҳида икки эваз (тўлов) асосида тузилиши мумкин, масалан, бир киши агар уйини минг динорга сотади, ҳамда ўз машинасини ўша шахсга ойига юз динор эвазига ижарага беради.
2/2/3 Баъзи шартномалар бошқа шартномада шарт қилиниши мумкин: масалан, “мана шу уйимни сенга 10 000 динорга сотаман, фақат шартим — уни сендан 1000 динор эвазига икки йилга ижарага оламан” ёки “менга машинангни 2000 динорга сотасан” дейиш каби.
2/2/4 Шартномалар ягона шартномавий тизимни ташкил этувчи, ўзаро боғлиқ, босқичма-босқич амалга ошириладиган ва ягона ҳуқуқий тартибга бўйсунадиган мажмуа кўринишида ҳам бўлиши мумкин. Бундай тизим тарафларнинг ягона мақсадни амалга оширишга қаратилган иродасини ифодалайди. Замонавий молиявий амалиётлардаги эгалик (мулк) ҳуқуқини ўтказиш билан якунланадиган Ижара (Ижара мунтаҳия биттамлик), сотиб олувчи буюртмасига асосланган Муробаҳа ва Камайиб борувчи Мушорака шартномалари бунга мисол бўлади.
3. Шартномаларни бирлаштиришнинг шаръий ҳукми:
Агар ҳар бир шартнома алоҳида ҳолатида жоиз бўлса, бир шартномани иккинчисининг шарти қилмаган ҳолда, бир нечта шартномани ягона шартномавий тизим доирасида бирлаштириш жоиз, фақат бундай бирлаштиришни тақиқловчи шаръий далил бўлмаслиги керак. Тақиқланган ҳолат умумий қоидадан истисно қилинади ва бундай бирлаштириш жоиз бўлмайди.
4. Шартномаларни бирлаштириш жоиз бўлишининг мезонлари:
4/1 Шартномаларни бирлаштириш шаръий матнларда тақиқланган предмет/ҳолатлардан бўлмаслиги керак, масалан, олди-сотди ва қарз шартномаларини бирлаштириш тақиқлангани каби.
4/2 Шартномаларни бирлаштириш рибо учун ҳийла бўлмаслиги керак, масалан, Ина савдоси (бай ал-Ина)га келишиб олиш ёки рибо ал-фазл учун ҳийла ишлатиш каби.
4/3 Шартномаларни бирлаштириш рибога олиб борувчи восита бўлмаслиги лозим, масалан, қарз ва эвазли шартномани ўзаро боғлаш, ёки бирор шахсга қарз бериб, бунинг эвазига қарз олувчининг уйида яшаш, ундан совға олиш ёки қарзни миқдор ёки сифат жиҳатидан ортиқча тарзда қайтаришни шарт қилиш жоиз эмас (“Қарз” тўғрисидаги 19-сонли шаръий меъёрнинг 4/1 бандига қаранг).
4/4 Шартномаларни бирлаштириш — ҳукмлари ва улардан келиб чиқадиган ҳуқуқий оқибат ва мажбуриятлари жиҳатидан бир-бирига зид, қарама-қарши ёки ўзаро номувофиқ шартномалар ўртасида бўлмаслиги лозим. Масалан, бир нарсани ҳадя қилиш ва айни пайтда уни ҳадя олувчига сотиш; ёки бирор нарсани ҳадя қилиш билан бир вақтда уни ўша шахсга ижарага бериш; ёки музораба шартномасини музораба сармоясини музорибга қарз бериш билан бирлаштириш; ёки сарф шартномасини жуъала шартномаси билан бирлаштириш; ёки салам шартномасини жуъала шартномаси билан битта эваз (тўлов) асосида бирлаштириш; ёхуд ижара билан олди-сотди шартномаларини “ижара ва савдо” (анъанавий лизинг) деб аталадиган шаклда бирлаштириш бунга мисол бўла олади.
5. Шартномаларни бирлаштиришда шаръий рухсат ва енгилликлар:
5/1 Асл қоидага кўра, шартномалар алоҳида мустақил бўлганда кечирилмайдиган (жоиз бўлмаган) хатоликлар, улар бошқа шартномага тобе ёки унинг ичида (зимнида) бўлганда кечирилади.
Бу ерда зимний ва тобе шартнома деганда битим таркибига билвосита кирадиган ёки асосий мақсадга хизмат қилувчи, унга эргашувчи ёхуд тарафларнинг иродаси ва мақсадига кўра асосий шартномага қўшимча ҳисобланадиган шартнома назарда тутилади. Буни аниқлаш урф, тижорат амалиёти ва соҳа мутахассисларининг тажрибасига таяниб, муассасанинг Шариат кенгаши томонидан тасдиқланиши шарти билан амалга оширилади.
5/2 Зимний ва тобе шартномаларда қуйидаги беш ҳолатдаги нуқсонлар кечирилиши мумкин:
5/2/1 Молиявий эвазли шартномаларнинг ҳақиқийлигига таъсир қилувчи ғарар, агар у асосий эмас, балки тобе шартнома ёки мураккаб шартнома таркибида мавжуд бўлса.
5/2/2 Молиявий эвазли шартномаларнинг ҳақиқий эмаслигига олиб келадиган мавҳумлик тобе (қўшимча) шартнома предметига нисбатан йўл қўйилади.
5/2/3 Савдо амалиётларида юзага келадиган рибо (савдо рибоси) ва валюталарни айирбошлаш (сарф) битимларининг ҳақиқийлиги шартларига риоя этилмаслиги, масалан, айирбошланадиган нарсаларни дарҳол қабул қилиб эгаликка олиш (қабз) талабининг бажарилмаслиги, валюталарни айирбошлаш ва пул ўтказмасини бирлаштиришда кечирилади.
5/2/4 Қарзни қарзга сотиш (яъни муддати кечиктирилган қарзни муддати кечиктирилган қарз эвазига сотиш), агар бу тобе элементлар доирасида юзага келса, бунга йўл қўйилади. Масалан, қарз мажбуриятига эга компания акцияларини насияга сотиб олиш мумкин.
5/2/5 Зарурат ёки устувор манфаат (рожиҳ маслаҳа) мавжуд бўлган ҳолларда шартноманинг айрим ҳақиқийлик шартларига риоя қилмасликка йўл қўйилади. Мисол учун, зимний олди-сотди шартномасида ижоб ва қабулни тарк этиш
(давоми бор)
Таржимон:
Муҳиддин Бектемиров, AAOIFIнинг CSАА ва CPFAS сертификатлари соҳиби
Муҳаррир:
Жаҳонгир Имамназаров
Иқтисодиёт фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)
“Ислом молияси” лойиҳаси ҳамасосчиси