Африка қитъаси ислом банк-молия тизимининг энг истиқболли бозорларидан бири ҳисобланади. Бунга қитъада мусулмон аҳолининг тез ўсиб бораётгани, инфратузилма лойиҳалари учун катта ҳажмдаги сармояларга эҳтиёж мавжудлиги ҳамда молиявий хизматлардан фойдаланмайдиган аҳоли улушининг юқорилиги асосий омил бўлмоқда. Шу боис ислом молияси аҳоли ва тадбиркорлар молиявий иштирокини ошириш, хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва иқтисодий ўсишни рағбатлантиришнинг муҳим воситаси сифатида қаралмоқда.
Сўнгги йилларда Нигерия, Сенегал, Миср, Марокаш, Кения ва Танзания каби давлатларда ислом банклари ташкил этилди, суверен сукуклар чиқарилди, такафул компаниялари ҳамда рақамли ислом молияси хизматлари ривожлана бошлади. Бу жараён Африка мамлакатлари учун муқобил молиялаштириш манбаларининг аҳамияти тобора ортиб бораётганини кўрсатади.
Африкада ислом молиясининг шаклланиши
Африкада ислом молияси XX асрнинг охирларида алоҳида молия тизими сифатида шакллана бошлади. Бироқ унинг тарихи анча қадимий бўлиб, бу асосан Шимолий Африка савдо йўлларининг муҳим марказларидан бири бўлганлиги билан боғлиқ. Савдо муносабатларида музораба, мушорака, салам ва муробаҳа каби шариатга мувофиқ шартномалар кенг қўлланилган.
1970–1980-йилларда Кўрфаз Давлатлари Кенгаши аъзолари (GCC)да ислом банкларининг ривожланиши Африка давлатларига ҳам таъсир кўрсатди. Айниқса, Ислом тараққиёт банки (IsDB) томонидан амалга оширилган лойиҳалар қитъада шариатга мувофиқ молиялаштиришнинг ривожланишига туртки берди.
2000-йиллардан эътиборан иқтисодий ислоҳотлар, хорижий сармояларни жалб қилиш сиёсати ва халқаро молия бозорларига кириш (интеграция) жараёни ислом молиясининг янада ривожланишига хизмат қилди. Айниқса, Сенегал, Кот-д’Ивуар, Нигер ва Того каби давлатларда суверен сукуклар чиқарилиши ислом капитал бозорининг шаклланишида муҳим қадам бўлди.
Африка иқтисодиёти ва ислом молиясига эҳтиёж
БМТ таҳминларига кўра, 2050 йилга бориб Африка қитъаси аҳолиси 2,5 миллиард кишидан ошади. Бу эса транспорт, энергетика, уй-жой, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларида катта ҳажмдаги сармояларга бўлган талабни янада оширади.
Жаҳон банки маълумотларига кўра, қитъада миллионлаб аҳоли ҳали ҳам расмий банк хизматларидан фойдаланмайди. Бу эса кичик ва ўрта бизнеснинг ривожланишини чеклаб, иқтисодий ўсиш суръатларига салбий таъсир кўрсатади.
Ислом молияси ушбу муаммоларни ҳал этишда муҳим аҳамиятга эга. Унинг асосий устунликлари қуйидагилардан иборат:
· рибо (фоиз)га асосланган молиялаштиришни рад этади, бу эса диний эътиқоди туфайли анъанавий банклар кредитларидан фойдаланмайдиган аҳолини расмий банк тизимига кириб келишига имкон яратади;
· реал активларга асосланган амалиётларни рағбатлантиради;
· фойда ва хатарларни адолатли тақсимлашини таъминлайди;
· тадбиркорлик ва ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлайди;
· ижтимоий адолат ҳамда молиявий барқарорликни таъминлашга хизмат қилади.
Шунингдек, ислом банк-молия тизими сукук чиқариш орқали инфратузилма лойиҳаларини молиялаштиришга жиддий эътибор қаратмоқда. Нигерия, Сенегал ва Мисрда чиқарилган давлат сукуклари ҳисобидан автомобиль йўллари, мактаблар, шифохоналар ва энергетика объектлари қурилди.
Африкада ислом банклари ва капитал бозори
Бугунги кунда Африканинг йигирмадан ортиқ давлатида тўлиқ ислом банклари ёки анъанавий банклар ҳузуридаги ислом дарчалари фаолият юритмоқда. Давлатлар томонидан ҳуқуқий базанинг такомиллаштирилиши ва халқаро молия муассасаларининг қўллаб-қувватлаши соҳанинг барқарор ривожланишига хизмат қилмоқда.
Нигерия Ғарбий Африкадаги энг йирик ислом молияси бозори ҳисобланади. Мамлакатда Jaiz Bank, TAJ Bank ва Lotus Bank каби ислом банклари муваффақиятли фаолият юритмоқда. Давлат томонидан чиқарилган суверен сукуклар транспорт, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларидаги йирик инфратузилма лойиҳаларини молиялаштиришга йўналтирилди.
