Ислом молияси ҳақида гап кетганда, кўпинча биринчи навбатда ислом банклари, муробаҳа, ижара ёки сукук каби молиявий воситалар ёдга олинади. Бироқ ислом молиясининг барқарор ривожланиши фақат янги маҳсулотларни жорий этиш билан таъминланмайди. Унинг ортида қонунчилик, мувофиқлаштирувчи идора, Шариат бошқаруви, бухгалтерия ва аудит меъёрлари, капитал бозори, малакали мутахассис ходимлар, илмий тадқиқотлар ҳамда халқаро ҳамкорлик каби кўплаб таркибий қисмлардан иборат экотизим туради.
Баҳрайн айнан шу жиҳати билан алоҳида эътиборга лойиқ. Форс кўрфазидаги ҳудуди ва ички бозори нисбатан кичик бўлишига қарамай, Баҳрайн ўзини минтақавий молиявий марказлардан бирига айлантира олди. Энг муҳими, мамлакат ислом молиясини фақат ички банк фаолияти сифатида эмас, балки халқаро меъёрлар ва молиявий инфратузилма шаклланадиган соҳа сифатида ривожлантирди.
Баҳрайн Марказий банки маълумотларига кўра, 2025 йил декабрь ҳолатида мамлакатда 15 та ислом банки фаолият юритган ва уларнинг жами активлари 67,1 млрд АҚШ долларига етган. Шу даврда мамлакат банк тармоғининг жами активлари 254,5 млрд долларни ташкил этган.
Шу сабабли Баҳрайн тажрибасини ўрганишда асосий савол қуйидагича қўйилади: қандай қилиб Баҳрайн шунчаки ислом банклар фаолият юритадиган мамлакатдан ислом молиясининг халқаро инфратузилмасини шакллантирувчи марказга айланди?
1. БАҲРАЙН МОДЕЛИНИНГ ШАКЛЛАНИШИ
Баҳрайнда замонавий ислом молия тизимининг шаклланиши 1970-йилларнинг охирларига бориб тақалади. Кейинги йилларда мамлакатда ислом банклари, инвестиция компаниялари, такафул операторлари ва бошқа молиявий муассасалар ривожланди.
Баҳрайн анъанавий молия тизимини бутунлай алмаштиришга уринмади. Аксинча, мамлакат анъанавий ва ислом молия муассасалари ёндош (параллел) равишда фаолият юритадиган дуал банк тизимини шакллантирди.
Бундай ёндашувнинг муҳим афзаллиги шундаки, молия бозорида турли эҳтиёж ва қарашларга эга мижозлар учун танлов мавжуд бўлади. Шу билан бирга, ислом банк-молия тизими алоҳида ва аниқ тартибга солинган тармоқ сифатида ривожланади.
Баҳрайн тажрибаси шуни кўрсатадики, ислом молиясини ривожлантириш учун анъанавий молия тизимини бекор қилиш шарт эмас. Муҳими, ислом молия муассасалари учун тенг рақобат шароитлари ва аниқ ҳуқуқий механизмларни яратишдир.
2. КУЧЛИ РЕГУЛЯТОР — ТИЗИМНИНГ АСОСИЙ ТАЯНЧИ
Баҳрайн тажрибасининг энг муҳим жиҳатларидан бири — кучли ва ихтисослашган молиявий назорат тизимининг мавжудлигидир.
Ушбу вазифани Баҳрайн Марказий банки (CBB) бажаради. CBB банклар, суғурта, инвестиция бизнеси ва капитал бозори устидан назорат олиб боради. Ислом банклар учун эса CBB Rulebook тизимида махсус қоидалар ишлаб чиқилган.
Мазкур қоидалар:
- лицензиялаш;
- капитал етарлилиги;
- хатарларни бошқариш;
- корпоратив бошқарув;
- Шариат бошқаруви;
- молиявий ҳисобот;
- ички назорат
каби муҳим йўналишларни қамраб олади.
Бу жиҳат муҳим бир тамойилни кўрсатади: ислом банки оддий банкдан фақат фоиздан фойдаланмаслиги билан фарқ қилмайди. Унда ўзига хос шартномалар, активга боғлиқлик, ликвидликни ислом молияси талабларига мувофиқ равишда таъминлаш ва турли хатарларни турли усуллар билан бошқариш каби талаблар мавжуд. Шунинг учун ислом банклари фаолиятини тартибга солишда кўпёқлама махсус ёндашув зарур.
