ШАРЪИЙ МЕЪЁР №13
МУЗОРАБА
Меъёрнинг матни
9. Музорибнинг ваколатлари ва вазифалари:
Музориб Музораба мақсадларига эришиш учун астойдил ҳаракат қилиши, роббул молни унинг маблағлари ишончли қўлларда эканлиги, уларни шариатга мувофиқ кўринишда инвестиция қилиш учун саъй-ҳаракат қилаётганига ишонтириши керак.
9/1 Агар Музораба шартномаси чекланмаган (мутлақ) кўринишда тузилса, музориб ўз фаолият доирасида сармоядорлар одатда қиладиган ишларни бажариши мумкин, Бу қуйидагиларни ўз ичига олади:
9/1/1 Сармоя (капитал) ҳажми унга киришга имкон берадиган ҳамда ўзининг тажрибаси, амалий ва касбий малакаси унга рақобат қилиш имконини берадиган шариатга мувофиқ ҳар қандай соҳага сармоя киритиши.
9/1/2 Ишни ўзи бажариши ёки зарурат туғилганда бошқа шахсни вакил қилиб, ўзи бажарадиган баъзи ишларни, масалан, маҳсулотлар сотиб олиш ёки сотиш кабиларни бажартириши.
9/1/3 Инвестиция учун қулай ва имкон қадар хатарлардан холи бўлган вақт, жой ва бозорларни танлаши.
9/1/4 Музораба маблағларини муҳофаза қилиши ёки шунга зарурат туғилганда уларни бошқа бирор ишончли шахсга топшириши.
9/1/5 Муддатли тўлов ёки насия асосида олди-сотди қилиши.
9/1/6 Музориб роббул молнинг изни ёки ваколати билан қуйидагиларни амалга ошириши мумкин:
а) Музораба бошланишида ёки Музораба давомида музораба шартномасини шерикчилик шартномасига бирлаштириши; бунда, (шериклик капиталига киритилаётган ҳисса) музорибнинг ўз маблағлари ҳисобидан ёки учинчи томоннинг маблағлари ҳисобидан бўлиши мумкин. Чекланмаган (мутлақ) инвестиция депозитларини муассаса маблағлари билан аралаштириш ҳам шунинг бир кўриниши ҳисобланади.
б) учинчи шахслардан янги Музораба мақсадида сармоя жалб қилиши, агар бу унинг биринчи Музораба доирасидаги вазифаларини адо этишига халал бермаса.
9/2 Роббул мол ўз манфаатларидан келиб чиқиб, музорибнинг фаолиятини/ тасарруфларини чеклаши жоиз. Бундай чеклашлар қуйидагича бўлиши мумкин:
- замон ва макон билан чеклаш, бунда музориб муайян вақтда ёки маълум бир мамлакатда ёки муайян мамлакатдаги бозорда музораба капиталини инвестиция қилиши шарт бўлади.
- ёки инвестиция қилинадиган соҳага кўра чеклаш, бунда музориб хизмат кўрсатиш ёки савдо каби муайян соҳага, ва маълум бир маҳсулот ёки маҳсулотлар гуруҳига инвестиция қилиши шарт бўлади. Музориб бу чекловларни бузмаслиги керак. Фақат бу маҳсулотлар Музорабанинг мақсадига етишиш учун мавжуд бўлиши керак, жуда камёб, мавсумий ёки Музораба мақсадига эришишга тўсиқ бўладиган даражада чекланган бўлмаслиги керак.
9/3 Роббул мол Музораба фаолиятида музориб билан бирга иштирок этиш шартини қўйишга ҳаққи йўқ, яъни олди-сотди ва олди-бердиларда у билан бирга қатнаша олмайди. Ёки ҳар бир ишда ўзига мурожаат қилиб, унинг маслаҳат-машваратисиз қарор қабул қилмасликни талаб қилиши мумкин эмас. Ёки музорибни тасарруфдан маҳрум қиладиган шартларни қўйиши ҳам мумкин эмас, мисол учун, бошқалар билан ҳамкорлик қилишга ёки музораба капиталига ўз капиталини қўшишга мажбурлаш ҳуқуқига эга эмас.
9/4 Музориб урфга кўра сармоядорлар қиладиган барча ишларни одатда ўзи бажариши шарт ва бунинг учун у қўшимча ҳақ олиш ҳуқуқига эга эмас, чунки бу унинг мажбурияти ҳисобланади. Агар музориб бундай ишларни бажариш учун бошқа бир кишини ёлласа, унинг маоши Музораба маблағидан эмас, балки музорибнинг шахсий маблағлари ҳисобидан тўланиши керак,. Бироқ, урфга кўра музорибнинг ўзи бажариши шарт бўлмаган ишларни қилиш учун бошқа бировларни “ажр мисл” (бозор баҳосидаги ўртача иш ҳақи) эвазига ёллаши жоиз, бундай харажатлар Музораба ҳисобидан қопланади.
9/5 Музориб (активларни) бозор баҳосидан арзонга сотишга ҳаққи йўқ. Ўртача бозор баҳосидан юқорироқ нархда сотиб олишга ҳам ҳақли эмас, очиқ-ойдин манфаат борлиги кўриниб турган ҳолатлар бундан мустасно.
9/6 Музориб Музораба капитали ҳисобидан (бошқаларга) қарз бериши, ҳадя/совға ёки хайрия қилиши, ҳуқуқлардан воз кечиши мумкин эмас, фақат роббул молнинг махсус рухсати билан буларни амалга ошириши мумкин.
9/7 Музориб Музораба манфаатларини кўзлаб сафар қилганда, сафар харажатларини урфга кўра олиш ҳуқуқига эга.
10. Музорабанинг якунланиши:
10/1 Музораба шартномаси қуйидаги ҳолатларда тугатилади/якунланади:
10/1/1 Томонлардан бирининг хоҳишига кўра бекор қилиниши. Чунки музораба лозим бўлмаган (ғойру лозим) шартнома ҳисобланади. [4/3-бандга қаралсин]
10/1/2 Иккала томоннинг ўзаро келишуви билан.
10/1/3 Агар иккала томон Музораба учун муддат белгилаган бўлса, ўша муддат тугаши билан. Бироқ айрим ҳолларда музораба мажбурий (лозим) бўлиши мумкин. (4/3-бандга қаралсин)
10/1/4 Музораба капиталининг бутунлай йўқолиши ёки талафотга учраши билан.
10/1/5 Музорибнинг вафоти ёки Музориб вазифасини бажарувчи муассасанинг тугатилиши билан.
10/2 Музораба шартномаси якунланган ҳолатда, Музораба 8/8 бандда белгиланган тартибда тугатилади (ликвидация / танзид / тасфия қилинади).
11. Меъёрнинг чиқарилган санаси:
Ушбу меъёр ҳижрий 1424 йил 4-робиъул аввал (мил. 2003 йил 16-май) куни чиқарилган.
Таржимон:
Муҳиддин Бектемиров, AAOIFI нинг CSAA сертификати соҳиби
Муҳаррир:
Жаҳонгир Имамназаров
Иқтисодиёт фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)
“Ислом молияси” лойиҳаси ҳамасосчиси