Қарзни фақат пул тўлаш орқали эмас, ҳуқуқий йўл билан ҳам қоплаш мумкин. Замонавий иқтисодиётда корхона ва ташкилотлар бир вақтнинг ўзида ҳам қарздор, ҳам кредитор бўлиши мумкин. Бундай ҳолатда маблағни бир неча марта ўтказиш қўшимча вақт, харажат ва ликвидлик муаммосини келтириб чиқаради.
Ислом ҳуқуқида бу муаммони ҳал қилиш учун ҳавaла шартномаси назарда тутилган. У қарз муносабатларини соддалаштириш, ҳисоб-китобларни тезлаштириш ва ортиқча пул айланмасини камайтиришга хизмат қилади.
AAOIFIнинг 7-сонли «Ҳавaла» Шариат меъёрига кўра, қарз мажбуриятларини бир томон зиммасидан бошқа томон зиммасига ўтказиш Ҳаваланинг мазмун-моҳиятидир. Бу жараёнда қарзнинг миқдори ёки мазмуни эмас, балки уни тўлашга масъул томон (шахс) ўзгаради.
Ҳавaла қандай ишлайди?
Ҳавaлада учта томон иштирок этади:
- Қарзни бошқа шахс зиммасига ўтказувчи(муҳил);
- Қарзни талаб қилиш ҳуқуқига эга кредитор(муҳал лаҳу);
- Қарзни ўз зиммасига олувчи (янги қарздор) (муҳал алайҳ).
Натижада кредитор аввалги қарздор ўрнига янги қарздордан қарзни талаб қилиш ҳуқуқига эга бўлади.
Амалий кейс 1. Қурилиш соҳасида Ҳавaла
Қурилиш компанияси цемент ишлаб чиқарувчига 5 млрд сўм қарздор. Шу билан бирга, Буюртмачи ташкилот мазкур қурилиш компаниясига бажарилган ишлар учун 5 млрд сўм тўлаши лозим.
Алоқадор томонлар ўртасида Ҳавaла шартномаси тузилгандан сўнг Буюртмачи ташкилот маблағни қурилиш компаниясига эмас, балки тўғридан-тўғри цемент ишлаб чиқарувчига тўлайди. Бу амалиёт натижасида:
- қурилиш компаниясининг қарзи ёпилади;
- етказиб берувчи олиши керак бўлган маблағларни олади;
- ортиқча банк ўтказмалари амалга оширилмайди (ва бунинг натижасида харажатлар ҳам камроқ бўлади).
Бу механизм амалиётда йирик инфратузилма ва давлат харидлари лойиҳаларида кўпроқ учрайди.
Амалий кейс 2. Ислом банкининг корпоратив мижози
Бир корхона ислом банкидан муробаҳа асосида ускуна сотиб олган ва банкка 2 млн АҚШ доллари тўлаши керак.
Айни вақтда корхона ўзининг йирик харидоридан ҳам 2 млн АҚШ доллари олиши лозим.
Томонлар келишувига кўра, харидор маблағни тўғридан-тўғри ислом банкига тўлайди.
Бу орқали:
- корхонанинг банк олдидаги мажбурияти бажарилади;
- ҳисоб-китоб жараёни тезлашади.
Бу каби ечимлар ислом банклари томонидан корпоратив мижозлар билан ишлашда кенг қўлланилади.
Амалий кейс 3. Экспорт-импорт операцияси
Ўзбекистонлик экспортчи Малайзиянинг тўқимачилик корхонасига ўз маҳсулотини экспорт қилди.
Туркия компанияси Малайзиядаги ушбу тўқимачилик корхонасига қарздор.
Томонлар келишувига мувофиқ, Туркия компанияси Малайзия тўқимачилик корхонаси олдидаги қарзининг бир қисмини Ўзбекистонлик экспортчига тўлаш орқали Малайзия корхонаси олдидаги ўз мажбуриятини (қисман ёки тўлиқ) бажаради.
Бу ҳолда:
- халқаро ҳисоб-китоблар ва бу билан боғлиқ харажатлар қисқаради;
- валюта айланмаси камаяди;
- маблағлар тезроқ айланади.
Амалий кейс 4. Таъминот занжири молиялаштириши
Йирик савдо тармоғи юзлаб етказиб берувчилар билан ишлайди.
Тармоқ ўз қарзларини белгиланган муддатда тўлаши керак, бироқ банкдан ҳам молиялаштириш олган.
Ислом банки айрим тўловларни тўғридан-тўғри етказиб берувчилар фойдасига ҳавала расмийлаштириш орқали ўтказади.
Бу:
- кичик бизнеснинг молиявий айланмасини тезлаштиради;
- тўлов кечикишини камайтиради;
- таъминот занжирининг барқарорлигини оширади.
Ҳавaла ислом банклари фаолиятида
Ҳавaла мустақил ақд/битим бўлгани билан амалда турли молиявий-иқтисодий амалиётлар доирасида қўлланилади. Масалан:
- корпоратив молиялаштириш ва савдо операцияларида;
- халқаро савдо ва корпоратив ҳисоб-китобларда;
- савдо молияси ва корпоратив тўлов ечимларида;
- корпоратив мижозларнинг қарз муносабатларини бошқаришда.
Ҳавaланинг иқтисодий аҳамияти
Ҳавaла:
- ҳисоб-китобларни соддалаштиради;
- ликвидликни самарали бошқариш имконини беради;
- транзакция харажатларини қисқартиради;
- халқаро савдони енгиллаштиради;
- тўлов интизомини мустаҳкамлайди;
- шариат талабларига мувофиқ молиявий муносабатларни таъминлайди.
Шу сабабли Ҳавaла бугунги кунда ислом банк фаолияти ҳамда савдони молиялаштириш битимлари доирасидаги муҳим воситалардан бири сифатида эътироф этилади.
Хулоса
Ҳавaла – бу шунчаки қарзни бир шахсдан бошқасига ўтказиш эмас. У иқтисодиётда маблағлар айланишини тезлаштирувчи, ликвидликни яхшиловчи ва бизнес субъектлари ўртасидаги ҳисоб-китобларни соддалаштирувчи самарали ҳуқуқий механизмдир. Шу боис, AAOIFI ушбу воситага алоҳида Шариат меъёри бағишлаган.
Рақамли банк хизматлари, халқаро савдо ва таъминот занжири молиялаштириши кенгайиб бораётган бугунги шароитда Ҳавaланинг аҳамияти янада ошиб бормоқда.
Фойдаланилган манбалар:
- AAOIFI. Shari’ah Standard No. 7: Hawalah.
- Muhammad Taqi Usmani. An Introduction to Islamic Finance.
- Wahbah al-Zuhayli. Al-Fiqh al-Islami wa Adillatuhu.
@IslomMoliyasi