ШАРЪИЙ МЕЪЁР №8
МУРОБАҲА
Меъёрнинг баёни (матни)
3. Муассаса маҳсулотни эгаликка олиши ва қабз қилиши ҳамда бу ишларга вакил тайинлаши
3/1 Муробаҳа асосида сотишдан олдин муассаса маҳсулотни эгаликка олиши
3/1/1 Муассаса бирор маҳсулотни эгаликка олишидан олдин уни Муробаҳа асосида сотиши ман этилади. Демак, муассаса Муробаҳа предмети бўлган маҳсулотни сотиб олиш бўйича дастлабки сотувчи (мол етказиб берувчи) билан олди-сотди шартномасини тузишдан олдин ҳамда маҳсулотни қабз қилмасдан (яъни ўз эгалигига ўтказмасдан) туриб мижоз (буюртмачи) билан Муробаҳа битимини имзолаши тўғри бўлмайди. Маҳсулот ҳақиқий қабз қилинади ёки эгалик ҳуқуқини берувчи ҳужжатлар сотувчи томонидан топширилиши билан ҳукмий қабз қилинади. (3/2/1 ва 3/2/4 бандларга қаралсин). Шунингдек, дастлабки харид шартномаси ботил (бекор) бўлса, Муробаҳа савдоси ҳақиқий ҳисобланмайди, чунки бу ҳолатда муассасанинг маҳсулотга эгалиги бўлмайди.
3/1/2 Муассаса сотувчи билан бевосита учрашиб, у билан шартнома тафсилотларини муҳокама қилиши ва шундан сўнг олди-сотди шартномасини тузиши жоиз. Шунингдек, шартномани ийжоб (таклиф) ва қабул ҳақидаги хабарномаларни алмашиш орқали тузиш мумкин. Бу ёзма шаклда амалга оширилиши ҳам, амалдаги савдо-сотиқ тамойилларига мувофиқ равишда қўлланилаётган ҳар қандай замонавий алоқа воситалари орқали қилиниши ҳам мумкин.
3/1/3 Аслида, муассасанинг ўзи маҳсулотни бевосита сотувчидан сотиб олади. Шу билан бирга, муассаса харидни буюртма берган мижоздан бошқа шахсни вакил қилиш орқали амалга ошириши ҳам жоиз. Муассаса мижознинг ўзини фақат ўта зарур ҳолатлардагина вакил қилиши мумкин. Бундан ташқари, вакил маҳсулотни ўзига сота олмайди. балки муассаса маҳсулотни ўз эгалигига олгандан кейин уни мижоз-вакилга сотади. Мазкур ҳолатда 3/1/5 банддаги қоидаларга риоя қилиш керак.
3/1/4 Муассаса маҳсулотни сотиб олиш учун мижозни вакил қилган ҳолатда муайян шартлар риоя қилинишини таъминлайдиган тартиб-қоидаларни бажариши шарт. Хусусан:
а) Муассаса маҳсулот нархини сотувчига бевосита ўзи тўлаши лозим. Маҳсулот нархини вакил сифатида тайинланган мижознинг ҳисобрақамига имкон қадар тушириб бермаслиги керак.
б) Муассаса сотувчидан савдонинг ҳақиқатда амалга ошганини тасдиқловчи ҳужжатларни олиши керак.
3/1/5 Икки жавобгарликни, яъни муассасанинг жавобгарлиги ҳамда маҳсулотни муассаса фойдасига вакил сифатида сотиб олаётган мижознинг жавобгарлиги ўртасини бир-биридан ажратиш лозим. Бу вакилликни амалга ошириш ва Муробаҳа шартномасини имзолаш ўртасини вақт билан ажратиш орқали амалга оширилади, яъни мижоз томонидан вакиллик бажарилганлиги ҳамда маҳсулотни сотиб олиш ҳақидаги таклиф хати муассасага юборилади. Шундан сўнг муассаса томонидан маҳсулотни сотиш тўғрисидаги хабарнома (яъни қабул) мижозга юборилади. [А ва Б иловаларга қаралсин].
3/1/6 Асл тамойил шуки, маҳсулотни харид қилиш шартномасини имзолаш вақтида барча ҳужжатлар ва шартномалар мижознинг номига эмас, балки муассасанинг номига расмийлаштирилиши керак, мижоз муассасанинг вакили бўлган ҳолат бундан мустасно.
3/1/7 Муассаса маҳсулотни сотиб олиш учун учинчи томонни вакил қилиб тайинлаган пайтда, икки томон вакиллик шартномасини ошкора қилмасликка келишиб олишлари мумкин. Бу ҳолатда вакил бошқа томонлар билан муносабатларда вакил сифатида эмас, балки ўз номидан ҳаракат қилади ва харидни ҳам ўз номига расмийлаштиради, лекин (аслида) уни вакил қилувчи муассаса фойдасига ҳаракат қилади. Бироқ, вакил ўзининг ҳақиқий мавқеи (позицияси)ни ошкор қилиши афзал ҳисобланади.
давоми бор …