1. Қарздор кишининг закоти.
Қарздор одам қарзини ҳисоблаб тўлаганда қўлидаги нисобга етган моли нисобдан камайиб қолмаса, қарз миқдорини айириб ташлаб, қолган пулидан закот чиқаради. Бордию, қарзини ҳисоблаганда унинг молини нисобдан тушириб юборса ёки буткул қўлидаги маблағни қоплайдиган даражада бўлса, бундай инсон закот бермайди.*
*Ислом молияси изоҳи:
бу ерда гап жорий закот ҳисобидан кейинги закот ҳисобигача бўлган давр ичида тўланиши керак бўлган қарз ҳақида кетяпти. Мисол учун, 2020 йил 15 май куни закот ҳисобланаётган бўлса, у ҳолда 2021 йил 4 майга қадар (354 кун ичида) тўланиши керак бўлган қарз ҳисобланаётган закот миқдоридан чиқариб ташланади.
Агар буни рақамларда берадиган бўлсак қуйидагича бўлади: 2020 йил 15 май кунига закот чиқарилиши керак бўлган мулк/пул миқдори – 30 млн.сўм, 2021 йил 4 майгача тўланиши керак бўлган қарз миқдори 7 млн.сум, тўланадиган закот – 575 минг сўм (30 000 000 – 7 000 000 = 23 000 000 / 40 = 575 000).
2. Тижорат ниятида олинмаган буюмлар учун закот берилмайди
Уй бўлсин, машина бўлсин, хўжалик буюмлари бўлсин хизмат учун ёки мулк учун олинган бўлса, улардан закот чиқарилмайди. Лекин, мазкур мулклардан бирортасини сотиб пулга айлантирган бўлса, ўша пулларни ўз қўлидаги нисобга етиб, бир қамарий йил ўтган закотий молига қўшиб закотини беради.
Масалан, қўлингизда 85 грам тилла қийматидаги ва ундан ортиқ пул мавжуд бир неча йилдан бери. Ҳар йили улардан закот бериб келяпсиз. Бир машинангиз ҳам бор. Уни сотдингиз. Ва закот бериш вақти келганда ҳам машинанинг пули қўлингизда турибди. Бу ҳолатда ўша пулларни ҳам ўзингиздаги нисобга етган пулларга қўшиб закотини чиқариш мажбуриятидасиз.
Чунки, қўлингиздаги аввалроқ нисобга етган қийматга қўшилаётган ҳар бир пул бир қамарий йилни бошидан ўтказиши шарт эмас закот вожиб бўлиши учун. Балки, биринчи марта нисобга етган мулкка эгалик қилган пайтингиздагина закот бериш вожиб бўлиши учун бир йил ўтиши керак. Ундан кейин нисобга қўшилиб турувчи қийматлар мазкур нисобга қўшилиб кетади.
Лекин, қўлингиздаги нисобга етган пулдан закот берганингиздан сўнг маълум вақт ўтиб орада машинангизни сотиб, кўп ўтмасдан бошқа бир мулкни ёки бошқа бир машинани эҳтиёж учун олсангиз (эътибор беринг тижорат учун эмас, эҳтиёж учун) орада бу пулдан закот бермайсиз. Чунки, ҳали закот берадиган муддат келмасдан туриб, у пулни эҳтиёж учун сарфладингиз.
3. Тижорат молларининг закоти
Тижорат молларининг закотинини чиқаришда уларни яхшилаб ҳисоб-китоб қилиб, нархини чиқариб, сўнг амалдаги валюталарнинг бирида умумий миқдори чиқарилиб, сўнгра закоти чиқарилади.
Ҳанафий мазҳаби дохил уламолар жумҳурининг наздида тижорат молларининг нархи мазкур молнинг бозордаги нархи бўйича ҳисобланади. Бозорда деганимизда айнан биз тушунган бозор эмас умуман, дўкон, биржа ёки умуман қаерда ва қай тарзда сотилишидан қатъий назар унинг истеъмолчига сотиладиган нархи назарда тутилади.
