Халқаро тажриба ва Ўзбекистон истиқболлари
Банк тизимига бўлган ишончни таъминлашда омонатчилар маблағларини ҳимоя қилиш муҳим аҳамият касб этади. Агар аҳоли ўз маблағларининг хавфсизлигига ишонмаса, банк тизимининг барқарорлигига ҳам путур етиши мумкин. Шу боис дунёнинг деярли барча мамлакатларида депозит/омонатларни ҳимоя қилиш тизими жорий этилган. Бироқ ислом банкларида омонатларни ҳимоя қилиш масаласи анъанавий банклардан маълум жиҳатлари билан фарқ қилади. Бунинг асосий сабаби ислом молиясида маблағларни жойлаштириш фоизли қарз муносабатларига эмас, балки савдо, шерикчилик ва ишончли бошқарув каби шартномаларига асосланишидир.
Ислом банкларида депозитларни ҳимоя қилиш тизими шариат талабларига мос бўлиши билан бирга, омонатчилар манфаатларини таъминлаши ҳам лозим. Шунинг учун мазкур соҳада AAOIFI (Ислом молия муассасалари учун бухгалтерия ҳисоби ва аудит ташкилоти), IFSB (Ислом молиявий хизматлар кенгаши) ҳамда IADI (Депозитларни суғурталаш бўйича халқаро уюшма) каби халқаро муассасалар муҳим меъёр ва тавсияларни ишлаб чиқишган.
Депозитларнинг ҳуқуқий табиати
Ислом банкларида барча ҳисобварақлар бир хил ҳуқуқий мақомга эга эмас. Уларнинг ҳар бири алоҳида шариат шартномасига асосланади.
Энг кенг тарқалган ҳисобварақ тури — жорий ҳисобварақ (Current Account) бўлиб, у одатда қарз (қард) шартномаси асосида юритилади. Бунда мижоз ўз маблағини банкка вақтинча беради, банк эса ушбу маблағни тўлиқ қайтариш мажбуриятини ўз зиммасига олади. Шу сабабли жорий ҳисобварақлардаги маблағларни анъанавий депозитлар каби дейиш мумкин.
Иккинчи тур — сармоя ҳисобварағи (Investment Account) ҳисобланади. Бу ҳисобварақлар асосан музороба ёки вакола шартномаларига асосланади. Бу ҳолатда банк қарз олувчи эмас, балки маблағни бошқарувчи сифатида иштирок этади. Сармоя натижасида олинган фойда олдиндан келишилган нисбатда тақсимланади (музорабада) ёки банкка бошқарув учун маълум ҳақ берилади (вакалада). Агар зарар банкнинг айби, беэътиборлиги ёки шартномани бузиши оқибатида юзага келмаган бўлса, уни сармоя эгаси кўтаради.
Шунинг учун сармоя ҳисобварақлари оддий депозит эмас, балки сармоя воситаси ҳисобланади.
AAOIFI меъёрларининг ёндашуви
AAOIFI ислом молия муассасалари учун энг нуфузли халқаро меъёрларни ишлаб чиқувчи ташкилот ҳисобланади. Унинг шариат ва бухгалтерия ҳисоби меъёрларида депозитлар бўйича муҳим қоидалар белгилаб берилган.
AAOIFIга кўра, жорий ҳисобварақлардаги маблағлар банк зиммасидаги қарз ҳисобланади. Демак, банк ушбу маблағни ҳар қандай ҳолатда қайтариши шарт.
Сармоя ҳисобварақлари эса шерикчилик муносабатларига асослангани учун улар бўйича даромад ҳам, зарар ҳам олдиндан кафолатланмайди. Агар банк сармоя натижасидан қатъи назар маблағни ёки муайян даромадни кафолатласа, бу ҳолат шариатда ман этилган фоизли муносабатларга ўхшаб қолиши мумкин.
Шу билан бирга, AAOIFI банкларга омонатчилар манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида Фойдани барқарорлаштириш захираси (Profit Equalization Reserve – PER) ва Сармоя хатарлари захираси (Investment Risk Reserve – IRR) каби махсус захираларни шакллантиришни тавсия этади. Бу захиралар бозор шароити ёмонлашган даврларда сармоя ҳисобварақлари бўйича даромадларни барқарорлаштиришга хизмат қилади.
IFSB меъёрлари ва хатарларни бошқариш
Ислом молиявий хизматлар кенгаши (IFSB) ислом банклари учун халқаро пруденциал меъёрларни ишлаб чиқади. Унинг меъёрларида сармоя ҳисобварақлари эгалари манфаатларини ҳимоя қилишга алоҳида эътибор қаратилган.
IFSB банклардан сармоя маблағларини бошқаришда шаффофликни таъминлаш, хатарларни баҳолаш ва улар ҳақида мижозларга тўлиқ ахборот беришни талаб қилади.
Шунингдек, меъёрларда Displaced Commercial Risk тушунчасига алоҳида ўрин берилган. Буни тижорий рақобат босими туфайли ислом банки хатарни ўз зиммасига олиши билан боғлиқ хатар дейиш мумкин. Бу ҳолатда ислом банки инвестиция омонатлари бўйича кам даромад олган бўлса ҳам ўз даромадининг бир қисмини сармоя ҳисобварақлари эгаларига бериш орқали уларнинг даромадини бозор даражасида ушлаб туришга ҳаракат қилади. Бозордаги рақобат туфайли пайдо бўлган бундай амалиёт омонатчиларнинг бошқа банкларга ўтиб кетишининг олдини олишга хизмат қилади.
