ШАРЪИЙ МЕЪЁР №10
САЛАМ ВА ПАРАЛЛЕЛ САЛАМ
Меъёрнинг матни
6. Параллел Салам
6/1 Сотувчи маҳсулот етказиб бериш бўйича ўз шартномавий мажбуриятларини бажариш имконига эга бўлиш мақсадида, биринчи Салам шартномаси бўйича етказиб берилиши керак бўлган маҳсулот билан тавсиф жиҳатдан мос келадиган маҳсулотни сотиб олиш учун учинчи томон билан алоҳида (мустақил) Параллел (ёндош) Салам шартномасини тузиши жоиз. Бу ҳолатда, биринчи Салам шартномасидаги сотувчи вазифасини бажарувчи томон, иккинчи Салам шартномасида харидор вазифасини бажаради.
6/2 Харидор биринчи Салам шартномаси бўйича сотиб олган маҳсулот билан тавсиф жиҳатдан мос келадиган маҳсулотни (яъни бир хил хусусиятларга эга бўлган маҳсулотни) сотиш мақсадида учинчи томон билан алоҳида (мустақил) Параллел Салам шартномасини тузиши жоиз. Бу ҳолатда, биринчи Салам шартномасида харидор вазифасини бажарувчи томон, иккинчи Салам шартномасида сотувчи вазифасини бажаради.
6/3 Юқоридаги 6/1 ва 6/2 бандларда кўрсатилган иккала ҳолатда ҳам биринчи Салам шартномасини иккинчи Салам шартномаси билан боғлаш (яъни бирини иккинчисига тобе қилиш) жоиз бўлмайди, балки ҳар бир шартнома ўзининг барча ҳуқуқ ва мажбуриятлари бўйича иккинчисидан бутунлай мустақил бўлиши керак. Шунинг учун, агар биринчи Салам шартномасидаги томонлардан бири ўз мажбуриятини бажармаса, иккинчи томон (бундан жабрланган / зарар кўрган томон) ушбу зарарни у билан Параллел Салам шартномасини тузган томонга ўтказиб юбора олмайди. Бу на шартномани бекор қилиш, на ижрони кечиктириш орқали амалга оширилиши мумкин.
6/4 1—5 бўлимларда баён этилган Саламга оид барча қоидалар Параллел Саламга нисбатан ҳам татбиқ этилади.
7. Салам Сукуки чиқариш
Олди-сотди қилинадиган Салам сукукини чиқариш жоиз эмас. (4/1) бандга қаралсин
8. Меъёрнинг чиқарилган санаси
Ушбу меъёр ҳижрий 1422-йил 29-сафар (мил. 2001-йил 23-май) куни чиқарилган.
Таржимон:
Муҳиддин Бектемиров, AAOIFI нинг CSAA сертификати соҳиби
Муҳаррир:
Жаҳонгир Имамназаров
Иқтисодиёт фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)
“Ислом молияси” лойиҳаси ҳамасосчиси