ШАРЪИЙ МЕЪЁР №6
Анъанавий банкни ислом банкига ўзгартириш
Меъёрнинг баёни (матни)
6. Ўзгартиришнинг фоизли дебиторлик қарзларига таъсири ва уларнинг шаръий муқобиллари
6/1 Банк фоиз тўлаш мажбурияти эвазига жалб қилган пул маблағлари бўйича аввал тузилган анъанавий битимларнинг барча оқибатлари, ушбу битимлар жисмоний шахслар, банклар ёки марказий банк билан тузилган бўлса ҳам, бартараф этилиши (тугатиши) керак. Мазкур шарт, банкни қайта ташкил этиш қароридан олдин қабул қилинган (фоизли) депозитлар, имтиёзли акциялар, фоизли инвестиция сертификатлари ва облигацияларни қамраб олади. (9-бандга қаралсин).
6/2 Банк ўз фаолиятини юритиши ёки ношаръий мажбуриятларини тугатиши учун керак бўлган ликвидликни таъминлашда шариатга мувофиқ воситалар билан чекланиши керак, масалан:
6/2/1 Устав капиталини ошириш орқали акциядорларнинг улушларини ошириш ҳамда инвестиция ва жорий ҳисобрақамларга пул жалб қилиш.
6/2/2 Ислом қимматли қоғозлари-сукукларни, масалан, Музораба, Мушорака ёки Ижара сукукларини шариат кўрсатмаларига мувофиқ чиқариш.
6/2/3 Банк сотувчи сифатида иштирок этадиган Салам шартномаларини ёки ишлаб чиқарувчи сифатида иштирок этадиган Истисна шартномаларини амалга ошириш. Бироқ, Истисна шартномаси бўйича тўловни олдиндан (яъни бўнак тарзида) тўлаш шарт қилинади, гарчи уни кечиктириб тўлашга йўл қўйилса ҳам.
6/2/4 Банк ўз активларининг бир қисмини сотиши, сўнгра уларни қайта ижарага олиши. Бунда “Ижара ва Ижара Мунтаҳия Биттамлик” номли 9-меъёрдаги қоидаларга амал қилиниши керак. Яъни олди-сотди шартномаси ижара шартномасидан мустақил бўлиши ва бу икки келишув ўртасида ҳеч қандай (бевосита) боғлиқлик бўлмаслиги керак.
6/2/5 Шариат кўрсатмалари асосида Таварруқ битимларини тузиш, яъни маҳсулотларни насияга сотиб олиш ва уларни дастлабки сотувчидан бошқа, учинчи томонга нақдга сотиш.
6/3 Агар банкнинг капитали тақиқланган (ҳаром) амалиётлар натижасида кўпаядиган бўлса ёки баъзи захиралар бундай амалиётлар асосида шаклланса, у ҳолда уларга нисбатан банкнинг ношаръий ҳақлари ва тақиқланган активларига қўлланиладиган қоидалар татбиқ этилади. [8 ва 10-бандларга қаралсин].
давоми бор …
Таржимонлар:
Муҳиддин Бектемиров, AAOIFI нинг CSAA сертификати соҳиби
Олимжон Иргашев, AAOIFI нинг CSAA сертификати соҳиби
Муҳаррир:
Жаҳонгир Имамназаров
Иқтисодиёт фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)
“Ислом молияси” лойиҳаси ҳамасосчиси