Ислом молияси сўнгги ўттиз йил давомида жаҳон молия тизимининг энг тез ривожланаётган тармоқларидан бирига айланди. Бугунги кунда ислом банклари, такафул компаниялари, сукук бозори ва бошқа шариатга мувофиқ молиявий хизматлар Осиё, Яқин Шарқ, Европа ва Африкада кенг тарқалмоқда. Бироқ ислом молия муассасаларининг барқарор ривожланиши нафақат молиявий кўрсаткичларга, балки уларнинг шариат талабларига қатъий риоя қилишига ҳам боғлиқ.
Айнан шу эҳтиёж шариат бошқаруви (Shari’ah Governance) тушунчасининг шаклланишига сабаб бўлди. Агар корпоратив бошқарув акциядорлар, мижозлар ва бошқа манфаатдор томонлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган бўлса, шариат бошқаруви бундан ташқари ҳар бир молиявий амалиётнинг ислом ҳуқуқи ва молияси талабларига мувофиқлигини таъминлайди.
Халқаро амалиётда шариат бошқаруви ислом молия муассасасининг ишончлилиги, обрўси ва барқарорлигига таъсир этувчи энг муҳим омиллардан бири сифатида баҳоланади.
Шариат бошқаруви нима?
Ислом молиявий хизматлар кенгаши (IFSB) таърифига кўра, шариат бошқаруви — бу ислом молия муассасаларида шариат талабларига мувофиқликни таъминлаш учун ташкил этиладиган ташкилий тузилмалар, назорат механизмлари ва қарор қабул қилиш жараёнлари мажмуасидир. Унинг асосий вазифаси муассасанинг барча маҳсулотлари, хизматлари, шартномалари ва амалиётлари шариат талабларига мувофиқ тарзда амалга оширилишини таъминлашдан иборат.
Замонавий шариат бошқарувининг асосий тамойиллари
Халқаро меъёрларга мувофиқ самарали шариат бошқаруви қуйидаги асосий тамойилларга таянади.
Мустақиллик. Шариат қўмитаси ўз қарорларини банк ёки муассаса раҳбарияти таъсирисиз қабул қилиши лозим. Бу қарорларнинг холислиги ва ишончлилигини таъминлайди.
Масъулият ва ҳисобдорлик. Шариат қўмитаси қабул қилинган қарорлар ва берилган фатволар учун жавобгар ҳисобланади. Шу билан бирга, муассаса раҳбарияти ҳам мазкур қарорларнинг амалда бажарилишини таъминлаши шарт.
Ошкоралик. Молиявий муассасалар йиллик ҳисоботларида шариат бошқарувига оид маълумотлар, Шариат қўмитаси хулосаси ва шариат текширувлари натижаларини эълон қилишлари керак.
Мутахассислик. Шариат қўмитаси аъзолари фақат ислом ҳуқуқини эмас, балки молия, бухгалтерия, банк иши ва ҳуқуқ соҳаларини ҳам яхши билиши талаб этилади. Акс ҳолда қарорлар амалиётдан узоқ ва шу сабабли уларни амалиётга татбиқ қилиш ўта мураккаб ва шу сабабли иқтисодий жиҳатдан мантиқсиз/самарасиз бўлиб чиқиши мумкин.
Доимий назорат. Шариатга мувофиқлик фақат маҳсулот ишлаб чиқилганда эмас, балки унинг бутун “ҳаёт даври” давомида мунтазам текшириб борилиши лозим.
AAOIFIнинг замонавий ёндашуви
Бугунги кунда Шариат бошқаруви соҳасидаги энг нуфузли халқаро меъёрларни Ислом молия муассасалари учун бухгалтерия ҳисоби ва аудит ташкилоти (AAOIFI) ишлаб чиқади.
2024 йилда AAOIFI бошқарув соҳасида муҳим ислоҳотларни амалга ошириб, ягона “Shari’ah Governance Framework (GS 1)”ни қабул қилди. Шу билан бирга, Шариат қўмитасининг ташкил қилиниши, ваколатлари, фаолияти, ҳисоботлари ва қарор қабул қилиш жараёнига бағишланган янги бошқарув меъёрлари ҳам қабул қилинди.
