Ҳурматли саҳифамиз аъзолари, бугундан сизларни ислом ижтимоий молияси маҳсулотлари билан таништиришни бошламоқчимиз. Биз аввалроқ асосий ислом ижтимоий маҳсулоти бўлмиш закот ва фитр садақаси ҳақидаги бир қанча мақола ва маълумотларни саҳифамиз ва сайтимиз орқали сизларнинг эътиборингизга ҳавола қилган эдик, энди эса яна бир муҳим ислом ижтимоий молияси маҳсулоти бўлган вақф билан сизларни таништиришни бошламоқчимиз.
Вақф: кириш
«Вақф» сўзи луғатда «тўхтатиш», «тутиб қолиш» маъносини англатади. Шариатда эса молнинг аслини ушлаб туриб, фойдасини Аллоҳга қурбат (яқинлик) ҳосил қилиш учун сарфлашга айтилади. Вақф қилинган нарсадан келадиган фойда вақф қилувчи белгилаган/кўрсатган шаръий мақсад учун сарф қилинади ва савоби вақф қилувчига бўлади. Вақф қилинган нарса сотилмайди, ҳадя қилинмайди, мерос қолдирилмайди.
Қуйидаги ояти карима вақфнинг шариатда жорий қилинишига далолат қилади: “Эй, имон келтирганлар! Касб қилган нарсаларингиздан ва Биз сизларга ердан чиқариб берган нарсаларимиздан садақа (эҳсон) қилинглар!” (“Бақара” сураси, 267-оят).
Вақфга алақодор энг машҳур ҳадислардан бирига Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган қуйидаги ҳадис мисол бўла олади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Одам боласи вафот этганда, унинг амаллари кесилади. Фақат уч нарсадан: садақаи жория, манфаатланадиган илм ва унинг ҳаққига дуо қилиб турувчи солиҳ фарзанддан кесилмайди», дедилар»
Бешовларидан фақат Имом Бухорий ривоят қилмаган.
Шарҳ: Бу ердаги вақфга тегишли гап «садақаи жория» дир. Жорий садақа давомли садақа бўлиб, вақф шу доирага тушади. Мусулмон киши кўпчилик фойда оладиган бир иш қилиб кетган бўлади, ана шундан кишилар фойда олиб турсалар, ўлганидан кейин ҳам унинг эгасига савоб етиб туради. Шунинг учун ҳам мусулмонлар ислом таълимотларини яхши тушуниб, уларга амал қилган пайтларида бардавом савобдан умидвор бўлиб кўплаб вақфлар қилганлар ва бева-бечора, фақир-камбағалларни ана шу вақфлар ҳисобидан таъминлаб турганлар. (“Ҳадис ва ҳаёт” 11-жуз) .
Вақф саҳиҳ бўлиши учун бир неча шартлар мавжуд бўлиб, уларга қуйидагилар киради:
- Вақф қилаётган киши тасарруфга лаёқатли киши бўлиши, яъни балоғатга етган, оқил инсон (ақли-ҳуши жойида) бўлиши лозим;
- Вақф қилинаётган нарса асли сақланиб қолган ҳолда, давомли фойда олиб туриладиган нарса бўлиши керак. Фойдаланиш билан тамом бўлиб қоладиган нарсани, масалан, таомни ёки ёқилғини вақф қилиш дуруст бўлмайди;
- Вақф қилинаётган нарса тайин (аниқ) бўлиши лозим. Тайин бўлмаган (ноаниқ) нарсани вақф қилиш дуруст эмас. Яъни, масалан: «уйларимдан бирини вақф қилдим» деса, айнан қайси уйни айтмагани учун мавҳумлик вужудга келади;
- Вақф яхшилик ишлари учун бўлиши шарт. Чунки, ундан мурод – Аллоҳ таолога қурбат (яқинлик) ҳосил қилишдир. Масжидлар, кўприклар қуриш, сув чиқариш, илмий китоблар чоп этиш каби ишлар шулар жумласидандир. Яхшилик саналмайдиган ношарий ишларга, масалан бутхоналар қуриш, куфр китобларни нашр қилиш, мозорларга чироқ ва шамлар ёқишга қаратилган ёки шу ишларни қилувчи хизматчиларга бирор нимани вақф қилиш кабилар вақф ҳисобланмайди. Чунки, бундай ишлар маъсият, ширк ва куфрга ёрдам бериш бўлади.
Вақфга доир ҳукмлардан яна бири шуки, вақф қилувчи шахс бир шарт қўйса ва бу шарт шариатга хилоф бўлмаса, унга амал қилиниши лозим бўлади. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Мусулмонлар қилган шартлари устидадир, ҳаромни ҳалол қилган, ҳалолни ҳаром қилган шарт бундан мустасно», деганлар (Абу Довуд (3594) Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан, Термизий (1352) Амр ибн Авф розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар). Чунки, Умар розияллоҳу анҳу вақф қилганлар ва бунда шарт қўйганлар (яъни Самғ деган жойдаги ерлари вафот этишлари билан вақф (садақа) қилинишини васият қилган эдилар.
Ўз мулкини вақф қилувчи инсон қуйидаги шартларни қўйиши мумкин:
1) Вақф мулкидан фақат бир тоифа инсонлар фойдаланишини шарт қилиш (масалан, бу бинодан фақат талабалар фойдалансин, каби);
2) Вақф мулкидан фойдаланишда бир тоифани иккинчи тоифадан устун кўришни шарт қилиш (масалан, аввал талабаларга, улардан кейин шифокорларга сарфлансин, каби);
3) Вақфга ҳақдор бўлувчида бир сифатнинг бўлишини шарт қилиш;
4) Вақфга ҳақдор бўлувчида бир сифатнинг бўлмаслигини шарт қилиш;
5) Вақфга назоратчиликни шарт қилиш ва бошқалар.
Юқоридаги каби шартлар Қуръон ва Суннатга хилоф бўлмаса, уларга амал қилиш лозим бўлади.
Вақф лафзнинг ўзи биланоқ лозим бўлувчи ақддир, уни бузиш жоиз бўлмайди. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Унинг асли сотилмайди, ҳадя қилинмайди, мерос қолдирилмайди», деганлар (Бухорий (2764) ва Муслим (1632) ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилганлар). Имом Термизий сўзларига кўра, аҳли илмлар наздида, амал мана шу ҳадисгадир, уни бузиш жоиз эмас, чунки у абадий вақфдир. (давоми бор)