ШАРЪИЙ МЕЪЁР №11
ИСТИСНА ВА ПАРАЛЛЕЛ ИСТИСНА
Муқаддима
Ушбу меъёр Ислом молия муассасалари [1] томонидан Истисна ва Параллел Истисна шартномаларининг тузилиши, мавзуси (предмети), уларнинг доирасида юзага келиши мумкин бўлган турли вазиятларда амалга ошириладиган хатти-ҳаракатлар, риоя қилиниши шарт бўлган шариат қоидалари ва кўрсатмаларини баён этишдан иборат.
[1] Бу ерда «муассаса/муассасалар» сўзи Ислом молия муассасалари учун қисқартма сифатида ишлатилган.
Меъёрнинг матни
Меъёрнинг қамрови (амал қилиш доираси)
Ушбу меъёр Истисна[2] ва Параллел Истиснани ўз ичига олади. Бунда муассаса харидор ёки сотувчи (ишлаб чиқарувчи) бўлиши мумкин.
Ушбу меъёр Истисна Сукукини қамраб олмайди, чунки у Инвестицион Сукук меъёрининг таркибидан жой олган..
2. Истисна шарномаси:
2/1 Истисна шартномасини дарҳол ёки ваъдалашувдан кейин тузиш:
2/1/1 Муассаса ва буюртмачи (мустасниъ) ўртасида Истисна шартномасини тузиш жоиз ҳисобланади, ҳатто муассаса ҳали савдо предмети ёки уни ишлаб чиқариш (ясаш, қуриш) учун зарур бўлган хомашё ва/ёки унинг таркибий қисмларига эга бўлмаса ҳам.
2/1/2 Муассаса мижоз томонидан бошқа ташкилотлардан олинган нарх таклифларидан фойдаланиши жоиз, бу таннархни ҳисоблаш ва кўзланган фойда миқдорини белгилаш учун мўлжал сифатида хизмат қилади.
2/1/3 Муассасанинг вазифаси буюртмачи-мижоз (мустасниъ) билан бошқа бир (учинчи) томон ўртасидаги Истисна шартномасини молиялаштиришдан иборат бўлиши мумкин эмас, айниқса мижоз (мустасниъ) ўша учинчи томон олдидаги молиявий мажбуриятларини бажариш учун етарли маблағга эга бўлмай қолган ҳолатларда бундай қилиши мутлақо мумкин эмас. Бу ҳолат иш бошланишидан олдин ёки кейин содир бўлганлигининг ҳеч қандай аҳамияти йўқ. 4/2/2 бандга қаралсин.
2/2 Истисна шартномасининг хусусиятлари ва шартлари:
2/2/1 Агар, Истисна шартномасида қуйидагилар мавжуд бўлса, у ҳолда бу шартнома икки томон учун мажбурий (ақд лазим) ҳисобланади:
– ишлаб чиқариладиган нарса/маҳсулотнинг жинси, тури, миқдори, талаб қилинган хусусиятлари баён этилган ва нархи маълум. Шунингдек (агар зарур бўлса), етказиб бериш муддати ҳам белгилаб қўйилган.
Агар маҳсулот шартлашилган тавсифларга мос келмаса, харидор (мустасний) бу маҳсулотни қабул қилиш ёки рад этиш ҳуқуқига эга бўлади.
2/2/2 Истисна ўз моҳиятига кўра мажбурий (лозим) шартнома бўлганлиги сабабли, шартнома тузилиши биланоқ унинг ҳуқуқий оқибатлари юзага келади. (Маҳсулот) тайёр бўлгач янги таклиф (ийжоб) ва қабулга эҳтиёж қолмайди. Бу Муробаҳадаги ваъдадан фарқ қилади, чунки Муробаҳада муассаса маҳсулотнинг эгасига айлангандан кейин такроран ийжоб (таклиф) ва қабул орқали олди-сотди шартномасини тузиш эҳтиёжи пайдо бўлади.
2/2/3 Истисна шартномасида ишлаб чиқарувчи (маҳсулотдаги) нуқсон-камчиликлар учун жавобгарликдан озод эканлигини шарт қилиши жоиз эмас.
2/2/4 Истисна шартномалари ёки жараёнлари рибовий (судхўрлик асосидаги) амалиётни амалга ошириш (шундай амалиётларни “ҳалоллаштириш”) учун ҳийла воситасига айланиб қолмаслиги керак.
Мисол учун, муассаса маҳсулот ва ускуналарни ишлаб
чиқарувчидан нақдга сотиб олиб, сўнгра уларни унинг (яъни ишлаб чиқарувчининг) ўзига
насияга қимматроқ нархда сотиш бўйича ўзаро келишиб олиш; ёки Истисна битими асосида
молиялаштиришни сўровчи шахснинг ўзи ишлаб чиқарувчи бўлиши; ёки буюртмачининг ишлаб
чиқарувчи корхонанинг учдан бир ёки ундан кўпроқ улушига эгалик қилиши, ҳатто
бу жараёнлар тендер орқали амалга оширилса ҳам, мумкин эмас. Бу
қоида/чекловлар
Бай ал-ъинанинг
олдини олиш учун керак.
[2] Арабча «Истисна» атамаси ишлаб чиқариш ва қурилишга ҳам тегишли бўлиб, ўзбек тилида ҳам ишлаб чиқарувчилар, ҳам қурувчиларни қамраб олувчи қулай атама йўқ. Шунинг учун, “ишлаб чиқарувчи” атамаси ушбу меъёрда Истисна шартномасида ишлаб чиқарувчи ёки пудратчи сифатида иштирок этувчи томонни ифодалаш учун ишлатилади, «маснуъ» атамаси эса шартноманинг мавзуси бўлган маҳсулотлар ёки биноларни ифодалаш учун ишлатилади.
(давоми бор)
Таржимон:
Муҳиддин Бектемиров, AAOIFI нинг CSAA сертификати соҳиби
Муҳаррир:
Жаҳонгир Имамназаров
Иқтисодиёт фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)
“Ислом молияси” лойиҳаси ҳамасосчиси