Ушбу моделга кўра, самарали шариат бошқаруви қуйидаги бўғинлардан ташкил топади:
- мустақил Шариат қўмитаси/кенгаши;
- шариатга мувофиқлик хизмати;
- ички шаръий аудит;
- ташқи мустақил баҳолаш;
- раҳбарият ва кузатув кенгашининг масъулияти;
- қабул қилинган қарорлар ижросини доимий мониторинг қилиш.
Бу ёндашув аввалги моделларга нисбатан анча мукаммал бўлиб, халқаро амалиётда ягона меъёрларни шакллантиришга хизмат қилмоқда.
IFSBнинг ёндашуви
Ислом молиявий хизматлар кенгаши (IFSB) ҳам шариат бошқарувини корпоратив бошқарувнинг ажралмас қисми сифатида кўради. Унинг меъёрларида шариатга мувофиқликни таъминлаш фақат Шариат қўмитасининг вазифаси эмас, балки кузатув кенгаши, ижроия раҳбарияти, ички аудит ва хатарларни бошқариш бўлинмаларининг ҳам умумий масъулияти экани таъкидланади.
IFSB ёндашувининг асосий хусусияти шундаки, шариатга мувофиқликни таъминлаш тизими муассасанинг умумий бошқарув ва хатарларни бошқариш тизими билан узвий боғланган ҳолда ташкил этилади. Бу эса ислом молия муассасаларида қарор қабул қилиш жараёнининг янада шаффоф ва самарали бўлишини таъминлайди.
Халқаро тажриба: шариат бошқарувининг турли моделлари
Малайзия: марказлашган бошқарув модели
Малайзия ислом молияси соҳасида шариат бошқарувининг энг ривожланган моделларидан бирига эга. Мамлакатда Bank Negara Malaysia (Малайзия Марказий банки) ҳузурида Shariah Advisory Council (SAC) фаолият юритади. У мамлакатдаги ислом банклари, такафул компаниялари ва бошқа ислом молия муассасалари учун шариат масалалари бўйича энг юқори маслаҳат органи ҳисобланади.
2019 йилда қабул қилинган Shariah Governance Policy Document ушбу тизимнинг ҳуқуқий асосини янада мустаҳкамлади. Мазкур ҳужжатга мувофиқ ҳар бир ислом молия муассасасида қуйидаги тузилмалар фаолият кўрсатиши шарт:
- мустақил Шариат қўмитаси/кенгаши;
- шариатга мувофиқлик бўлими;
- ички шариат аудити;
- шариат хатарларини бошқариш тизими;
- шариат бўйича мунтазам ички назорат.
Бу тизимда кузатув кенгаши ва ижроия раҳбарияти ҳам шариат талабларига риоя этилиши масаласида шахсан масъул ҳисобланади. Натижада шариат назорати фақат уламолар вазифаси эмас, балки бутун корпоратив бошқарув тизимининг таркибий қисмига айланган.
Баҳрайн: AAOIFI меъёрларига асосланган ёндашув
Баҳрайн халқаро ислом молия марказларидан бири бўлиб, айнан шу ерда Accounting and Auditing Organization for Islamic Financial Institutions (AAOIFI) фаолият юритади.
Мамлакатдаги ислом банклари AAOIFIнинг шариат, бухгалтерия ва бошқарув меъёрларини кенг қўллайди. Ҳар бир банкда мустақил Шариат қўмитаси/кенгаши ташкил этилиб, янги маҳсулотлар ва шартномалар аввал ушбу қўмита/кенгаши томонидан кўриб чиқилади.
Шу билан бирга, ички шариат аудити ва ташқи мустақил шариат текшируви ҳам йўлга қўйилган. Бу икки босқичли назорат тизими мижозлар ва сармоядорлар ишончини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Туркия: ягона мувофиқлаштирувчи кенгаш модели
Туркияда ислом банклари Participation Banks (Иштирокчи банклар) номи билан фаолият юритади. Мамлакатда ҳар бир иштирокчи банк ўз Шариат қўмитасига эга бўлса-да, уларнинг фаолияти Participation Banks Association of Türkiye (TKBB) ҳузуридаги Марказий маслаҳат кенгаши томонидан мувофиқлаштирилади.
