Шри-Ланканинг энг йирик нобанк молия муассасаларидан бири LOLC (Lanka ORIX Leasing Company) Finance таркибидаги Al-Falaah ислом молияси бўлими мамлакатдаги илк «Al-Falaah Tawarruq» шахсий молиялаштириш маҳсулотини расман ишга туширди.
Мазкур маҳсулот таварруқ шартномаси асосида ишлаб чиқилган бўлиб, мижозларга шариат талабларига мувофиқ равишда нақд маблағ олиш имконини беради.* Ушбу механизм фоизли қарзлардан фойдаланмасдан ликвидликка бўлган эҳтиёжни қондиришга хизмат қилади.
LOLC маълумотига кўра, компания бугунги кунда дунёнинг 26 та мамлакатида молиявий хизматлар кўрсатмоқда. Янги маҳсулот эса ислом молияси ечимларини халқаро миқёсда кенгайтириш стратегиясининг муҳим қисми ҳисобланади.
LOLC Al-Falaah раҳбари Шираз Рифайнинг таъкидлашича, мазкур маҳсулот аҳолининг турли қатламларига ўз диний эътиқодидан воз кечмасдан молиявий эҳтиёжларини қондириш имконини яратади. Шу билан бирга, рақамли молиявий хизматлардан фойдаланишни кенгайтиради ва молиявий қамровни оширишга хизмат қилади.
Мутахассислар фикрича, мазкур ташаббус Шри-Ланкада ислом молияси инфратузилмасини мустаҳкамлаш, инновацион шариатга мувофиқ маҳсулотлар сонини кўпайтириш ҳамда ислом молиясининг халқаро рақобатбардошлигини оширишда муҳим қадам ҳисобланади.
Манба: Daily News Sri Lanka
Юқоридаги маълумотни тайёрлаш жараёнида обуначиларимизга яна бир бор таварруқ ҳақида маълумот бериш ва унинг баъзи бахсли жойларига тўхталиб ўтишга қарор қилдик.
Демак, таварруқ қандай ишлаши керак ва бугунги кунда ушбу битим амалда қандай ишламоқда?
Нақд пулга эҳтиёжи бор, лекин ўз диний эътиқоди туфайли анъанавий молия муассасаларидан фоизли кредит олишни истамайдиган шахс ислом молия муассасасига мурожаат қилади, ислом молия муассасаси мижозга нақд пул бериб фоиз/устама олиши мумкин эмас, чунки исломда бу рибо ҳисобланади. Шу сабабли ислом молия муассасаси мижозга нақд пул эмас, балки бирор маҳсулотни муробаҳа битими асосида насияга олиб беришни таклиф қилади. Агар мижоз бу таклифга рози бўлса, у ҳолда у ислом молия муассасасидан бирор бир ликвид (яъни тез сотиб нақд пулга айлантириш мумкин бўлган) маҳсулотни муробаҳа асосида сотиб олади, ўша нарсани қабул қилиб (қабз қилиб) олади, кейин эса шу маҳсулотни арзонроққа учинчи тарафга сотиб юборади ва нақд пулга эга бўлади (маҳсулотни сотиш турли усулларда, масалан, биржа орқали амалга оширилиши мумкин).
AAOIFIнинг 30-сонли меъёри Таварруқ амалиётига бағишланган бўлиб, унда шундай дейилган:
4.1. Активнинг мавжудлиги ҳамда олди-сотди шартномаси тузилишидан олдин у сотувчининг мулкида эканлигига ишонч ҳосил қилиниши лозим.
4.4. Мулкни қабул қилиб олиш (қабз) жисмоний ёки ҳукмий (яъни юридик ҳужжат асосида) тарзда амалга оширилган бўлиши ҳамда уни амалда тасарруф қилиш имконини бериши лозим. Бунда мулкни қабул қилиб олишга тўсқинлик қилувчи ҳеч қандай чекловлар ёки расмий тартиб-таомиллар мавжуд бўлмаслиги керак.
