ШАРЪИЙ МЕЪЁР №10
САЛАМ ВА ПАРАЛЛЕЛ САЛАМ
Меъёрнинг матни
3. Салам шартномаси предмети
3/2 Муслам фийҳ (салам маҳсулоти) ва унга тегишли шартлар
3/2/1 Салам шартномасини мислий моллар, мисол учун, кайл (ҳажм) ва вазнда ўлчанадиган маҳсулотларга нисбатан тузиш жоиз, фақат рибо вужудга келмаслиги шарт. Шунингдек бир-биридан сезиларли даражада фарқ қилмайдиган зироат маҳсулотлари ва саналадиган маҳсулотларда ҳам, рибони келтириб чиқармаслик шарти билан, Салам шартномаси тузиш мумкин.
3/2/2 Хусусиятлари жиҳатдан бир бирига яқин бўлган, компаниялар томонидан ишлаб чиқарилган, ўзаро фарқ қилмайдиган, савдо белгиси ва умумий (стандарт) белгилари орқали осонлик билан аниқланадиган ҳамда эркин тарзда бозорда мавжуд бўлган (кенг тарқалган) саноат маҳсулотлари ҳам (Салам шартномаси доирасида) савдо маҳсулоти бўлиши мумкин. Ушбу қоида мазкур меъёрнинг 3.2.8-бандига боғлиқ ҳолда талқин қилиниши лозим.
3/2/3 Салам шартномасини муайян маҳсулот, масалан айнан мана шу машина учун, деб тузиб бўлмайди, шунингдек, қарз сифатида зиммага олиб бўлмайдиган нарсалар, масалан, ер, бино ёки дарахтлар, ҳамда тавсифлаш орқали аниқлаш мумкин бўлмаган нарсалар, масалан, заргарлик буюмлари ва антиқа-ноёб буюмлар (Салам шартномаси доирасида) савдо маҳсулоти/мавзуси бўлолмайди. Шунингдек, муслам фийҳ (салам маҳсулоти)нинг маълум бир ер участкасидан олинадиган маҳсулот бўлишини шарт қилиш ҳам жоиз эмас. Сотувчи (келишилган) муддатда ўзида мавжуд бўлган (ва шартнома шартларига жавоб берадиган) маҳсулот билан зиммасидаги етказиб бериш мажбуриятини бажариши мумкин. Бунда, ушбу маҳсулот ўз фермасидан, заводидан ёки бошқа жойдан бўлишининг аҳамияти йўқ.
3/2/4 Агар Салам капитали валюта, олтин ёки кумуш бўлса, муслам фийҳ (салам маҳсулоти)нинг валюта, олтин ёки кумуш бўлиши жоиз эмас.
3/2/5 Муслам фийҳ васф қилиш (таърифлаш) билан аниқласа бўладиган ва қарз сифатида зиммага олиб бўладиган нарсалардан бўлиши шарт. Таъриф-тавсиф шундай бўлиши керак-ки, унда ҳеч қандай мавҳумлик қолмасин, фақат инсонлар одатда, эътиборга олмайдиган (жиддий санамайдиган) кичик ноаниқликлар бундан мустасно, чунки бундай даражадаги ноаниқлик одатда низога сабаб сифатида кўрилмайди.
3/2/6 Муслам фийҳ (салам маҳсулоти) ноаниқликни даф қиладиган тарзда (шартнома тузган томонларга) аниқ ва маълум бўлиши шарт. Муслам фийҳни ажратиб турувчи ва уни танитувчи сифат-хусусиятлар учун асос/кўрсаткич – бу (инсонлар ўртасидаги) урф ҳамда мутахассислар тажрибасидир.
3/2/7 Муслам фийҳнинг миқдорини билиш шарт. Ҳар бир маҳсулотнинг миқдори ўз табиатидан келиб чиққан ҳолда вазн, кайл, ҳажм ёки ададда аниқланади.
3/2/8 Сотувчи (муслам илайҳ) харидорга маҳсулотни етказиб бериш имкониятига эга бўлиши учун муслам фийҳ, одатда, етказиб бериш санасида мавжуд бўлиши шарт қилинади.
3/2/9 Муслам фийҳни етказиб бериш муддати низога олиб келадиган ноаниқликни бартараф этадиган тарзда маълум бўлиши шарт. Муслам фийҳни бўлиб-бўлиб (босқичма-босқич) етказиб бериш учун бир неча муддатларни белгилашга ҳеч қандай эътироз йўқ, фақат Салам капитали тўлиғича олдиндан тўланиши шарт.
3/2/10 Аслида, муслам фийҳни етказиб бериш жойини аниқ кўрсатиш лозим. Агар шартнома тузувчи томонлар бу борада ҳеч нарса дейишмаган бўлишса, шартнома тузилган жой етказиб бериш жойи ҳисобланади; агар ўша жойга етказиб беришнинг иложи бўлмаса, етказиб бериш жойи урфга кўра белгиланади.
3/3 Муслам фийҳни кафолатлаш
Муслам фийҳ (салам маҳсулоти)ни гаров (раҳн), кафиллик ёки шариат томонидан рухсат этилган бошқа турдаги таъминотлар билан кафолатлаш жоиз.
(давоми бор)
Таржимон:
Муҳиддин Бектемиров, AAOIFI нинг CSAA сертификати соҳиби
Муҳаррир:
Жаҳонгир Имамназаров
Иқтисодиёт фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)
“Ислом молияси” лойиҳаси ҳамасосчиси