“Аллоҳ йўлида молларини инфоқ-эҳсон қилувчиларнинг мисоли худди ҳар бир бошоғида юзтадан дони бўлган еттита бошоқни ундириб чиқарган бир дона донга ўхшайди (яъни, қилинган бир яхшилик етти юз баробар бўлиб қайтишига ишора қилинмоқда). Аллоҳ истаган кишиларига, бир неча баробар қилиб беради. Аллоҳ (фазлу карами) кенг, билгувчидир” (Бақара, 261).
Вақф қадим даврлардан бери мусулмон мамлакатларининг ижтимоий-иқтисодий ҳаётида муҳим аҳамият касб этиб келган, чунки вақф тизими мамлакат молия манбаларини шакллантиришга ҳисса қўшган.
Вақф мулклари хусусий мулкчилик шаклидан чиқади. Шу билан бирга, давлатга ҳам тегишли ҳисобланмайди. Вақфларни жамиятнинг маълум эҳтиёжларини қондирадиган жамоа мулки дейиш мумкин.
Вақф, кутубхоналар, мактаб-мадрасалар, олий таълим муассасалари, шифохоналар, етимхоналар, мусофирхоналар, инфратузилма иншоотлари қуриш (йўллар, кўприклар, қудуқлар в.ҳ.к.з) ва бошқа шу каби лойиҳаларни ўз ичига олади.
Зотан, вақф қилишдан ҳам мақсад Аллоҳ таолонинг розилигини истаб, бошқаларга манфаат етказадиган хайрли лойиҳа қилишдир.
Вақф шифохоналари мударрис ва толиби илмлар учун ҳам тадқиқот маркази бўлиб хизмат қилган. Масалан ар-Розий (841-926) ал-Заҳравий (931-1013) Ибн Сино (980-1037) Ибн Рушд (1126-1198) Ибн ал-Нафис (1208-1288) каби етук алломаларнинг етишиб чиқишида ҳам бундай муассасаларнинг хизмати беқиёс бўлган. Вақф шифохоналари тиббиёт талабалари учун ўз даврининг энг яхши ускуналари билан жиҳозланган ва илмий мерос жихатидан ҳам жуда бой ҳисобланган. Масалан, XIV асрда Мисрдаги Ибну Тулун шифохонаси қошидаги кутубхонада 100 мингдан ортиқ тиббиётга оид китоблар мавжуд бўлган бўлса, ўша давр Европасидаги энг катта кутубхонага эга Париж университетида атиги 400 турдаги китоблар сақланган.
Вақф тизимининг инсон ва жамият тараққиётини таъминлашдаги ўрнига қуйидагиларни мисол қилиб келтириш мумкин:
- Вақф ҳам закот каби бойликлар тақсимоти ва уларнинг самарадорлиги ошишига хизмат қилади;
- Соғлиқни сақлаш, инфратузилма / шаҳарсозлик, таълим тизими ривожига киритилган вақф кўринишидаги беминнат сармоялар, давлат бюджетининг ижтимоий ҳимояга ажратилаётган қисмининг муайян даражада ўрнини қоплайди ва шу орқали давлат харажатларининг бир қисмини ўзига олади (давлат бюджетидан тежаб қолинган маблағларни эса иқтисодиётнинг бошқа соҳаларга йўналтириш имконияти пайдо бўлади);
- Мамлакат инфратузилмасининг яхшиланиши иқтисодиёт ўсиш суръатларининг тезлашишига ва барқарор иқтисодиётга эришишга ёрдам беради;
- Мамлакат фуқаролари (ва хатто бошқа юртлардан келган қийналиб қолган мусофирлар)нинг давлат ва юртнинг бадавлат кишиларидан (уларнинг вақф учун ажратган бойликлари сабабли) розилиги сабаб жамият аъзолари ўртасидаги ўзаро муносабатлар ва умумий муҳит яхшиланади;
- Вақфнинг соғлиқни сақлаш ва таълим соҳаси ривожига қўшган ҳиссаси мамлакат фуқаролари учун имкон қадар тенг имкониятлар яратишга ёрдам беради, тенг имкониятлар эса ижтимоий адолатни таъминлашга хизмат қилади.