Омонатларни суғурталаш тизими
Охирги йилларда кўплаб мамлакатларда Ислом депозитларини суғурталаш тизими (Islamic Deposit Insurance System – IDIS) жорий қилинмоқда.
2021 йилда IADI ва IFSB томонидан қабул қилинган Ислом депозитларини самарали суғурталаш тизимининг асосий тамойиллари (Core Principles for Effective Islamic Deposit Insurance Systems – CPIDIS) ушбу соҳадаги энг муҳим халқаро ҳужжат ҳисобланади.
Мазкур тамойилларга кўра, депозитларни ҳимоя қилиш тизими:
- шариат талабларига тўлиқ мувофиқ бўлиши;
- мустақил бошқарувга эга бўлиши;
- омонатчилар учун аниқ ва тушунарли бўлиши;
- барқарор молиялаштириш манбаларига эга бўлиши;
- банк тугатилган тақдирда тезкор товон (компенсация) тўлаш имконияти таъминланиши;
- Шариат қўмитаси назорати остида фаолият юритиши лозим.
Ушбу тамойиллар ислом банклари учун депозитларни ҳимоя қилишнинг халқаро модели сифатида эътироф этилган.
Халқаро тажриба
Бугунги кунда Малайзия, Баҳрайн, Туркия, Индонезия ва бир қатор бошқа мамлакатларда ислом депозитларини ҳимоя қилиш тизими амалда қўлланилмоқда.
Малайзияда депозитларни PIDM (Perbadanan Insurans Deposit Malaysia) ҳимоя қилади. Мамлакатнинг Islamic Financial Services Act 2013 қонунига мувофиқ ислом депозитлари алоҳида жамғарма ҳисобидан кафолатланади. Бу тизим анъанавий ва ислом банклари маблағларини аралаштирмаслик тамойилига асосланган.
Баҳрайнда Марказий банк томонидан жорий этилган Islamic Deposit Protection Scheme ислом банклари учун алоҳида ҳимоя механизмини назарда тутади. Бу ерда Шариат қўмитаси тизим фаолияти устидан доимий назорат олиб боради.
Туркияда эса иштирок банклари (Туркияда ислом банклари Participation Banks деб аталади) омонатлари TMSF тизими орқали муҳофаза қилинади. Мамлакатда иштирок банклари учун ҳуқуқий асослар бошқа тижорат банклари билан уйғунлаштирилган бўлса-да, уларнинг фаолияти ислом молияси тамойилларига мувофиқ ташкил этилган.
Ушбу мамлакатлар тажрибаси шуни кўрсатадики, депозитларни ҳимоя қилиш тизими нафақат омонатчилар ишончини оширади, балки бутун банк тизимининг молиявий барқарорлигига ҳам хизмат қилади.
Ўзбекистон учун истиқболлар
Ўзбекистонда анъанавий банк омонатларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий асослари мавжуд. Мамлакатда анъанавий депозитларни кафолатлаш тизими фаолият юритмоқда ва у аҳоли маблағларининг хавфсизлигини таъминлашга қаратилган.
Сўнгги йилларда мамлакатда ислом молиясини ривожлантириш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Хусусан, 2026 йилда Ўзбекистон Республикаси Марказий банки AAOIFIнинг аъзосига айлангани мамлакатда ислом молияси инфратузилмасини халқаро меъёрлар асосида ривожлантириш йўлидаги муҳим қадам бўлди.
Бу келгусида Ўзбекистонда ҳам шариат талабларига мувофиқ депозитларни ҳимоя қилиш тизимини жорий этиш имкониятларини кенгайтиради. Бунда AAOIFI меъёрлари, IFSB тавсиялари ва IADI–IFSBнинг CPIDIS тамойилларидан фойдаланиш мақсадга мувофиқ бўлади.
Хулоса
Ислом банкларида депозитларни ҳимоя қилиш тизими анъанавий банклардан ҳуқуқий асослари билан фарқ қилади. Жорий ҳисобварақлардаги маблағлар қарз муносабатларига асослангани учун уларнинг қайтарилиши банкнинг мажбурияти ҳисобланади. Сармоя ҳисобварақлари эса шерикчилик тамойилига асосланган бўлиб, улар бўйича фойда ҳам, зарар ҳам иқтисодий натижага боғлиқ.
AAOIFI, IFSB ва IADI томонидан ишлаб чиқилган халқаро меъёрлар ислом омонатларини ҳимоя қилишнинг самарали ва шариатга мувофиқ шаклини барпо қилишга хизмат қилмоқда. Малайзия, Баҳрайн ва Туркия тажрибаси мазкур тизимнинг амалда муваффақиятли ишлаётганини кўрсатади. Ўзбекистонда ислом банк-молия тизими жорий этилиши жараёнида ушбу халқаро тажрибалардан самарали фойдаланиш банк тизимининг барқарорлигини мустаҳкамлаш ва аҳоли ишончини янада оширишга хизмат қилади.
Тадқиқотчи Дилдора Эгамбердиева тайёрлади