ШАРЪИЙ МЕЪЁР №9
ИЖАРА ВА ИЖАРА МУНТАҲИЯ БИТТАМЛИК
Меъёрнинг баёни (матни)
8. Эгалик билан якунланувчи ижара – Ижара Мунтаҳия Бит-тамликда ижарага олинган мулкка эгалик ҳуқуқи
8/1 Ижара Мунтаҳия Бит-тамликда ижарага олинган мулкка эгалик ҳуқуқини ижарачига ўтказишнинг усули белгилаб қўйилиши лозим. Бу ижара шартномасидан алоҳида мустақил ҳужжат ёрдамида амалга оширилади. Бу қуйидаги усуллардан бири билан бўлади:
8/1/1 Рамзий нархда ёки ҳақиқий нархда сотиш ваъдаси; ёки ижара муддати асносида қолган муддат учун ижара ҳақи эвазига ёки бозор нархида сотиш ваъдаси;
8/1/2 Ҳадя (ҳиба) қилиш ваъдаси;
8/1/3 Даврий тўловларни тўлаш шартига боғланган совға/ҳадя шартномаси.
Совға қилиш ёки сотиш ваъдаси ёки шартли совға қилиш шартномаси алоҳида ҳужжатлар ёрдамида тузилганда, бу ҳужжатлар Ижара Мунтаҳия Бит-тамлик шартномасининг ажралмас қисми сифатида қайд этилиши жоиз эмас.
8/2 8/1-бандда зикр этилган усуллардан бири орқали мулкка эгалик ҳуқуқини ўтказиш бўйича берилган ваъда уни берган томон учун мажбурий ҳисобланади. Мажбурий ваъда фақат бир томон билан чекланиши, иккинчи томон учун эса ихтиёрли бўлиши керак. Бу шариатда ман этилган икки томон учун мажбурий ваъдалашувдан сақланиш мақсадида керак. Чунки, икки томоннинг ваъдалашуви ҳақиқий шартномага ўхшаб қолади.
8/3 Ҳадя қилиш ёки сотиш ваъдаси орқали мулкка эгалик ҳуқуқини ўтказишнинг барча ҳолатларида, ваъда бажарилаётган вақтда, албатта, тегишли шартнома тузилиши керак. Мулкка эгалик ҳуқуқи дастлабки ваъда ҳужжатининг ўзи билан автомат равишда иккинчи томонга ўтмайди.
8/4 Ижара шартномаси, барча ижара тўловларини белгиланган муддатларда тўлиқ тўланиши шартига боғланган ҳадя шартномаси билан бирлаштирилган бўлса ва бу алоҳида, мустақил ҳужжатда акс эттирилган бўлса, шарт бажарилганда (яъни тўловлар тўлиқ ва ўз вақтида амалга оширилганда) мулкка эгалик ижарачига ўтади, бошқа қўшимча шартнома тузиш зарурати бўлмайди. Аммо, агар ижарачи ҳатто битта ижара тўловини ўз вақтида тўламаган бўлса ҳам, шарт бажарилмаганлиги сабабли мулкка эгалик ҳуқуқи унга ўтмайди.
8/5 Агар ижара активи ижарачига Ижара Мунтаҳия Бит-тамлик асосида ижарага берилишидан олдин ўша ижарачининг ўзидан сотиб олинган бўлса, Иъина шартномасининг олдини олиш/ундан четланиш мақсадида ижара шартномаси ва активни ижарачига сотиш ўртасида ижара активи ёки унинг қиймати ўзгарадиган даражада (муайян) муддат ўтиши лозим.
Бу қоида ижара муддати ичида (ижарачи томонидан) мулкнинг олдиндан сотиб олиниши ҳолатига ҳам татбиқ этилади (7/1-бандга қаралсин).
8/6 Қуйида 8/8-бандда келтирилган талабларга риоя қилган ҳолда, ижаранинг умумий қоидалари Ижара Мунтаҳия Бит-тамликка нисбатан ҳам тўлиқ қўлланилиши шарт. Бундай ижарада ижарага берувчи томонидан мулкка эгалик ҳуқуқини ижарачига ўтказиш ваъдаси берилади. Бу қоида/талаблар, ижара мулки ижарачи томонидан уни эгаликка олиш ваъдасига биноан сотиб олинганлиги, ёки мулк охир-оқибат ижарачига ўтиши кўзда тутилганлиги, ёки ижарачи бозор баҳосидаги ижара тўловларидан юқори бўлган тўловларни тўлаганлиги (тўлаётганлиги) ва бу худди савдодаги муддатли тўловларга ўхшаши, ёки амалдаги (дунёвий) қонунлар ёки анъанавий бухгалтерия стандартлари бундай ижарани мулк ҳуқуқи ўтказилиши кечиктириладиган муддатли савдо сифатида ҳисобга олиши каби важлар билан бузилиши мумкин эмас.
8/7 Мулкка эгалик ҳуқуқи ижара шартномасини тузиш билан бирга келажак санада кучга кирадиган олди-сотди шартномасини тузиш орқали ўтказилиши мумкин эмас.
8/8 Агар ижарага
олинган мулк ҳалокат/талафотга учраса бўлса ёки ижарани шартнома муддатининг
охиригача давом эттирилиши имконсиз бўлса, ва ҳар иккала ҳолатда ҳам
ижарачининг айби йўқ бўлса, у ҳолда ижара ҳақи бозор нархлари асосида қайта
кўриб чиқилади. Агар шартномада белгиланган ижара ҳақи бозор нархлари асосидаги
ижара тўловларидан юқори бўлса, ўртадаги фарқ (яъни ортиқча тўлов) ижарачига
қайтарилади. Бу, ижара муддати охирида мулкка эгалик ҳуқуқи унга ўтказилиши
тўғрисидаги ваъданинг ҳисобига бозор баҳосидан юқори ижара тўловига рози бўлган
ижарачига етадиган зарарни бартараф этиш учун амалга оширилади[1].
[1] муҳаррирдан изоҳ: бу ҳолатда ижара мунтаҳия бит-тамлик оддий (операцион) ижарага айланади ва ижарачи томонидан амалга оширилган барча тўловлар бозор нархлари асосида қайта кўриб чиқилади, чунки бу ҳолатда эгалик билан якунланадиган ижара активи ижарачининг айбисиз йўқ бўлди ёки ижара шартномасини бошқа сабаблар билан охиригача давом эттиришнинг иложи қолмади
Таржимонлар:
Муҳиддин Бектемиров, AAOIFI нинг CSAA сертификати соҳиби
Олимжон Иргашев, AAOIFI нинг CSAA сертификати соҳиби
Муҳаррир:
Жаҳонгир Имамназаров
Иқтисодиёт фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)
“Ислом молияси” лойиҳаси ҳамасосчиси