3. ШАРИАТ БОШҚАРУВИ
Ислом молиясининг ўзига хос жиҳатларидан бири — ислом ҳуқуқи (Шариат) талабларига риоя қилишдир. Бироқ замонавий ислом молиясида ислом ҳуқуқи талабаларига мувофиқликни фақат янги молиявий маҳсулотларни Шариат кенгаши томонидан тасдиқлатиш билан чеклаб қўйиб бўлмайди.
Шу жиҳатдан Шариат бошқаруви нафақат маҳсулотни ишлаб чиқиш ва кенгаш томонидан тасдиқлатиш, балки амалга ошириш жараёнини назорат қилиш (мониторинг) ва ундан кейин аудит қилиш жараёнини ҳам ўз ичига олади.
Бу ёндашув AAOIFI томонидан ишлаб чиқилган замонавий Шариат бошқаруви меъёрлари билан ҳамоҳангдир.
4. AAOIFI — БАҲРАЙННИНГ ХАЛҚАРО МИҚЁСДАГИ ЭНГ КАТТА ҲИССАЛАРИДАН БИРИ
Баҳрайн тажрибасининг энг муҳим жиҳатларидан бири — мамлакатда ислом молиясининг халқаро стандартлаштириш инфратузилмаси шаклланганидир.
Бунинг энг ёрқин намунаси — Ислом молия институтлари учун бухгалтерия ва аудит ташкилоти — AAOIFI.
AAOIFI 1991 йилда ташкил этилган бўлиб, бош қароргоҳи Баҳрайнда жойлашган. Ташкилот ислом молияси учун:
- Шариат;
- бухгалтерия;
- аудит;
- ахлоқ;
- бошқарув
бўйича халқаро меъёрларни ишлаб чиқади.
AAOIFI маълумотларига кўра, ташкилот меъёрлари дунёнинг 42 мамлакатидаги 47 та назорат ва регулятор органи томонидан тўлиқ ёки қисман қабул қилинган ёки тан олинган.
Бу эса Баҳрайн учун жуда катта стратегик устунлик яратди. Мамлакат фақат ислом банклар жойлашган ҳудуд бўлиб қолмади. У ислом молияси бўйича халқаро меъёрлар ишлаб чиқиладиган марказга айланди.
Стандартлаштиришнинг иқтисодий аҳамияти ҳам катта. Бир хил меъёрлар турли мамлакатлардаги банклар, аудиторлар, юристлар ва сармоядорлар ўртасидаги тушунмовчиликларни камайтиради, битимларни амалга ошириш жараёнини тезлаштиради ва халқаро амалиётлар харажатларини пасайтиради.
Шунинг учун меъёрлар оддий техник ҳужжат эмас. Улар ислом молияси бозорининг муҳим инфратузилмаси ҳисобланади.
5. IIFM ВА ХАЛҚАРО МОЛИЯВИЙ ШАРТНОМАЛАРНИ СТАНДАРТЛАШТИРИШ
Баҳрайннинг халқаро ислом молиясидаги яна бир муҳим институти — Халқаро Ислом Молия Бозори (IIFM).
IIFM 2002 йилда Баҳрайн Қироллигининг 23-сонли қироллик фармони асосида ташкил этилган. Унинг асосий вазифаларидан бири халқаро ислом капитал бозори учун стандартлаштирилган молиявий шартномалар ва ҳужжатларни ишлаб чиқишдир.
Бу амалий жиҳатдан жуда муҳим.
Масалан, икки мамлакат банклари йирик ислом молиялаштириш битимини тузaётган бўлса, ҳар бир шартномани нолдан ишлаб чиқиш кўп вақт ва катта юридик харажатларни талаб қилиши мумкин. Намунавий ҳужжатлар эса музокараларни соддалаштиради, ҳуқуқий ноаниқликни камайтиради ва битимларни тезроқ амалга ошириш имконини беради.
IIFMнинг 2026 йилдаги ташаббусларидан бири ижара ва муробаҳа асосидаги синдикатлаштирилган молиялаштириш учун 15 та намунавий шартнома ишлаб чиқиш бўлди.