4.5. Таварруқ объектини сотиб олувчи шахс уни насияга сотган сотувчидан бошқа шахс бўлиши лозим (яъни актив учинчи шахсга сотилиши шарт). Ушбу талаб тақиқланган ийна (ʿийна) битимига йўл қўймаслик, шунингдек, қандайдир олдиндан махфий келишув ёки тижорий урф асосида аввалги сотувчига қайтарилишининг олдини олиш мақсадида белгиланган.
4.7. Мижоз мазкур муассасадан (ёки унинг вакилидан) сотиб олган активни сотиш учун ушбу муассасани ёки унинг вакилини ўз вакили этиб тайинламаслиги лозим. Шунингдек, муассаса ҳам ушбу активни сотишда мижознинг вакили сифатида иштирок этмаслиги керак.
4.8. Муассаса мижозга мазкур муассасадан сотиб олган активини унинг номидан сотиб бериши учун бошқа бир учинчи шахсга вакиллик расмийлаштириб бермаслиги лозим.
Демак, бу (AAOIFIнинг 30-сонли меъёрида кўзда тутилган шартларига риоя қилинган ҳолда амалга ошириладиган) таварруқнинг жоиз бўлган кўриниши. Мана энди таварруқнинг бахсли кўриниши бўлган ташкиллаштирилган таварруқ қандай ишлашини ўрганиб чиқамиз.
Мижоз ислом молия муассасасига (нақд пул олиш истагида) мурожаат қилади, ислом молия муассасаси мижозга (нақд пул ўрнига) бирор ликвид активни муробаҳа битими асосида насияга сотади ва шу заҳоти (бу ҳақда томонлар дарҳол келишиб олишади) ўша маҳсулотни мижоз учун (унинг вакили сифатида) сотиб беради ва мижоз ҳисобрақамига нақд пул туширтириб беради. Муассаса активни (маҳсулотни) шартли равишда “А” брокер орқали сотиб олади ва “Б” брокер орқали (мижоз учун) сотиб беради. Бугунги кунда бу жараён компьютер тизими/дастури ёрдамида сониялар ичида амалга оширилади. На мижоз ва на муассаса сотиб олинаётган ва сотилаётган маҳсулотни кўришмайди, кўп ҳолларда жисмоний қабз (яъни активни кўриб, ушлаб, қабул қилиш) амалга ошмайди, чунки мижоз сотиб олинаётган активни кўрмайди ва кўришни ҳам истамайди, чунки аслида унга мол эмас, нақд пул керак.
Хуллас, бу жараёнда ислом молия муассасаси нақд пул керак бўлган мижози учун таварруқни ташкиллаштирмоқда ва айнан шу ислом уламолари ўртасидаги ихтилофли масалага айланган ва шу сабабли айрим уламолар (хусусан OIC Халқаро Ислом Фиқҳи Академияси) томонидан қайтарилиб келинаётган амалиёт.
Хўш, бу жараённи қандай қилиб ихтилофсиз кўринишга келтириш мумкин?
2025 йил февраль ойида биз Жиддада ташкил қилган ислом молияси бўйича тренингда ўша пайтда Saudi National Bank ислом молия амалиётларига масъул бўлган раҳбари юқорида тасвирлаб берилган ташкиллаштирилган таварруқ жараёнини (тренинг давомида иштирокчилар билан бўлишилган амалий мулоҳаза сифатида) қуйидагича тасвирлаб берганди:
- Молия муассасаси “А” брокердан активни сотиб олади, лекин ўша актив аслида бор ёки йўқлигини аниқ билмайди, балки унга тақдим қилинган ҳужжатлар асосида олинаётган активни борлигига ишонч хосил қилади;
- Сотиб олинаётган актив жойидан қимирламайди, чунки томонларга у керак эмас;
- “А” брокер сотилаётган актив аслида “сотилмаслигини”, балки номига сотилаётганлигини ва маълум қисқа муддатдан кейин қайта сотилишини билади шу сабабли унинг нархини бозор нархларида эмас, бироз пастроқ нархда сотади (шунда “товар” айланмаси тезроқ бўлади);
- Қисқа муддатдан кейин активни мижоз учун сотиб олган муассаса “Б” брокерга ўша активни таклиф қилади ва “Б” брокер у активни “сотиб беради” ва пулини муассаса тақдим қилган реквизитлар бўйича мижозга тушириб беради (чунки бу ҳолатда активни сотувчи мижоз, муассаса эса жараённи ташкил қилувчи томон ҳисобланади).
