ШАРЪИЙ МЕЪЁР №14
АККРЕДИТИВ
Меъёрнинг матни
3. Ҳужжатли аккредитивларга тегишли шариат ҳукми:
3/4 Ҳужжатли аккредитивлардаги кафолатлар:
3/4/1 Муассаса шариатда рухсат берилган турли хил кафолатлар ёрдамида ҳужжатли аккредитив бўйича зиммасига оладиган мажбуриятларни кафолатлаш ёки у билан ҳужжатли аккредитив доирасида муносабатга киришган муассаса ва банклар мажбуриятлари бўйича кафолат тақдим этиши ёки бунда воситачилик қилиши жоиз. Демак, ҳужжатли аккредитивни қоплаш учун бир қатор воситалардан фойдаланиш жоиз, нақд пуллар, шариатга мувофиқ ҳисобрақамлардаги пул маблағларини музлатиб қўйиш, шариатга мувофиқ қимматли қоғозлар ёки кўчмас мулкка эгаликни ифодаловчи ҳужжатлар, шунингдек аккредитив воситасида сотиб олинаётган маҳсулотга тегишли ҳужжатларни ушлаб туриш шулар жумласидандир. Шунингдек, ўтказма аккредитив, таъминланган аккредитив, аванс тўловли аккредитивларда бўнак тўланиши эвазига бенефициарнинг банки томонидан ёки аккредитивни бериш ва тасдиқлашда иштирок этувчи банклар томонидан тақдим этиладиган кафолат хатлари, (дебиторлик ҳақлари бўйича) талаб ҳуқуқларидан воз кечиш, вексел, облигация каби тижорий қоғозлар аккредитивни қоплаш учун хизмат қилиши мумкин. Бунда ушбу меъёрнинг 3/4/2 бандида келтирилган кўрсатмаларга риоя этилиши керак.
3/4/2 Муассасанинг қуйидаги турдаги кафолатларни қабул қилиши жоиз эмас: фоизли облигациялар, тақиқланган фаолият билан шуғулланувчи компанияларнинг акциялари ва фоизли даромадлар. Шунингдек, муассаса бошқа муассаса ёки банклар олдидаги мажбуриятларининг кафолати сифатида булардан бирортасини тақдим этиши ёки бунда воситачилик қилиши жоиз эмас.
3/4/3 Муассаса ва ҳужжатли аккредитив очишга ариза берган мижоз ўртасида нақд пул кўринишидаги аккредитив қопламасини Музораба ширкати қоидаларига кўра инвестиция қилиш тўғрисида келишиб олишлари жоиз.
3/5 Ҳужжатли аккредитивда муробаҳа амалиётлари:
Мижоз импорт маҳсулотни муассасадан ҳужжатли аккредитивга асосланган Муробаҳа орқали сотиб олишни хоҳласа, қуйидагиларга риоя қилиш керак:
3/5/1 Аккредитив аризачи (буюртмачи мижоз) ва бенефициар (сотувчи) ўртасида олди-сотди шартномасини тузишдан олдин очилмаслиги керак. Бунда аризачи мижоз шартнома предмети бўлган маҳсулотни қабз қилган ёки қилмаган бўлишининг аҳамияти йўқ.
3/5/2 Муассаса, Муробаҳа тўғрисидаги 8-сонли шаръий меъёрда баён этилган ҳукмларга мувофиқ, ҳамда Иқола тўғрисидаги 2/2/2 бандга ва Вакиллик тўғрисидаги 3/1/3 бандга риоя қилган ҳолда, экспортёрдан маҳсулотни харид қилиши, сўнгра уни мижозга Муробаҳа асосида сотиши керак.
3/6 Ҳужжатли аккредитивдан фойдаланиб импорт маҳсулотларни сотиб олишда муассасанинг мижоз билан шерик бўлиши (Мушорака шартномасини тузиши):
3/6/1 Агар муассаса аккредитив очишдан ҳамда мижоз етказиб берувчи билан олди-сотди шартномаси тузишдан олдин маҳсулот сотиб олиш учун мижоз билан мушорака шартномасини имзоласа, аккредитив шериклардан исталган бирининг номига очилиши мумкин. Маҳсулот қабул қилиб олингандан кейин муассаса ўз улушини учинчи шахсга ёки шеригига нақд Муробаҳа ёки муддатли тўлов асосидаги Муробаҳа доирасида сотиши жоиз. Бироқ, бунда шерикка ўз улушини сотиш мажбурий ваъда асосида бўлмаслиги ёки Мушорака битимида кўзда тутилган шарт бўлмаслиги лозим.
3/6/2 Муассаса мижознинг ўзи учун сотиб олинган маҳсулотлар доирасида у билан шерик бўлиши (шериклик шартномасини тузиши) жоиз, лекин бунда муассаса мижозга ўз улушини насияга сотмаслиги шарт.
(давоми бор)
Таржимон:
Муҳиддин Бектемиров, AAOIFI нинг CSAA сертификати соҳиби
Муҳаррир:
Жаҳонгир Имамназаров
Иқтисодиёт фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)
“Ислом молияси” лойиҳаси ҳамасосчиси