6. СУКУК — БАҲРАЙН МОЛИЯ ТИЗИМИНИНГ МУҲИМ ВОСИТАСИ
Баҳрайн тажрибасида сукук алоҳида ўрин тутади. Сукук давлат учун маблағ жалб қилиш воситаси бўлиш билан бирга, ислом банклар ва бошқа сармоядорлар учун Шариатга мувофиқ инвестиция воситаси ҳисобланади.
Баҳрайн Марказий банки ҳукумат номидан турли муддат ва тузилмаларга эга сукукларни чиқариб келади. Жумладан, Сукук ас-салам ҳамда қисқа муддатли Ижара сукуки мамлакатнинг ислом пул ва капитал бозори инфратузилмасида муҳим ўрин эгаллайди.
Сукукнинг иқтисодий аҳамиятини фақат «фоизсиз облигация» тушунчаси билан изоҳлаш тўлиқ эмас. У активга асосланган ёки актив билан боғланган тузилма орқали реал иқтисодиёт билан молиявий бозор ўртасидаги алоқани кучайтиради.
Бундан ташқари, сукук:
- давлат молиясини қўллаб-қувватлайди;
- сармоядорлар учун Шариатга мувофиқ актив яратади;
- банклар учун ликвидлик воситасини тақдим этади;
- ислом капитал бозорининг ривожланишига хизмат қилади.
Шу сабабли Баҳрайн тажрибасида сукук давлат молияси, банк тармоғи ва капитал бозори ўртасидаги муҳим боғловчи воситага айланган.
7. ИСЛОМ МОЛИЯСИ ФАҚАТ БАНКЛАРДАН ИБОРАТ ЭМАС
Баҳрайн моделининг яна бир муҳим хусусияти — ислом молиясининг банк тармоғи билан чекланиб қолмаганидир.
Мамлакатда ислом банклар билан бир қаторда:
- сукук бозори;
- такафул ва қайта такафул;
- инвестиция фондлари;
- активларни бошқариш;
- ислом финтехлари;
- профессионал таълим ва маслаҳат хизматлари
ҳам ривожланган.
CBB маълумотларига кўра, 2025 йил декабрь ҳолатида Баҳрайнда 15 та ислом банк фаолият юритган. Уларнинг жами активлари 67,1 млрд АҚШ долларини ташкил этган.
Бироқ бу рақамдан ҳам муҳимроқ жиҳат — ислом молиясининг молия тизимининг турли тармоқларига кириб борганидир.
8. ТАКАФУЛ ВА ИСЛОМ СУҒУРТА БОЗОРИ
Ислом молияси экотизимида суғурта соҳаси ҳам муҳим ўрин тутади. Анъанавий суғуртадан фарқли равишда, такафул тизими ўзаро ёрдам, ҳамкорлик ва хатарни иштирокчилар ўртасида тақсимлаш тамойилларига асосланади.
Баҳрайн такафул ва қайта такафул компаниялари фаолиятини ҳам молиявий назорат тизимига киритган. Натижада банк, капитал бозори ва суғурта тармоғи ўртасида ўзаро боғланган ислом молия экотизими шаклланган.
Бу Ўзбекистон учун ҳам муҳим сабоқ бўлиши мумкин. Чунки ислом молиясини фақат банклар орқали ривожлантириш унинг имкониятларини чеклайди. Такафул, инвестиция фондлари ва сукук каби йўналишларнинг ривожланиши бутун тизимнинг яхлит шаклда қамровли ривожланишига ёрдам беради.
9. РАҚАМЛАШТИРИШ ВА ИСЛОМ ФИНТЕХ
Замонавий молия бозорида технологиялар тобора муҳим аҳамият касб этиб бормоқда. Шу сабабли Баҳрайн ислом молиясини рақамлаштириш масаласига ҳам эътибор қаратмоқда.
Рақамли технологиялар ёрдамида муробаҳа, ижара, сукук, инвестиция ва бошқа хизматларни мижозларга тезроқ ва қулайроқ етказиш мумкин.
Бироқ бу ерда янги муаммо пайдо бўлади: рақамлаштирилган битимнинг Шариатга мувофиқлигини қандай таъминлаш керак?
Масалан, автоматлаштирилган муробаҳа платформасида:
- активнинг мавжудлиги;
- банкнинг мулкка эгалик қилиши;
- қабзнинг амалга оширилиши;
- таваккалчиликнинг банк зиммасига ўтиши;
- кейинчалик мижозга сотилиши
каби жараёнлар технологик тизимда тўғри акс эттирилиши керак.