Ушбу кенгаш турли банклар қабул қиладиган шариат қарорларининг бир хил бўлишини таъминлаш, баҳсли масалаларга ягона ёндашувни шакллантириш ва янги молиявий маҳсулотларни баҳолаш вазифаларини бажаради.
Бу модель банклар мустақиллигини сақлаб қолган ҳолда мамлакат миқёсида ягона ёндашув ва амалиётни таъминлаши билан аҳамиятлидир.
Покистон: давлат назорати кучли бўлган тизим
Покистонда шариат бошқаруви мамлакат Марказий банки — State Bank of Pakistan томонидан тартибга солинади. Ҳар бир ислом банкида Шариат қўмитаси ташкил этилиши мажбурий ҳисобланади.
Бундан ташқари, Марказий банк шариат аудити, ҳисобот бериш, қўмита аъзоларига қўйиладиган малака талаблари ва шариатга мувофиқлик мониторинги бўйича алоҳида меъёрларни белгилаган.
Бу ёндашув давлат назоратини кучайтириш орқали барча банкларда ягона ёндашувни ва қўйилган талаблар бажарилишини таъминлаш имконини беради.
Индонезия: уламолар иштирокидаги миллий модель
Дунёда мусулмон аҳолиси энг кўп бўлган Индонезияда шариат бошқаруви Миллий Шариат кенгаши (DSN-MUI) фаолияти билан чамбарчас боғлиқ.
Мазкур кенгаш ислом молияси маҳсулотлари бўйича фатволар қабул қилади ва улар бутун мамлакатдаги ислом молия муассасалари учун асосий меъёр сифатида қўлланилади.
Ҳар бир ислом банкида эса Sharia Supervisory Board фаолият юритиб, миллий кенгаш қарорларининг амалда тўлиқ бажарилишини назорат қилади.
Халқаро тажрибадан қандай хулоса чиқариш мумкин?
Юқоридаги давлатлар тажрибаси бир-биридан фарқ қилса-да, уларни бирлаштирувчи умумий жиҳатлар мавжуд.
Биринчидан, барча мамлакатларда мустақил Шариат қўмитаси мавжуд.
Иккинчидан, шариат назорати фақат фатво бериш билан чекланмайди. У ички аудит, мувофиқлик мониторинги, ташқи текширув ва корпоратив бошқарувнинг бошқа элементлари билан уйғун ҳолда амалга оширилади.
Учинчидан, марказий банк ёки миллий даражадаги ваколатли орган шариат бошқарувини мувофиқлаштирувчи вазифани бажаради.
Тўртинчидан, AAOIFI ва IFSB ишлаб чиққан халқаро меъёрлар деярли барча мамлакатларда миллий қонунчилик ва ички тартибларни ишлаб чиқишда асосий манба сифатида хизмат қилмоқда.
Ўзбекистон учун қандай модель мақбул?
Халқаро тажриба таҳлили асосида Ўзбекистон учун Малайзиянинг марказлашган модели билан AAOIFI меъёрларини уйғунлаштирган тизим энг мақбул деб ҳисоблаймиз.
Бундай моделда қуйидаги тузилмалар самарали фаолият кўрсатиши мақсадга мувофиқ:
- Марказий банк ҳузурида марказий Шариат қўмитаси/кенгашини ташкил этиш;
- ҳар бир ислом банкида мустақил Шариат қўмитасини шакллантириш;
- ички шариат мувофиқлиги хизмати ва ички шариат аудитини жорий этиш;
- ташқи мустақил шаръий текширувни амалга ошириш;
- AAOIFI ва IFSB меъёрларини миллий меъёрий ҳужжатларга босқичма-босқич татбиқ этиш;
- шариат бошқаруви бўйича миллий малака ва сертификатлаштириш тизимини ишлаб чиқиш ва ривожлантириш.
