2026-йил 22-январда мен исломий инвестиция платформаларига хос жиддий тизимли хатарлар ҳақида пост қўйган эдим.
Мен ўшандаёқ муаммо алоҳида бир компанияда эмас, балки сармоядорлар маблағларини бошқариш моделининг ўзида эканлигини, агар мустақил назорат ва сармоядорларни ҳимоя қилишнинг самарали механизмлари мавжуд бўлмаса, у ҳолда муаммо жиддий тус олишини тушунган эдим.
Муаммо аллақачон мавжуд эди. Фақат унинг аломатлари ҳали яққол кўзга ташланмаган эди. Инвесторларга фойда тўланаётган, мижозларга бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти берилаётган, бизнес эса ўсаётган эди. Ташқаридан қараганда ҳаммаси яхшидек кўринарди.
Аммо муаммоларнинг кўзга ташланмаслиги хатарлар мавжуд эмаслигини англатмайди. Баъзан улар компания ичида йиллар давомида тўпланиб боради ва фақат маълум вақтдан кейингина юзага чиқади.
Халқаро молия соҳасидаги 29 йиллик фаолиятим давомида бундай масалаларга кўп бора дуч келганман. Корпоратив бошқарув, молиявий хатарлар ва ички назорат мен учун кундалик касбий фаолиятнинг ажралмас қисмидир. Шу сабабли бундай тизимли заифликлар қандай оқибатларга олиб келиши мумкинлигини ўшандаёқ англаган эдим. Бу фақат вақт масаласи эди.
Афсуски, кейинги воқеалар бу хавотирларим асосли бўлганлигини кўрсатди.
Аммо мен ИМАНни бутун соҳадаги мавжуд муаммоларнинг асосий айбдори сифатида кўрсатмаган бўлардим. ИМАН атрофидаги вазият бу тизимли хатарларни йўқдан бор қилмади, балки уларни ошкор қилди холос. Бошқа инвестиция платформалари ҳам бундан жиддий сабоқ олишлари керак.
Шу билан бирга, мен бир нарсага қатъий ишонаман: муаммосиз компания бўлмайди. Аммо компаниялар муаммоларга бўлган муносабати билан бир-биридан тубдан фарқ қилади.
Баъзилари муаммоларни тан олади, уларнинг асл сабабларини излайди ва чин дилдан тузатишга интилади.
Бошқалари эса вазият имкон бериб тургунча муаммолар билан яшашни афзал кўради.
Яна бир тоифа эса суиистеъмол қилиш учун шароитни ўзи яратади ва бундан манфаат кўради.
Сўнгги пайтларда амалга оширилаётган қадамларга қараганда, ИМАН, назаримда, биринчи ёндашувга хос белгиларни намоён қилмоқда. Буни қўллаб-қувватлаш муҳим. Албатта, якуний баҳони тайинловлар ва баёнотлар эмас, балки бошқарув ва назорат тизимидаги ҳақиқий ўзгаришлар беради.
Бу ўринда Қуръонда баён этилган ёндашув менга жуда яқин: инсон хато қилиши мумкин, аммо муҳими хатосини англаш, чин дилдан тавба қилиш, уни тузатиш ва тўғри йўлга қайтишдир.
Шу сабабли хатоларини чин дилдан тузатишга интилаётганларни фақат танқид қилиш эмас, балки қўллаб-қувватлаш ҳам керак, деб ҳисоблайман.
Бироқ муаммони тан олиш ҳали уни ҳал қилиш дегани эмас.
Янги аудиторларни тайинлаш, Шариат кенгаши таркибини янгилаш ёки айрим раҳбарларни алмаштиришнинг ўзи етарли эмас. Муаммоларнинг асл сабабларини бартараф этиш ва қоидабузарликлар такрорланиши эҳтимолини кескин камайтирадиган механизмларни яратиш зарур.
Бундай ечимлар мавжуд. Улар ўзаро чамбарчас боғлиқ учта тизимни шакллантиришга асосланади:
• Корпоратив бошқарув: раҳбариятнинг ўз ваколатларидан назоратсиз фойдаланишига йўл қўймайдиган ва инвесторлар манфаатларини ҳимоя қиладиган тизим.
• Шариат корпоратив бошқаруви: исломий молия тамойилларига нафақат ҳужжатларда, балки компаниянинг барча бизнес жараёнларида риоя этилишини таъминлайдиган тизим.
• Ички назорат: рухсат этилмаган амалиётларни улар амалга оширилганидан кейин аниқлаш билан чекланмай, имкон қадар олдини оладиган тизим.
Мен асосий хатарлар қаерда ва нима сабабдан юзага келишини, уларни тизимли равишда қандай камайтириш мумкинлигини яхши биламан. Гап мавҳум тавсиялар ҳақида эмас, балки аниқ бошқарув, молиявий ва технологик ечимлар ҳақида кетмоқда.
Насиб этса, ўз касбий тажрибамни ИМАН ва жиддий тизимли ўзгаришларга чин дилдан тайёр бўлган бошқа инвестиция платформалари билан баҳам кўришга тайёрман.
Рей Далионинг машҳур формуласи менга жуда ёқади:
Хато + хато устида чуқур рефлексия (тафаккур) = тараққиёт.
Аммо рефлексия аниқ амалий ҳаракатларга олиб келиши керак. Акс ҳолда, хато шунчаки хатолигича қолади ва эртами-кечми яна такрорланади.
Ҳақиқий тараққиёт компания умуман хато қилмай қўйганида эмас, балки хатолардан сабоқ олиб, уларнинг такрорланишига йўл қўймайдиган тизимни яратганида бошланади.
Айнан шундай қилиб, одамларнинг ишончи фақат айрим шахсларнинг обрў-эътиборига эмас, балки тизимнинг ўзи қанчалик ишончли эканига асосланади.
Хондамир Нусратхўжаев
Ислом молияси бўйича халқаро эксперт
Манба: https://mufeed.uz/uz/blog/muammo-ko-zga-tashlanishidan-ancha-oldin-mavjud-edi