Шу сабабли Баҳрайн тажрибаси ислом финтехни ривожлантиришда «технология + Шариат бошқаруви» уйғунлигини таъминлаш зарурлигини кўрсатади.
10. ХОДИМЛАР ВА ИЛМИЙ ТАДҚИҚОТЛАР
Ислом молияси ривожланишининг энг муҳим, аммо кўпинча етарлича эътибор берилмайдиган омилларидан бири — малакали мутахассислар.
Ислом молияси бўйича профессионал бир вақтнинг ўзида:
- молия;
- банк;
- Шариат;
- фиқҳ ал-муомалот;
- бухгалтерия;
- аудит;
- хатарларни бошқариш;
- ҳуқуқ
асосларини тушуниши керак.
Баҳрайн бу масалани университетлар, профессионал ташкилотлар ва махсус таълим дастурлари орқали ривожлантириб келмоқда.
Waqf Fund каби ташаббуслар ислом молияси ва финтех бўйича таълим дастурларини қўллаб-қувватлаган. Бу эса кадрлар тайёрлаш давлат ва молия тармоғи учун узоқ муддатли инвестиция сифатида қаралаётганини кўрсатади.
Баҳрайн тажрибасидан келиб чиқиб айтиш мумкинки:
«Ислом молияси учун мтахассис ходимлар керак» деган ёндашув етарли эмас. Ходимларни тайёрлаш ислом молияси бозорини шакллантириш стратегиясининг марказий қисмига айланиши керак.
11. БАҲРАЙННИНГ ЭНГ КАТТА УСТУНЛИГИ — МОЛИЯВИЙ КЛАСТЕР
Баҳрайн тажрибасининг энг қизиқарли жиҳатларидан бири — мамлакатда ислом молияси билан боғлиқ турли институтларнинг бир ҳудудда жамланганидир.
Бу ерда марказий банк, ислом банклар, халқаро стандартлаштирувчи ташкилотлар, профессионал уюшмалар, таълим муассасалари, аудиторлик ва консалтинг компаниялари фаолият юритади.
Натижада молиявий кластер шаклланган.
Масалан:
AAOIFI меъёр ишлаб чиқади.
↓
Банклар ушбу меъёрлардан фойдаланади.
↓
Аудиторлар уларнинг қўлланилишини текширади.
↓
Юристлар шартномаларни ҳуқуқий жиҳатдан мослаштиради.
↓
Университетлар мутахассис тайёрлайди.
↓
Регулятор бутун тизимни назорат қилади.
Шу тариқа бир институтнинг мавжудлиги бошқа институтларга талаб яратади. Бу эса ўз навбатида янги хизматлар ва иш ўринларининг пайдо бўлишига олиб келади.
12. БАҲРАЙН МОДЕЛИНИНГ ЧЕКЛОВЛАРИ
Баҳрайн тажрибасини фақат ижобий томонлари билан баҳолаш тўғри эмас. Мамлакатнинг ички бозори нисбатан кичик бўлгани сабабли унинг молиявий тармоғи халқаро капитал ва минтақавий бозорларга кучли боғланган.
Бундан ташқари, Баҳрайн ислом молияси бўйича бошқа йирик марказлар билан рақобатлашади. Саудия Арабистони, Бирлашган Араб Амирликлари, Малайзия ва Қатар каби давлатларда ҳам ислом банк, сукук ва финтех тез ривожланмоқда.
Шунинг учун Баҳрайн ўз рақобатбардошлигини фақат банклар сони ёки активлар ҳажми орқали эмас, балки меъёрлар, профессионал хизматлар, халқаро ташкилотлар ва билимлар маркази сифатидаги мавқеи орқали сақлаб қолмоқда.
13. ЎЗБЕКИСТОН УЧУН БАҲРАЙН ТАЖРИБАСИДАН ОЛИНАДИГАН САБОҚЛАР
Ўзбекистонда 2026 йилдан бошлаб ислом молияси бозорини ривожлантириш учун янги имкониятлар пайдо бўлмоқда. Шу нуқтаи назардан Баҳрайн тажрибаси катта амалий аҳамиятга эга.
Биринчи сабоқ — қонунчиликни амалий механизмлар билан тўлдириш.