Бундай ёндашув халқаро амалиётда ўз самарадорлигини исботлаган бўлиб, шариатга мувофиқликни таъминлаш билан бирга, молия тизимининг шаффофлиги ва барқарорлигини ҳам оширади.
Амалий таклифлар
Ўзбекистонда шариат бошқаруви тизимини самарали шакллантириш учун қуйидаги чора-тадбирларни амалга ошириш мақсадга мувофиқ:
Биринчидан, AAOIFIнинг барча меъёрларини (шариат, бухгалтерия-аудит, бошқарув) ўзбек тилига таржима қилиш, тасдиқлаш ҳамда миллий тартибга солиш амалиётига босқичма-босқич жорий этиш.
Иккинчидан, барча ислом молия муассасалари учун ички шариат аудити ва шариатга мувофиқлик бўйича мустақил бўлинмаларни ташкил этишни мажбурий талаб сифатида белгилаш.
Учинчидан, олий таълим муассасаларида ислом молияси (жумладан ислом молия муассасаларида бошқарув) бўйича махсус магистратура ва малака ошириш дастурларини кенгайтириш.
Тўртинчидан, AAOIFI ва IFSB билан ҳамкорликда маҳаллий мутахассисларни халқаро даражада тайёрлаш ва сертификатлаштириш (CSAA, CIPA ва бошқалар) тизимини ривожлантириш.
Бешинчидан, рақамли банк хизматлари ва сунъий тафаккур асосида шариатга мувофиқлик мониторингини жорий этиш имкониятларини босқичма-босқич ўрганиш.
Хулоса
Шариат бошқаруви ислом молия муассасаларининг энг муҳим устунларидан бири ҳисобланади. У нафақат маҳсулот ва хизматларнинг шариат талабларига мувофиқлигини таъминлайди, балки мижозлар, сармоядорлар ва тартибга солувчи ташкилотларнинг тизимга бўлган ишончини мустаҳкамлайди.
AAOIFI ва IFSB ишлаб чиққан халқаро меъёрлар бугунги кунда жаҳонда энг кенг қўлланилаётган намунавий ёндашув ҳисобланади. Малайзия, Баҳрайн, Туркия, Покистон ва Индонезия тажрибаси шариат бошқарувининг турли моделлари мавжуд бўлса-да, уларнинг барчаси мустақиллик, ҳисобдорлик, ошкоралик ва профессионаллик каби умумий тамойилларга асосланишини кўрсатади.
Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг 2026 йилда AAOIFIга аъзо (Regulatory Member) сифатида қўшилиши мамлакатда халқаро меъёрларга мос шариат бошқаруви тизимини шакллантириш йўлидаги муҳим қадам бўлди. Бу жараён ислом банклари, сукук бозори ва бошқа ислом молия хизматларининг барқарор ривожланишига, шунингдек, Ўзбекистоннинг минтақавий ислом молия марказларидан бирига айланишига хизмат қилиши мумкин.
Фойдаланилган манбалар
- AAOIFI. Shari’ah Governance Framework (GS 1) ва бошқарув меъёрлари. Манама, Баҳрайн.
- AAOIFI. Central Bank of Uzbekistan joins AAOIFI as a Regulatory Member. 27 май 2026.
- Islamic Financial Services Board (IFSB). Guiding Principles on Shariah Governance Systems for Institutions Offering Islamic Financial Services (IFSB-10). Куала-Лумпур.
- Islamic Financial Services Board (IFSB). Core Principles for Islamic Finance Regulation (Banking Segment).
- Bank Negara Malaysia. Shariah Governance Policy Document. 2019.
- Central Bank of the Republic of Uzbekistan. Ислом молиясини ривожлантириш бўйича расмий ахборотлар.
- Participation Banks Association of Türkiye (TKBB). Advisory Board Regulations.
- DSN-MUI (Indonesia). National Sharia Board Fatwas and Governance Framework.
Жаҳонгир Имамназаров, иқтисодиёт фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD), “Ислом молияси” лойиҳаси ҳамасосчиси.
Дилдора Эгамбердиева, тадқиқотчи
@IslomMoliyasi