Ушбу тасвирланган ҳолатда “А” брокер ҳам “Б” брокер ҳам кўп ҳолатларда барча жараён “номига” (яъни фақат қоғозда) бўлаётганлигини, аслида “сотиб” олинаётган ва “сотилаётган” актив жойидан қимирламаслигини, на муассаса ва на унинг мижози активни кўрмаслигини билишади.
Saudi National Bank ислом молия амалиётларига масъул раҳбарнинг айтишича, агар мижоз активни ростдан олишни истаса унинг нархи бошқача (қимматроқ) бўлишини айтиб, шунақа сабаблар туфайли ҳам бундай “ташкиллаштирилган” таварруқ амалиётини айрим ислом уламолари жоиз деб билмаслигини таъкидлаган эди.
Бундай сунъий амалиёт нима учун кўпчилик ислом молия муассасалари томонидан қўлланаётганлиги тренинг иштирокчилари томонидан сўралганда, ўша масъул шахс “чунки тақиқланган савдо амалиёти бўлган бай ал-иънада активни мижозга насияга сотувчи ва кейин ўша активни нақдга арзонроққа қайта сотиб олувчи томон бир шахс бўлиши айтилган”, бу ҳолатда эса шаклан активни мижозга сотувчи ва олувчи битта шахс эмаслиги сабабли кўпчилик замонавий ислом молия муассасалари бундай таварруқни қўллайверишади”, деб тушунтириш берганди.
Бу ҳолатни тўғрилаш, яъни уни шубҳадан холи шаклга келтириш учун нима қилиш мумкин деган саволимизга, Saudi National Bank мутасадди ходими шундай деганди: “Муробаҳа асосида муассасадан сотиб олган мижознинг ўзи (ёки унинг вакили) ўша активни биржада, аукционда (кимошди савдоси ёрдамида) ёки бозорда бемалол сотиб нақд пулга айлантириши керак, бунинг учун, агар керак бўлса молия муассаслари шундай платформани ишга туширишлари лозимки, у ерда таварруқ орқали активга эга бўлган мижозлар шу активларни мустақил равишда (ёки махсус вакил-агентлар орқали) олди-сотдисини ташкил қилиш имкониятига эга бўлишсин” (айтиб ўтиш лозим, шундай платформалар бугунги кунда мавжуд ва улар муваффаққиятли фаолият юритиб келишмоқда).
Хуллас, банк-молия муассасаларида иқтисодий мазмундан кўра ҳуқуқий шакл устунлик қилувчи битимлар эмас, балки асл ислом молия маҳсулотлари ҳисобланган мушорака, музораба ва салам каби хатарларни битим иштирокчилари ўртасида тақсимлашга асосланган молиялаштириш маҳсулотларининг улуши ортиши ислом молия тизими моҳиятини тўлақонли намоён этиши мумкин.
Хулоса ўрнида
Ташкиллаштирилган таварруқ бўйича замонавий ислом уламолари ўртасида ягона фикр мавжуд эмас, шу сабабли ҳар бир таварруқ маҳсулоти унинг аниқ тузилиши асосида ислом молия муассасаларининг Шариат кенгашлари томонидан алоҳида кўриб чиқилиши ва баҳоланиши лозим.
Жаҳонгир Имамназаров
Иқтисодиёт фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)
“Ислом молияси” лойиҳаси ҳаммуассиси