Маълумки, 1979 йилда Эронда монархия тугатилди ва давлат тизими ўзгарди. Шундан сўнг мамлакат иқтисодий тизими ҳам тубдан ислоҳ қилинди. Янги давлат сиёсати ислом ҳуқуқи тамойилларига асосланган иқтисодий моделни шакллантиришни мақсад қилди. Натижада Эрон бугунги кунда банк тизими расман тўлиқ ислом молияси асосида фаолият юритаётган дунёдаги ягона мамлакат ҳисобланади.
Ислом банк тизимига ўтиш
Эронда ислом банкчилигининг ҳуқуқий асоси 1983 йилда қабул қилинган “Usury-Free Banking Law” (Фоизсиз банк амалиётлари тўғрисидаги қонун) ҳисобланади. Ушбу қонунга мувофиқ мамлакатдаги барча банклар ўз фаолиятини шариат талаблари асосида қайта ташкил қилди.
Анъанавий кредит муносабатлари ўрнига банклар ислом молиясида қўлланувчи шартномалардан фойдаланишни бошлашди.
Эрон иқтисодиётининг асосий кўрсаткичлари
2024–2025 йилларда Эрон иқтисодиёти ташқи сиёсий-иқтисодий чекловлар (санкциялар)га қарамай ўсишни сақлаб қолди. World Bank маълумотларига кўра, иқтисодий ўсишга асосий туртки берувчи куч (драйвер) нефть саноати ҳамда хизматлар соҳасининг ривожланиши бўлди.
Халқаро валюта жамғармаси (International Monetary Fund) иқтисодий таҳлилларига кўра, мамлакатда инфляция юқори даражада сақланиб қолмоқда ва бу мамлакат иқтисодиёти учун энг катта ички муаммолардан бири ҳисобланади.
Давлатнинг иқтисодиётдаги ўрни
Эрон иқтисодиётини тўлиқ бозор иқтисодиёти деб бўлмайди. Давлат стратегик соҳаларда устувор мавқега эга.
Жумладан:
- нефть ва газ саноати;
- электр энергетика;
- йирик банклар;
- транспорт инфратузилмаси;
- металлургия;
- мудофаа саноати.
Бундан ташқари, Эронда Bonyads деб аталувчи диний-хайрия жамғармалари иқтисодиётда муҳим ўрин тутади. Улар ижтимоий лойиҳаларни молиялаштириш билан бирга қишлоқ хўжалиги, қурилиш, саноат ва савдо соҳаларида ҳам фаол иштирок этади.
Қарзи ҳасан (Қард ҳасан) институти
Эрон иқтисодиётининг энг ўзига хос жиҳатларидан бири — Қарзи ҳасан тизимининг кенг ривожланганлигидир.
Қард Ҳасан орқали аҳолига никоҳ харажатлари, талабалар таълими, даволаниш, уй-жой таъмири ва бошқа ижтимоий эҳтиёжлар учун фоизсиз қарзлар тақдим этилади. Банклар бунда асосан хизмат ҳақини ёки маъмурий харажатларни қоплаш учун жуда кичик йиғим олишади.
Ислом капитал бозори
Эронда банк тизими билан бир қаторда ислом капитал бозори ҳам шаклланган. Мамлакатда сукукнинг турли шакллари давлат инфратузилма лойиҳалари, саноат ва энергетика тармоқларини молиялаштиришда муваффақиятли қўлланилади.
Закот ва вақфнинг иқтисодий аҳамияти
Ислом иқтисодиётида ижтимоий ҳимоя муҳим ўрин тутади.
Эронда закот, вақф, садақа ва бошқа турдаги хайрия жамғармалари кам таъминланган аҳолини қўллаб-қувватлаш, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларини молиялаштиришда фаол иштирок этади.
Вақф муассасалари юзлаб масжидлар, университетлар, касалхоналар ва илмий марказларнинг барқарор фаолиятини таъминлайди.
Сиёсий-иқтисодий чекловлар (санкциялар) таъсири
Эрон иқтисодиётига таъсир этувчи энг муҳим ташқи омил — халқаро чекловлардир.
Хусусан, банк тизимига қўйилган чекловлар, халқаро тўлов тизимларидан узилиш, хорижий сармояларнинг чекланганлиги, экспорт бозорларининг чекланганлиги иқтисодий ўсиш суръатларига салбий таъсир кўрсатди.
Шунга қарамай, давлат нефть экспортини диверсификация қилиш, ишлаб чиқариш тармоқларини ривожлантириш ва минтақавий савдо алоқаларини кенгайтириш орқали иқтисодий барқарорликни сақлашга ҳаракат қилмоқда.
Эрон модели: ютуқлар ва муаммолар
Эрон ислом иқтисодиётининг асосий ютуқлари қуйидагилардир:
- ислом молияси шартномаларининг миллий қонунчиликка тўлиқ жорий қилинганлиги;
- қарзи ҳасан институтларининг кенг ривожлангани;
- сукук бозорининг шакллангани;
- закот ва вақф муассасаларининг иқтисодий жараёнларда фаол иштирок этиши.
Шу билан бирга, қатор муаммолар ҳам мавжуд:
- юқори инфляция;
- миллий валютанинг қадрсизланиши;
- давлат иштирокининг юқорилиги;
- халқаро чекловлар.
Хулоса
Эрон тажрибаси ислом иқтисодиётини давлат миқёсида жорий этишнинг энг йирик ва энг узоқ давом этаётган намуналаридан бири ҳисобланади. Мамлакатда банк тизими, капитал бозори, Қарзи Ҳасан институтлари, закот ва вақф механизмлари ягона ҳуқуқий тизим асосида фаолият юритади. Бироқ Эрон иқтисодиётининг самарадорлигини баҳолашда ислом молияси тамойиллари билан бир қаторда ташқи санкциялар, юқори инфляция, давлатнинг иқтисодиётдаги катта улуши ва халқаро молиявий чекловлар каби омилларни ҳам ҳисобга олиш лозим.
Фойдаланилган манбалар
- World Bank – Iran Economic Monitor. (Всемирный банк)
- International Monetary Fund – Islamic Republic of Iran. (IMF)
- Central Bank of the Islamic Republic of Iran — Law for Usury-Free Banking (1983).
- Islamic Financial Services Board. Islamic Financial Services Industry Stability Report (2025).
Тадқиқотчи Дилдора Эгамбердиева тайёрлади