AAOIFI Шаръий меъёри № 21:
ҚИММАТЛИ ҚОҒОЗЛАР (АКЦИЯ ВА ОБЛИГАЦИЯЛАР)
Меъёрнинг матни
3. Акциялар муомаласига тегишли ҳукмлар:
3/5 Акцияларни брокер ёки бошқа шахсдан олинган риболи қарз эвазига сотиб олиш (маржали савдо – MARGIN) мумкин эмас. Шунингдек, бундай қарз учун акцияларни гаровга қўйиш ҳам жоиз эмас (“Ширкат (мушорака) ва замоний ширкатлар” тўғрисидаги 12-сонли шаръий меъёрнинг 4/1/2/6 бандига қаралсин).
3/6 Сотувчи ўзига тегишли бўлмаган (эгалик қилмайдиган) акцияларни сотиши (short sale) жоиз эмас. Топшириш/ етказиб бериш вақтида уларни қарзга бериш ҳақида брокердан ваъда олинганининг ҳеч қандай ҳуқуқий таъсири йўқ (“Ширкат (мушорака) ва замоний ширкатлар” тўғрисидаги 12-сонли шаръий меъёрнинг 4/1/2/7 бандига қаралсин).
3/7 Акцияларни сотиб олувчи (харидор) савдо амалиёти тугалланиб, зоминлик (жавобгарлик) унга ўтганидан сўнг, гарчи акцияни якуний рўйхатдан ўтказиш (SETTLEMENT) ишлари тугалланмаган бўлса-да, акцияларни учинчи тарафга сотиши ёки шу каби бошқа йўллар билан тасарруф этиши жоиздир.
3/8 Ваколатли расмий идоралар қонуний манфаатларни рўёбга чиқариш мақсадида, акциялар савдоси (айланмаси)ни фақатгина ушбу фаолиятни амалга ошириш учун лицензияга эга бўлган ва ихтисослашган брокерлар орқали амалга ошириладиган қилиб тартибга солишлари жоиз (“Ширкат (мушорака) ва замоний ширкатлар” тўғрисидаги 12-сонли шаръий меъёрнинг 4/1/6/8 бандига қаралсин).
3/9 Бирор компания акцияларини қарзга бериш жоиз эмас.
3/10 Шариат талабларига мувофиқ бўлган акцияларни гаровга қўйиш жоиз. Бунда компания активлари нақд пуллардан, моддий активлардан ёки қарзлардан иборат бўлишининг аҳамияти йўқ. Шунингдек, активлар фақат бир турли ёки аралаш (яъни нақд пул, мол-мулк ва қарзларни ўз ичига олган) бўлишининг ёки улардан бир тури устун бўлиш-бўлмаслигининг ҳам фарқи йўқ. Бироқ, гаровга қўйилган акциялар сотилаётганда, яъни тўловни ундиришда, акцияларни сотиш шартларига риоя қилиш лозим.
3/11 Акцияларда Салам шартномаси жоиз эмас.
3/12 Акцияларга нисбатан фючерс шартномаларини тузиш жоиз эмас (“Тартибга солинган (уюшган) бозорларда товар-хомашё савдоси” тўғрисидаги 20-сонли шаръий меъёрнинг 5/1 бандига қаралсин).
3/13 Акцияларга нисбатан опцион шартномаларини тузиш жоиз эмас (“Тартибга солинган (уюшган) бозорларда товар-хомашё савдоси” тўғрисидаги 20-сонли шаръий меъёрнинг 5/2 бандига қаралсин).
3/14 Акцияларга ёки уларнинг даромадларига нисбатан своп шартномаларини тузиш жоиз эмас.
3/15 Акцияларни ижарага бериш жоиз эмас. Хоҳ уларни гаровга қўйиш учун бўлсин; хоҳ биржа бозорларида амалга оширилганидек, ижарачига уларни сотиб, сўнг ўрнига худди шунақа акцияни қайтариш мақсадида бўлсин; хоҳ уларнинг даромадини (фойдасини) олиш учун бўлсин; хоҳ ижарага олувчининг молиявий ҳолати кучли эканини кўрсатиш учун ёки бошқа мақсадларда бўлсин, барчаси тақиқланади.
3/16 Акцияларни гаровга қўйиш мақсадида ёки биржа бозорларида амалга оширилганидек, уларнинг фойдасини вақтинча олувчига бериш мақсадида орияга (вақтинча текинга фойдаланишга) бериш жоиз. Орияга олувчи акцияларни сотишга ҳақли эмас, ундирувни гаровга қаратиш ҳолати бундан мустасно.
3/17 Агар компания активлари фақатгина нақд пулдан иборат бўлса, бундай компания акцияларининг муомаласи жоиз эмас, фақат номинал қийматида ҳамда ўзаро қўлма-қўл топшириш (тақобуз) шарти билангина жоиз бўлади. Бу хоҳ обуна (эмиссия) даврида бўлсин, хоҳ обунадан кейин, лекин компания ўз фаолиятини бошлашидан олдин бўлсин, хоҳ компанияни тугатиш пайтида бўлсин фарқи йўқ.