Бироқ, айрим замондош аҳли илмлар закот учун тижорат молларининг қийматини ҳисоблашда тижоратчининг ўзига келиб тушган нарх яъни молларнинг таннархи бўйича ҳисоблашни тўғрироқ деб биладилар. Чунки, ҳали сотилмаган молларни неча пулдан кетишини аниқ айтиш қийин. Агар, улар бозор нархи бўйича ҳисобланса, тижоратчи ҳали эгалик қилмаган мулк юзасидан ҳам закот чиқараётган бўлиб қолади. Чунки, у молларни бозорга қараб турли нархда сотиши ва гоҳида паст нархга сотишга мажбур бўлиши мумкин. Шу боис, Доктор Муҳаммад Ашқор, доктор Ҳоний Жубайр каби айрим замондош олимлар наздида тижорат молларини ҳисоблашда уларнинг таннархи бўйича ҳисоблаш ҳақидаги қавл масалада кучлироқ мақомни эгаллайди.
4. Шериклар ўртасидаги тижорат моллари закоти
Тижорат моллари икки шерик орасида бўлиб, уларнинг ҳиссалари алоҳида ҳисобланганда нисобга етмаса, ундан закот берилмайди. Яъни, масалан нисобга етган маблағ икки киши ўртасида айлантирилади. Уларнинг ҳар бири ўз ҳиссасини алоҳида айириб олганда нисобдан камайса, битта бўлган ҳолида нисобга етганининг аҳамияти йўқ. Бу ҳолатда закот вожиб бўлмайди.
5. Тижорат моллари ва нақд пуллар алоҳида нисобга етмаганда
Бир кишида тижорат моли ва нақд пуллар бор. Уларни алоҳида ҳисоблаганда бирортаси нисобга етмайди. Бироқ, бирбирига қўшганда нисобга етади. Бунда мазкур нарсаларнинг қиймати бир-бирига қўшилади ва бир ҳавл тўлгач, закоти адо этилади. Ундан сўнг ҳар сафар бир-бирига қўшиб закоти бериб борилаверади.
Бунга сабаб, тижорат учун орттирилган моллар нақдайн, яъни тилло ва кумуш нисоби бўйича ҳисобланади. Чунки, тижорат моллари моҳият эътибори билан тилло ва кумушнинг ишини қилади, улар каби муомалот воситаси вазифасини бажаради. Шу боис ҳам тижорат моллари закот борасида пул ҳукмида бўлади.
Бугунги кунда тижорат моллари кумуш нисоби бўйича ҳисобланмайдиган бўлиб кетди. Негаки, кумуш бугунга келиб, ўзининг пуллик функциясини сақлаб қололмади. Ўз қийматини анча йўқотди. Олтин каби сотиш ва айирбошлаш осон бўлган ҳолини сақлаб қололмади. Шунинг учун ҳам бугунга келиб, бутун дунёда ҳар қандай валюта ҳамда тижорат молларидан чиқариладиган закот тилло нисоби бўйича ҳисобланадиган бўлди.
6. Фақир бўлган қарздор кишининг номидан унинг розилиги билан қарзини узиш учун закот пулидан тўлаб юбориш жоиз. Яъни, бу ўринда пулни қарздорга бермаган ҳолда унинг номидан закот пулини қарзга ўтказиб юбориш мумкин. Ва бунда қарз эгаси мазкур пулни олаётганда гўёки қарздорнинг қўлидан қабул қилаётгандек қабул қилиб олади.
7. Қайтиб келиши даргумон бўлган қарз ҳисобидан закот чиқариш
Моли нисобга етган кишининг ўзгаларга қарз сифатида берилган пуллари бор. Ёхуд гарчи қўлида нақд турган пули нисобга етмаган бўлмаса-да аммо, закот нисоби миқдоридаги пули ўзгаларга қарзга берилган. Лекин, қарздор муттаҳам ва ҳаромхўрлиги туфайли қарзни йиллаб чўзиб, бермай юрибди. Гарчи, оғзаки равишда қарзни инкор қилмасада бериш нияти йўқ. Бундай мол молу-з-зимор туркумига киради. Қарздорнинг мазкур қарзни оғзаки тан олиши ҳолатни ўзгартирмайди. Чунки, у қарз соҳибини хотиржам қилиш ва уйимга келиб ётиб олмасин деган мақсадда тан оляпти, бераман бир кун деяпти. Аммо, бериш нияти йўқлиги тайин.
Шунингдек, бир кимсага қарз бергансиз аммо, у савдода зарарга учраб, банкрот бўлган ва йўқсиллашиб қолган. Ушбу икки ҳолатда қарзга берилган пул токи қарз соҳибининг қўлига келмагунча улардан закот чиқариш вожиб бўлмайди. Чунки, унинг қўлга қайтиши худди молу-з-зимор каби гумон нарса. Қўлга киритилиши гумон нарсадан закот ҳам, қурбонлик ҳам вожиб бўлмайди. У йўқолган мол ҳукмидадир.
