AAOIFI Шаръий меъёри № 22:
КОНЦЕССИЯ ШАРТНОМАЛАРИ
Меъёрнинг матни
8. Муассасалар томонидан қурилишга оид концессия шартномаларининг қўлланилиши:
Муассасалар қурилишга оид концессия шартномаларини давлат билан бевосита муносабат ўрнатиш орқали ёки давлат ҳамда концессия эгаси ўртасида учинчи томон сифатида иштирок этиш йўли билан, қуйидаги шартномавий шаклларидан бирини қўллаган ҳолда амалга оширишлари мумкин:
8/1 Ижара ва Ижара мунтаҳия биттамлик:
Ижара ва ижара мунтаҳия биттамлик (мулк ҳуқуқини ўтказиш билан якунланувчи ижара) шартномалари қўлланиши мумкин. Бунда концессия эгаси ер майдонини давлатдан у ерда иншоот қуриш [яъни лойиҳани амалга ошириш] мақсадида ижарага олади, сўнгра лойиҳа доирасида барпо этилган иншоотни давлатга ижара мунтаҳия биттамлик асосида ижарага беради.
Шунингдек, концессия эгаси лойиҳани амалга ошириш учун ер майдонини бошқа шахсга оддий қуйи-ижара (операцион субижара) ёки ижара якунида мулк ҳуқуқи бир томондан иккинчи томонга ўтишини кўзда тутувчи қуйи-ижара (субижара мунтаҳия биттамлик) асосида ижарага бериши мумкин.
8/2 Истисна:
Истисна ва параллел истисна шартномалари қўлланиши мумкин. Бунда давлат — буюртмачи, муассаса — ишлаб чиқарувчи/қурувчи, концессия эгаси эса — параллел буюртмачи сифатида иштирок этади.
Истисна нархи тайёрланган объектнинг манфаатларидан фойдаланиш ҳуқуқи (узуфрукти) билан ифодаланади. Бу манфаатлар хизматлардан фойдаланувчиларга йиғим ва хизмат ҳақи эвазига тақдим этилади.
8/3 Мушорака:
Қурилиш концессия шартномаларида доимий ёки камайиб борувчи мушорака (шерикчилик) шартномаларини қуйидаги тартибда қўллаш мумкин:
8/3/1 Доимий мушоракада муассаса давлат ёки концессияни амалга оширувчи шахс билан биргаликда лойиҳани амалга ошириш учун зарур бўлган сармоя/капиталга ўз улушини қўшиш орқали иштирок этади ва шериклик белгиланган муддат тугагунга қадар амал қилади.
8/3/2 Камайиб борувчи мушоракада муассаса лойиҳани амалга ошириш учун зарур бўлган сармоя/капиталга улушини қўшиш орқали иштирок этади ва муассаса (ёки лойиҳани амалга оширувчи компания) ўз улушини босқичма-босқич давлатга сотиш мажбуриятини олади.
9. Концессияни тасарруф этиш:
Концессия молиявий ҳуқуқ ҳисобланганлиги сабабли, концессия эгаси уни сотиш, ижарага бериш, гаровга қўйиш, мушоракага тикиш (яъни улуш сифаатида киритиш) ёки секюритизация қилиш (яъни активларни қимматли қоғозларга айлантириш) орқали тасарруф этишга ҳақли. Бу жараёнлар шаръий мезон ва шартларга мувофиқ ҳамда концессияни берувчи томон ўрнатган чекловларни ҳисобга олган ҳолда амалга оширилиши керак.
10. Бошқарув концессиясига оид шартномалар:
10/1 Бошқарув концессиясининг таърифи:
Бошқарув концессияси – давлат билан бошқа шахслар ўртасида инфратузилма объектлари ёки ижтимоий аҳамиятга эга объектларни муайян ҳақ эвазига бошқариш ҳуқуқини бериш ҳақида тузиладиган шартнома бўлиб, у аҳолига хизмат кўрсатиш ва жамоат манфаатини таъминлаш мақсадида амалга оширилади.
10/2 Бошқарув концессия шартномаларининг шаръий тавсифи:
10/2/1 Агар бошқарув концессиясини бериш эвазига тўланадиган ҳақ қатъий белгиланган сумма ёки умумий даромаднинг маълум фоизи сифатида белгиланса, давлат билан концессия эгаси ўртасидаги шартнома ижара шартномаси ҳисобланади. Бундай ҳолатда бошқарув концессиясини берувчи ташкилот концессия муддати учун тўланадиган ҳақдан ташқари, концессияни тақдим этганлик учун йиғим ундириш ҳуқуқига эга бўлиб, бу олдиндан тўланган ижара ҳақи қабилида бўлади.
Агар олинадиган ҳақ фойданинг (харажатлар ва захиралар чегирилгандан кейинги соф даромаднинг) маълум бир фоизи кўринишида белгиланса, давлат билан концессия эгаси ўртасидаги шартнома музораба шартномаси ҳисобланади. Бунда музораба капитали/сармояси – объект ёки лойиҳа активининг ўзи ҳисобланади.
10/2/2 Юқоридаги 10/2/1 бандда зикр қилинган ҳар икки ҳолатда ҳам концессия эгаси билан объект ёки лойиҳа хизматларидан фойдаланувчилар ўртасидаги шартнома фаолият тури/хусусиятига қараб ижара шартномаси ёки олди-сотди шартномаси ҳисобланади.
10/3 Бошқарув концессияси шартномасининг бекор қилиниши:
Бошқарув концессияси – уни тақдим этишда белгиланган муддатга тузилган муваққат (вақтинчалик) шартномадир. Концессия эгаси шартларни бузган ёки шартномада кўзда тутилган мажбуриятларни бажармаган тақдирда у давлат томонидан бекор қилиниши мумкин. Концессия эгаси, оммага хизмат кўрсатиш жараёнига путур етказмасликни таъминлайдиган зарур чора-табдирларни кўриш шарти билан ундан воз кечиш ҳуқуқига эга.
10/4 Хизматларнинг нархларини белгилаш:
Бошқарув концессиясини тақдим этувчи томон концессия мавзуси (предмети) бўлган хизматлар учун нархларни концессия эгаси ва инфратузилма ёки объект хизматларидан фойдаланувчилар ўртасида адолат ва умумий манфаатни таъминлайдиган тарзда белгилаш ҳамда ўзгартириш ҳуқуқига эга.
10/5 Шартнома шартларига риоя қилиниши:
Бошқарув концессиясини тақдим этувчи томон ёки у ваколат берган шахс концессия шартномасида белгиланган/назарда тутилган шартлар ва тавсифларга риоя этилаётганлигини текшириш мақсадида назорат ва тафтиш ишларини олиб боришга, шунингдек, шартнома шартлари бузилган тақдирда шартномада кўзда тутилган жазо (тийиб турувчи) чораларини қўллаш ҳуқуқига эга.
Таржимон:
Муҳиддин Бектемиров, AAOIFIнинг CSАА сертификати соҳиби
Муҳаррир:
Жаҳонгир Имамназаров
Иқтисодиёт фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)
“Ислом молияси” лойиҳаси ҳамасосчиси