3/18 Агар компания активлари фақатгина қарзлардан иборат бўлса, бундай компания акциялари билан муомала қилиш қилиш жоиз эмас, фақат қарзларни тасарруф этиш аҳкомларига (қоидаларига) риоя қилинган ҳолдагина буни амалга ошириш мумкин.
3/19 Агар компания активлари моддий активлар, манфаатлар, нақд пул ва қарзларни ўз ичига олса, у ҳолда бундай компания акцияларининг муомаласига оид ҳукм асосий эргашиладиган омилга – компаниянинг мақсади ва амалдаги фаолиятига қараб турлича бўлади:
- Агар компаниянинг мақсади ва фаолияти моддий активлар, манфаатлар ва ҳуқуқлар билан ишлаш бўлса, у ҳолда моддий активлар, манфаатлар ва ҳуқуқларнинг бозор қиймати компаниянинг барча турдаги активлари (моддий активлар, манфаатлар, ҳуқуқлар, пул маблағлари ва уларга тенглаштирилган нарсалар, яъни компаниянинг учинчи шахслардаги қарзлари, улардаги жорий ҳисобрақамлари ҳамда ўзи эгалик қиладиган ва қарзларни ифодаловчи облигациялар)нинг 30% идан кам бўлмаслиги шарти билан, бундай акцияларни сарф (валюта айирбошлаш) ёки қарзларни тасарруф этиш аҳкомларига риоя қилмаган ҳолда савдо қилиш жоиз. Бунда нақд пул маблағлари ва қарзларнинг миқдори қандай бўлишидан қатъи назар, савдо жоиз бўлади, чунки улар бундай ҳолатда тобе (иккинчи даражали) деб эътиборга олинади.
- Агар компания мақсади ва амалдаги фаолияти олтин, кумуш ёки валюталар билан ишлаш (саррофлик) бўлса, унинг акциялари муомаласи учун сарф (валюта айирбошлаш) аҳкомларига риоя қилиш шарт бўлади. Агар компаниянинг мақсади ва амалдаги фаолияти қарзлар билан ишлаш (қарз асосида молиялаштириш бериш) бўлса, бундай компания акциялари савдосида қарзларни тасарруф этиш аҳкомларига риоя қилиш шарт бўлади.
3/20 3/18-бандда келтирилган қоидаларни татбиқ этиш учун, қарзни қимматли қоғозга айлантиришга (секюритизация қилишга) ҳийла ишлатиб, моддий активлар ва манфаатларнинг бир қисмини қарзларга қўшиш йўли орқали қарзларни қимматли қоғозга айлантириш ва улар билан савдо қилишга восита қилиб олмаслик шарт.
4. Облигациялар чиқаришнинг ҳукми:
Барча турдаги фоизли облигацияларни чиқариш (эмиссия қилиш) тақиқланади. Облигация – бу қарзга олинган суммани ва қарзга қандай кўринишда бўлмасин, зиёда (қўшимча устама) қайтариш шартини ўз ичига олган қимматли қоғозлардир. Бундай устама қарзнинг аслини (асосий қисмини) тўлаш вақтида бериладими ёки ойлик, йиллик ва бошқа турдаги бадаллар (қисмлар) тарзида тўланадими, фарқи йўқ. Шунингдек бундай устама аксар облигацияларда бўлгани каби облигация қийматининг бирор фоизи (нисбати) кўринишида бўладими ёки ноль купонли (даромадсиз) облигациялардаги каби дисконт (чегирма) кўринишида бўладими, фарқи йўқ. Шунингдек, хусусий, оммавий ёки давлат облигациялари бўлишидан қатъий назар, ютуқли (мукофотли) облигациялар ҳам ножоиз (тақиқланган) ҳисобланади.
5. Облигациялар муомаласи (савдоси) ҳукми:
Фоизли облигацияларини сотиш, сотиб олиш, гаровга қўйиш, ҳавола қилиш (ўтказиш) ва бошқа йўллар билан муомалага киритиш жоиз эмас.
6. Облигацияларнинг шаръий муқобили:
Облигацияларнинг шариатга мувофиқ бўлган муқобили инвестиция сукукларидир (“Инвестиция сукуклари” тўғрисидаги 17-рақамли шаръий меъёрга қаралсин).
7. Меъёр чиқарилган сана:
Ушбу меъёр ҳижрий 1425 йил 30-робиъул аввал (мил. 2004 йил 20-май) куни чиқарилган.
Таржимон:
Муҳиддин Бектемиров, AAOIFIнинг CSАА сертификати соҳиби
Муҳаррир:
Жаҳонгир Имамназаров
Иқтисодиёт фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)
“Ислом молияси” лойиҳаси ҳамасосчиси