Аслида, молу-з-зимор деб шундай мол-мулкка айтилади-ки, асли мавжуд лекин ундан фойдаланиш имконсиз. Масалан, бирор жойга тилла кўмиб қўйгансизда, кейин ўша жойни эсдан чиқариб қўйгансиз. Денгизга тушиб кетган, йўқолиб қолган мулк ва маблағлар ҳам шундай.
Луғат жиҳатидан зимор деб, инсон аниқ ишончга эга бўлмаган, мавҳум нарса тушунилади.
Фуқаҳолар томонидан моли зиморнинг турлари ва кўринишлари ҳақида бир қанча мисоллар келтирилган. Улардан баъзиларини келтирамиз:
- Қароқчилик билан тортиб олинган мол ва мол эгаси унинг тортиб олинганлиги ҳақида исбот келтиролмайди.
- Йўқолиб қолган мол.
- Денгизга тушиб кетган мол.
- Саҳрога кўмиб қўйилгач, эгаси томонидан кўмилган жойи эсдан чиқарилган мол.
- Султон томонидан ноҳақ мусодара қилинган сўнгра, маълум муддат ўтгач эгасига қайтарилган мол. Яъни, то ҳақиқат қарор топиб, тортиб олинган мазкур мол эгасига қайтарилмагунча у моли зимор ҳукмида бўлади ва эгаси қўлга олгандан сўнггина ундан закот чиқаришни бошлайди.
- Қарздор томонидан йиллар давомида инкор қилиб келинган қарз моли.
- Кимлиги ва шахси эсдан чиқарилганлиги туфайли номаълум бўлиб қолган бировга омонатга берилган мол.
Қадимда одамларда диёнат кучлироқ бўлган, бировнинг қарзини олиб, қайтаролмай қолса, ҳаракат қилиб, ишлаб, ўша қарзини узган. Шунинг учун тан олинган қарз молу-з-зиморга киритилмаган.
Аммо, ҳозирда ўлгунича тан олиб, ўлгунича бировнинг қарзини бермай юрадиганлар сон-саноқсиз. Ундай ебкетарларнинг домига тушганлар қанча. Шунинг учун замондош уламоларимиз бундай ҳолатдаги молни ҳам молуззиморга қўшадилар. Чунки, бечора қарз эгасининг умиди узилиб бўлган. Қандайдир умид учқуни қолган бўлса у ҳам бўлса, саҳрога пулини кўмиб қўйиб, кейин жойини эсдан чиқариб қўйган ва қачондир эсга тушишидан заррадек умиди қолган бечоранинг умидига ўхшаган умиддир бу.
Имом Муҳаммад ҳамда Ҳасан ибн Зиёдга кўра банкрот бўлган одамдаги қарз молидан закот чиқарилмайди, гарчи қарзини тан олса ҳам. Чунки, бундай мол йўқотилган ва фойда келтирмайдиган мол ҳисобидадир. Шунингдек, қарзини тан олмайдиган, қаллоб одамларнинг ҳузуридаги қарздан ҳам закот чиқариш вожиб эмас.
Мабодо мана шундай қайтиши умид қилинмайдиган қарз бир неча йилдан сўнг қайтарилса, ўша қайтарилган йилдан бошлабгина закот чиқарилади. Чунки, бундай мулк ўша йиллар давомида эгасининг қудрати остидаги мулк ҳисобланмаган. Бу худди молни бирор ерга кўмиб қўйиб, кейин кўмилган жойи эсдан чиқарилган мулкка ўхшайди. Бундай мулкнинг закоти ўша кўмилган жойи эсга келиб, ёки тасодифан топиб олинган вақтдагина ўша вақтдан бошлаб берилади.
Муаллиф: Алишер Султонхўжав
Azon.uz сайтидан олинди
2 comments
Assalomu alaykum. Tijorat molidan zakot chiqarilayotganda uning tannarxidan chiqarish kerakligi rostmi? MFaktordagi suhbatda bozor narxida, ya’ni òtgan periodda qancha natsenka qoyilgan bòlsa, òshancha qòyib keyin zakot chiqariladi, deb tushungan ekanmiz. Qaysi biridan metoddan foydalanish kerak?
Assalomu alaykum.
Tijorat mollarini tannarxi hisoblanadimi yoki bozor narximi? Bizni yurtda qaysi biri tanlanadi?