AAOIFI Шаръий меъёри № 20:
ТАРТИБГА СОЛИНГАН (УЮШГАН) БОЗОРЛАРДА ТОВАР-ХОМАШЁ САВДОСИ
Муқаддима
Ушбу меъёр турли давлатлардаги тарафлар ўртасида амалга ошириладиган маҳсулотлар (товар-хомашё) савдоси қайси асосларга таяниб ташкил этилишини тушунтиришни мақсад қилади. Бундай битимлар дарҳол бажариладиган (яъни спот), кечиктириб бажариладиган, шунингдек ҳосилавий молия воситалари (деривативлар) орқали бажариладиган шартномалар воситасида амалга оширилиши мумкин.
Меъёр мазкур амалиётлардан қайсилари шариат нуқтаи назаридан жоиз, қайсилари эса тақиқланган эканлигини тушунтиради. Шу билан бирга, ислом молия муассасалари учун шариат томонидан таклиф этилган муқобил ечимларни ҳам баён қилади.
Меъёрнинг матни
1. Меъёрнинг қамрови (амал қилиш/ қўлланиш доираси):
Мавзуси (предмети) турли маҳсулотлар (товар-хомашё) бўлган халқаро олди-сотди шартномалари ушбу меъёр қамрови доирасига киради. Шунингдек, мазкур меъёр деривативларнинг машҳур турлари бўлган фьючерслар, опционлар ва свопларни ҳам қамраб олади.
Ушбу меъёр индексларни, қимматли қоғозларни, тижорат қоғозларини ёки валюталар савдосини қамраб олмайди, чунки улар учун алоҳида меъёрлар мавжуд. Шунингдек, тартибга солинган (уюшган) бозорлардан ташқарида амалга ошириладиган савдо-сотиқлар ҳам ушбу меъёр доирасига кирмайди.
2. Маҳсулотлар (товарлар) савдосининг таърифи ва уларнинг турлари:
2/1 Маҳсулотлар (товарлар) савдосининг таърифи:
2/1/1 Маҳсулотлар савдоси – бу ваколатли идоралар назорати ва кузатуви остида фаолият юритадиган тартибга солинган (уюшган) товар-хомашё бозорларида амалга ошириладиган олди-сотди битимларидир. Ушбу савдо битимлари сотиш ва сотиб олиш талаб-таклифларини мувофиқлаштирувчи ихтисослашган воситачилар орқали, етказиб бериш вақти ва жойи кўрсатилган, турли шарт ва тавсифларни ўз ичига олган стандарт (намунавий) шартномалар асосида амалга оширилади.
Шартноманинг бажарилишини кафолатлаш мақсадида маҳсулот нархининг маълум бир қисмини депозит сифатида киритиш ва воситачилар (брокерлар) ҳузурида ҳисобварақлар очиш шарти қўйилиши мумкин.
2/2 Маҳсулотлар савдосининг турлари:
Маҳсулотлар савдоси уч турга бўлинади:
2/2/1 Дарҳол бажариладиган (нақд/спот) шартномалар:
Бу [икки айирбошланаётган нарса – пул ва маҳсулотни] зудлик билан етказиб бериш ва қабул қилишни талаб этадиган шартномалар бўлиб, бозор қоидаларига кўра етказиб бериш бир ёки икки иш куни доирасида кечикиши мумкин.
2/2/2 Кечиктирилган (форвард) шартномалар:
Бу – ҳар иккала бадал [товар ва пул] ҳам насия бўлган шартномалар бўлиб, шартноманинг ҳуқуқий оқибатлари келгусида аниқ белгиланган санада юзага келади, ўша вақтда етказиб бериш ва қабул қилиш билан якунланади.
2/2/3 Фьючерс шартномалар:
Бу – ҳуқуқий оқибатлари келгусида аниқ белгиланган санада юзага келадиган шартнома бўлиб, одатда томонлар ўртасида Муқосса (ўзаро ҳисоб-китоб, клиринг) йўли билан ёки нақд пулда ҳисоб-китоб қилиш орқали ёки қарама-қарши (тескари) шартномалар тузиш орқали якунланади. Бундай шартномалар камдан-кам ҳолларда ҳақиқий етказиб бериш (топшириш) ва қабул қилиш билан якунланади.
2/3 Маҳсулотлар савдосининг якунланиши:
Маҳсулотлар савдоси бўйича тузилган шартномалар қуйидаги усуллардан бири билан якунланади:
2/3/1 Ҳар икки айирбошланувчи эваз (бадал) ёки улардан бири ҳақиқатда топшириладиган шартномалар орқали;
2/3/2 Томонлар ўртасида ўзаро ҳисоб-китоб (Муқосса/ клиринг) амалга оширилиши билан якунланадиган шартномалар орқали;
2/3/3 Ўзаро келишув ва пуллик ҳисоб-китоб асосида якунланадиган шартномалар орқали (бунда маҳсулотни ҳақиқатда етказиб бериш ёки қабул қилиш ўрнига, томонлар фақат нархлар фарқини пул кўринишида ҳисоб-китоб қилиб ёпишади – тар.);
2/3/4 Қарама-қарши (тескари) шартномалар тузиш билан якунланадиган шартномалар орқали.
