AAOIFI Шаръий меъёри № 20:
ТАРТИБГА СОЛИНГАН (УЮШГАН) БОЗОРЛАРДА ТОВАР-ХОМАШЁ САВДОСИ
5. Деривативлар:
Деривативлар (ҳосилавий воситалар)нинг турлари кўп бўлиб, улардан энг муҳимлари: фьючерслар (FUTURES), опционлар (OPTIONS) ва своп амалиётлари (SWAPS)дир.
Деривативларнинг шаръий ҳукми улар асосланадиган шартномалар ҳукмига боғлиқ бўлиб, бу кейинги бандларда баён этилади.
5/1 Фьючерслар:
5/1/1 Фьючерс — ҳуқуқий жиҳатдан мажбурий шартнома бўлиб, фьючерс биржанинг савдо майдончасида келгусидаги маълум бир вақтда маҳсулот ёки молиявий восита (инструмент)ларни сотиш ёки сотиб олиш юзасидан тузилади.
Шартнома маҳсулот миқдори ва турига қараб стандарт намуна асосида тузилади ва унда маҳсулотни етказиб бериш санаси ва жойи кўрсатилади. Ушбу шартноманинг ягона ўзгарувчан қисми — бу унинг нархи бўлиб, у биржанинг савдо майдончасида аниқланади.
5/1/2 Фьючерс шартномалари бўйича шариат ҳукми:
Фьючерс шартномаларини тузиш ёки уларни айирбошлаш билан боғлиқ амалиётлар шариат нуқтаи назарига кўра жоиз эмас. [3/3 бандга қаралсин]”.
5/2 Опционлар (OPTIONS):
5/2/1 Опцион — муайян муддат давомида маълум нархда муайян активни (акциялар, товарлар, валюталар, индекслар ёки қарзлар) сотиб олиш ёки сотиш ҳуқуқини (мажбуриятини эмас) берувчи шартномадир. Мазкур шартномада мажбурият фақат ушбу ҳуқуқни сотувчи зиммасига юкланади.
5/2/2 Опционлар бўйича шариат ҳукми:
Юқорида зикр этилган опцион шартномаларини тузиш ҳам, уларни муомалага киритиш ҳам жоиз эмас.
5/2/3 Опционларнинг шариатга мувофиқ муқобиллари:
5/2/3/1 Шариатда олди-сотдиси жоиз бўлган муайян активлар бўйича нархнинг бир қисмини урбун (байбоши) сифатида тўлаш шарти билан шартнома тузиш мумкин. Бунда харидор белгиланган муддат давомида шартномани бекор қилиш ҳуқуқига эга бўлади. Агар харидор бекор қилиш ҳуқуқидан фойдаланса, сотувчи урбун маблағига эгалик қилиш ҳуқуқига эга бўлади.
Урбун асосида вужудга келган ҳуқуқни олди-сотди қилиш жоиз эмас.
5/2/3/2 Маълум муддат ичида томонларнинг бирига ёки ҳар иккисига шартномани бекор қилиш ҳуқуқи – “хиёр аш-шарт” билан маҳсулотларнинг ўзига нисбатан шартнома тузиш (жоиз). “Хияр аш-шарт” бошқаларга ўтказилувчи ёки муомала қилинувчи ҳуқуқ ҳисобланмайди.
5/2/3/3 Актив эгасининг сотиш юзасидан мажбурий ваъда бериши ёки сотиб олмоқчи бўлган шахс томонидан мажбурий ваъда бериши (жоиз). Бунда ваъда учун алоҳида ҳақ белгиламаслик керак. Ушбу ваъда ҳам олди-сотди қилинмайди.
5/3 Своплар (SWAPS):
5/3/1 Своплар – бу икки томон ўртасида маълум миқдордаги молиявий ёки моддий активларни ёхуд фоиз ставкаларини вақтинча ўзаро айирбошлаш тўғрисидаги келишувлардир.
Айрим ҳолларда маҳсулот муддатли тўлов асосида уни сотган шахснинг ўзига ёки бошқа (учинчи) шахсга сотилиши мумкин, бироқ, бунда активларнинг ҳақиқий (реал) алмашинуви юз бермайди.
Шунингдек, бундай битимларда муайян ҳақ эвазига бериладиган ихтиёр (опцион) ҳуқуқи ҳам бўлиши мумкин бўлиб, у эгасига шартномани бажариш ёки бажармаслик ҳуқуқини беради.
5/3/2 Своплар бўйича шариат ҳукми:
Маҳсулот (товар-хомашё) бозорларида амалда қўлланилаётган шаклдаги своп амалиётлари жоиз эмас.
6. Меъёр чиқарилган (эълон қилинган) сана:
Ушбу меъёр ҳижрий 1425 йил 1-робиъул аввал (мил. 2004 йил 20-май) куни тасдиқланди.
Таржимон:
Муҳиддин Бектемиров, AAOIFIнинг CSАА сертификати соҳиби
Муҳаррир:
Жаҳонгир Имамназаров
Иқтисодиёт фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)
“Ислом молияси” лойиҳаси ҳамасосчиси