ШАРЪИЙ МЕЪЁР №15
ЖУЪАЛА
Муқаддима
Ушбу меъёрнинг мақсади – Жуъаланинг таърифи, унинг Ижарадан фарқли жиҳатлари, шунингдек Жуъаланинг рукнлари, шартлари, шаръий мақоми, асосий қоидалари ҳамда (унинг) ислом молия муассасалари амалиётларида қўлланилишини баён қилишдан иборат. Ушбу амалиётларни муассаса Жаъил (буюртмачи / иш бажарилишини талаб қилувчи томон) ёки Омил (иш бажарувчи) сифатида амалга ошириши мумкин, бу ҳатто бошқа параллел Жуъала шартномаси воситасида амалга оширилиши ҳам мумкин.
Меъёрнинг матни
1. Меъёрнинг қамрови (амал қилиш доираси):
Ушбу меъёр Жуъалага тегишли асосий шаръий ҳукмларни қамраб олади. Шунингдек меъёр бажариладиган иш ҳажмини аниқ белгилаб бўлмайдиган ва муайян муддат давомида узлуксиз давом этадиган фаолият турларида жуъаланинг қўлланилишини ва унга доир шаръий ҳукмларни қамраб олади.
Мазкур меъёр меҳнат/хизмат ёки мол-мулк ижарасини, шунингдек, таъмирлаш/хизмат кўрсатиш шартномаларини ёки бошқа шартномалар билан боғлиқ бўлган таъмирлаш шартларини, масалан, савдо шартномаси ёки истисна (пудрат) шартномасида кўзда тутилган техник хизмат кўрсатиш шартларини кўриб чиқмайди.
2. Жуъаланинг таърифи:
Жуъала – бу икки томон ўртасидаги шартнома бўлиб, унда томонлардан бири (яъни жаъил – буюртма берувчи) маълум ёки номаълум вақт/муддат ичида муайян натижага эришган томон – иш бажарувчига маълум бир мукофот (жуъл) тўлаш мажбуриятини ўз зиммасига олади.
3. Жуъаланинг шариатда жоизлиги:
Жуъала шаръан жоиз шартнома бўлиб, шартнома мавзуси, яъни бажариладиган иш (бу ҳолатда унинг ҳажми)даги ноаниқлик (жаҳала) шартноманинг мавқеига таъсир қилмайди. Зеро, ундан кўзланган натижани аниқ белгилаш кифоя қилади. Шу сабабли Ижара шартномаси дуруст бўлмайдиган ўринларда Жуаъала шартномаси дуруст бўлади, чунки Ижарада бажариладиган иш (ҳажми ва миқдори) аниқ кўрсатилиши керак.
4. Жуъаланинг шариатдаги мақоми/ Жуъаланинг шаръий хусусиятлари:
4/1 Меъёрнинг 6-бандида баён этиладиган фасх (шартномани бекор қилиш) масаласини инобатга олган ҳолда, Жуъала аслида лузум (мажбурийлик) хусусиятига эга бўлмаган битимдир. Шунинг учун, жаъил (буюртмачи) ҳам, омил (иш бажарувчи) ҳам шартномани бир томонлама бекор қилиш ҳуқуқига эга. Лекин омил ишни бажаришга киришиши билан (яъни ишни бошлаган пайтдан бошлаб) Жуъала буюртмачи учун бажарилиши мажбурий бўлган битимга айланади (яъни у энди шартномани бекор қила олмайди – тарж.). Шунингдек, омил ҳам муайян муддат давомида шартномани бекор қилмаслик мажбуриятини ўз зиммасига олса, у ушбу ваъдасига содиқ қолиши ва мажбуриятини бажариши шарт бўлади.
4/2 Омилнинг қўлидаги Жаъил (буюртмачи)га тегишли мол-мулк омил учун омонат ҳисобланади. Шу сабабли, агар омил тажовуз ва бепарволик қилмаса ёки буюртмачининг шартларини бузмаса ушбу мол-мулкка нисбатан зомин (жавобгар) бўлмайди.
(давоми бор)
Таржимон:
Муҳиддин Бектемиров, AAOIFI нинг CSAA сертификати соҳиби
Муҳаррир:
Жаҳонгир Имамназаров
Иқтисодиёт фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)
“Ислом молияси” лойиҳаси ҳамасосчиси