3. Маҳсулотлар савдосининг шаръий ҳукми:
3/1 Спот (нақд) шартномалар:
Маҳсулот (товар-хомашё) бозорида спот шартномаларни тузиш қуйидаги шартлар асосида жоиз бўлади:
3/1/1 Сотилаётган маҳсулот мавжуд бўлиши ва сотувчига тегишли бўлиши лозим;
3/1/2 Сотилаётган маҳсулот уни бошқа маҳсулотлардан ажратиб турадиган тарзда аниқ, тайин бўлиши керак;
Юқорида баён қилинган икки шартга риоя қилинганлигини тасдиқлаш учун маҳсулотнинг мавжудлигини, унга бўлган эгалик (мулк) ҳуқуқини тасдиқловчи ҳамда серия рақами ёки шу каби бошқа мезонлар асосида уни аниқлаш (идентификация қилиш) имконини берувчи ҳужжатлар мавжуд бўлиши етарли ҳисобланади.
3/1/3 Шартномада харидорни маҳсулотни қабул қилиб олишдан маҳрум қиладиган ва уни қиймати бўйича ўзаро ҳисоб-китоб (Муқосса) қилишга мажбур қиладиган шарт бўлмаслиги лозим;
3/1/4 Нарх нақд (яъни дарҳол / спот) тўланиши лозим. Мавжуд ва аниқ белгиланган маҳсулотни, кейинчалик етказиб бериш шарт қилинмаган бўлса, етказиб беришдаги кечикиш ёки нақд (спот) нархни қабул қилишдаги кечикиш шартноманинг ҳақиқийлигига таъсир қилмайди.
3/2 Форвард шартномалари (иккала қарама-қарши қийматлар кечиктириладиган битимлар):
3/2/1 Форвард шартномалари – маҳсулотни келгусидаги маълум бир вақтда етказиб бериш шарти билан сотиш ва сотиб олиш шартномасидир. Улар фьючерслардан шуниси билан фарқ қиладики, форвард битим биржада тартибга солинмайди, молиявий назорат идоралари томонидан назорат қилинмайди ва шу билан бирга молиявий хеджинг (ҳимоя) воситаси ҳисобланади.
3/2/2 Иккала эваз (бадал/айирбошлаш объектлари) кечиктириладиган шартномалар икки хил кўринишга эга:
3/2/2/1 Маҳсулот мавсуфа физ-зимма, яъни зиммада мажбурият сифатида тавсифланган бўлиб, нарх ҳам кечиктирилган бўлса – шартнома бай (олди-сотди) ёки Салам лафзи билан ҳам тузилишидан қатъий назар – жоиз эмас. Чунки бу Салам шартномаси бўлса ҳам, унда Салам капитали (раъс ал-мал) дарҳол тўланмаган. [«Салам ва параллел салам» тўғрисида № (10) сонли шаръий меъёрга қаралсин]
3/2/2/2 Маҳсулот аниқ бўлади, лекин уни етказиб беришнинг кечиктирилиши нархнинг кейин тўланиши билан бирга шарт қилинган бўлади. Бундай шартномаларга ҳам шариатда рухсат берилмайди.
3/2/3 Агар шартнома Истисна шартномаси бўлса, нарх кечиктирилганда ҳам бундай шартнома тўғри бўлади. [“Истисна ва Параллел Истисна” тўғрисида № (11) сонли шаръий меъёрнинг 3/1/5-бандига қаралсин]
3/2/4 Эвазлар (бадаллар/айирбошлаш объектлари)дан бирини кечиктиришда ҳеч қандай чеклов йўқ, жоиз: нархни кечиктириш – “Насия савдо” тўғрисида № (20) сонли Бухгалтерия ҳисоби стандарти талабларига риоя қилган ҳолда ҳамда маҳсулотни кечиктириш – «Салам ва Параллел Салам» тўғрисида № (10) сонли шаръий меъёрга риоя қилган ҳолда – мумкин.
3/3 Маҳсулот фьючерслари (FUTURES):
Фьючерс шартномалари билан муомала қилиш – уларни тузиш ҳам, иккиламчи бозорда уларни муомалага киритиш (савдо қилиш) ҳам шаръан жоиз эмас. [2/2/3 ва 5/1 бандларга қаралсин.
(давоми бор)
Таржимон:
Муҳиддин Бектемиров, AAOIFI нинг CSAA сертификати соҳиби
Муҳаррир:
Жаҳонгир Имамназаров
Иқтисодиёт фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)
“Ислом молияси” лойиҳаси ҳамасосчиси