Сенегал эса Африкада суверен сукук чиқарган илк мамлакатлардан бири бўлиб, унинг тажрибаси кейинчалик Кот-д’Ивуар, Нигер ва Тогода ҳам қўлланилди. Марокаш, Миср ва Кенияда эса ислом банклари, такафул ва сукук бозорини ривожлантиришга қаратилган ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Умуман олганда, такафул бозори босқичма-босқич ривожланиб бормоқда. Судан, Миср, Марокаш ва Нигериядаги такафул компаниялари аҳоли ва бизнес субъектларига шариатга мувофиқ суғурта хизматларини таклиф этмоқда.
Сўнгги йилларда Африкада ислом молияси сезиларли даражада ривожланаётган бўлса-да, унинг тўлиқ салоҳиятини намоён этишига тўсқинлик қилаётган айрим муаммолар сақланиб қолмоқда. Энг аввало, қатор давлатларда ислом молиясини тартибга солувчи ҳуқуқий база ҳали етарли даражада шаклланмаган. Бу эса муробаҳа, мушорака, ижара ва сукук каби молиявий маҳсулотларни амалиётга жорий этишда муайян қийинчиликларни келтириб чиқаради.
Иккинчи муҳим муаммо — малакали мутахассислар етишмаслигидир. Кўплаб мамлакатларда ҳам шариат, ҳам замонавий молия соҳасини чуқур биладиган кадрлар сони чекланган. Шу боис IsDB, AAOIFI ва IFSB каби халқаро муассасалар томонидан кадрлар тайёрлаш ва малака ошириш дастурлари амалга оширилмоқда.
Шу билан бирга, мобил банк хизматлари, рақамли ҳамёнлар ва Islamic FinTech ечимларининг оммалашуви аҳоли ва тадбиркорларнинг молиявий хизматлардан фойдаланиш, хусусан кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни молиялаштириш имкониятларини кенгайтирмоқда.
Ислом тараққиёт банки (IsDB), Африка тараққиёт банки (AfDB), AAOIFI ва IFSB каби халқаро ташкилотлар томонидан амалга оширилаётган техник ва молиявий кўмак дастурлари ҳам соҳанинг ривожланишига ижобий таъсир кўрсатмоқда.
Таҳлиллар шуни кўрсатадики, яқин йилларда Африкада ислом молиясининг ўсишига қуйидаги омиллар асосий туртки беради:
· мусулмон аҳолиси сонининг ўсиши;
· инфратузилма лойиҳаларига катта ҳажмдаги сармояларга эҳтиёж;
· сукук бозорининг кенгайиши;
· рақамли молия хизматларининг жадал ривожланиши;
· халқаро сармоядорларнинг қизиқиши ортиши;
· давлатлар томонидан ҳуқуқий базанинг такомиллаштирилиши.
Ўзбекистон учун аҳамияти
Африка мамлакатлари тажрибаси Ўзбекистон учун ҳам муҳим амалий аҳамиятга эга. Аввало, ислом молиясини босқичма-босқич жорий этиш, банкларда ислом дарчаларини ташкил қилиш ва кейинчалик тўлиқ ислом банкларини ривожлантириш мақсадга мувофиқ ҳисобланади.
Шунингдек, сукук инфратузилма, энергетика, транспорт ва ижтимоий соҳаларни молиялаштиришнинг самарали манбаи бўлиши мумкин. Бу давлат бюджетига тушадиган юкни камайтириш ва хусусий сармояларни жалб қилиш имконини беради.
Бундан ташқари, AAOIFI ва IFSB меъёрларини миллий амалиётга босқичма-босқич жорий этиш, малакали кадрлар тайёрлаш ҳамда рақамли ислом молияси хизматларини ривожлантириш Ўзбекистонда ислом молияси бозорининг барқарор шаклланишига хизмат қилади.
Хулоса
Умуман олганда, Африка тажрибаси ислом молияси нафақат мусулмон аҳоли эҳтиёжларини қондириш, балки барқарор иқтисодий ўсиш, хусусий сармояларни жалб қилиш ва ижтимоий ривожланишни таъминлашнинг самарали воситаси эканини кўрсатади. Ушбу тажриба Ўзбекистонда миллий ислом молияси бозорини шакллантириш ва уни халқаро молия тизимига интеграция қилишда муҳим амалий аҳамият касб этиши мумкин.
Фойдаланилган адабиётлар:
1. Gelbard E. A., Hussain M., Maino R., Mu Y., Yehoue E. B. Islamic Finance in Sub-Saharan Africa: Status and Prospects. IMF Working Paper, 2014.
2. Faye I., Triki T., Kangoye T. The Islamic Finance Promises: Evidence from Africa. Review of Development Finance.
3. Islamic Development Bank Institute (IsDBI). Islamic Social Finance Report.
4. African Development Bank (AfDB). African Economic Outlook.
5. World Bank. Global Findex Database.
6. Islamic Development Bank (IsDB). Annual Report, 2025.
7. International Monetary Fund (IMF). Islamic Finance in Sub-Saharan Africa.
8. Reuters. AIIB and IsDB support Africa’s infrastructure financing, 2025.
Тадқиқотчи Дилдора Эгамбердиева тайёрлади
@IslomMoliyasi