Ислом молияси бўйича қонун қабул қилиниши муҳим қадам, аммо бу жараённинг бошланишидир. Кейинги босқичда банклар, сукук, такафул, инвестиция фондлари ва Шариат бошқаруви бўйича аниқ норматив механизмлар ишлаб чиқилиши зарур.
Иккинчи сабоқ — Шариат бошқаруви тизимини шакллантириш
Шариат кенгашининг мавжудлиги етарли эмас. Шариат кенгаши + Шариатга мувофиқлик + ички Шариат аудити + ташқи аудит ўзаро боғланган тизим сифатида ишлаши керак.
Учинчи сабоқ — халқаро меъёрлардан фойдаланиш
AAOIFI ва IFSB каби ташкилотларнинг меъёрлари Ўзбекистон учун маҳсулотларни халқаро амалиётга яқинлаштириш, сармоядорлар ишончини ошириш ва халқаро молия муассасалари билан ҳамкорликни енгиллаштириш имконини беради.
Тўртинчи сабоқ — сукук бозорини ривожлантириш
Ўзбекистон учун сукук инфратузилмаси, “яшил” (яъни экологик) лойиҳалар, корпоратив молиялаштириш ва давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини молиялаштиришда муҳим восита бўлиши мумкин.
Бешинчи сабоқ — ходимлар тайёрлашни жадаллаштириш
Ислом молияси бозорининг кенгайиши билан Шариат маслаҳатчилари, аудиторлар, банк ходимлари, ҳуқуқшунослар, хатарларни бошқариш бўйича мутахассислар ва маҳсулот ишлаб чиқувчиларга эҳтиёж ошади. Шунинг учун профессионал таълим тизимини бозор билан бир вақтда ривожлантириш ўта муҳим.
Олтинчи сабоқ — ислом финтехини ривожлантириш
Ўзбекистон ёш ва технологияларга мослашувчан аҳолига эга. Шу сабабли рақамли ислом молия маҳсулотлари (муробаҳа, ижара, сукук, такафул) ва ислом инвестиция платформалари истиқболли йўналиш бўлиши мумкин.
ХУЛОСА
Баҳрайн тажрибаси шуни кўрсатадики, ислом молиясини ривожлантиришнинг энг самарали йўли фақат ислом банклари сонини кўпайтириш эмас. Асосий вазифа — банклар, сукук, такафул, инвестиция фондлари, Шариат бошқаруви, халқаро меъёрлар, аудит, финтех, таълим ва илмий тадқиқотларни бирлаштирган яхлит экотизим яратишдир.
Баҳрайн бу жараённи босқичма-босқич амалга оширди. Аввал ислом банклар шаклланди, кейинчалик улар учун махсус регулятив база яратилди. Шариат бошқаруви тизими ривожлантирилди. AAOIFI ва IIFM каби халқаро институтларнинг фаолияти мамлакатни ислом молиясининг глобал стандартлаштириш марказига айлантирди. Сукук, такафул, инвестиция фондлари ва финтех эса ушбу тизимни янада кенгайтирди.
Бугунги кунда Баҳрайн ислом молиясининг нафақат истеъмолчиси, балки унинг меъёрлари, билимлари, профессионал хизматлари ва молиявий инфратузилмасини шакллантирувчи марказ сифатида намоён бўлмоқда.
Ўзбекистон учун Баҳрайн тажрибасининг энг муҳим сабоғи қуйидагича:
Ислом молияси — алоҳида банк маҳсулоти эмас, балки қонунчилик, регуляция, Шариат бошқаруви, стандартлаштириш, капитал бозори, мутахассислар ва технологияларни бирлаштирувчи яхлит молиявий экотизимдир.
Айнан шу ёндашув Ўзбекистонда ислом молиясининг барқарор, шаффоф ва халқаро меъёрларга мос равишда ривожланишига хизмат қилиши мумкин.
Фойдаланилган асосий манбалар
- Bahrain Central Bank (CBB) — Fact Sheet ва Islamic Banking Rulebook.
- AAOIFI — Accounting and Auditing Organization for Islamic Financial Institutions.
- IIFM — International Islamic Financial Market.
- IFSB — Islamic Financial Services Board.
- IMF — Bahrain: Islamic Finance and Financial Sector Development.
- CBB Waqf Fund — Islamic Finance Education and Development Initiatives.
Муаллиф: тадқиқотчи Дилдора Эгамбердиева
Муҳаррир: Иқтисодиёт фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) Жаҳонгир Имамназаров