ШАРЪИЙ МЕЪЁР №9
ИЖАРА ВА ИЖАРА МУНТАҲИЯ БИТТАМЛИК
Меъёрнинг баёни (матни)
5. Ижара шартномасининг предмети (объекти)
5/2 Ижара ҳақига тегишли ҳукмлар (қоидалар)
5/2/1 Ижара ҳақи нақд пул, нарса (яъни “натура”) ёки манфаат (хизмат) шаклида бўлиши жоиз. Ижара ҳақи аниқ бўлиши шарт, уни бутун ижара муддати учун яхлит битта сумма ёки ижара даврлари учун бўлиб-бўлиб амалга ошириладиган тўлов сифатида белгилаш ҳам мумкин. Шунингдек, ижара ҳақи ўзгармас (қатъий) ёки икки томонга ҳам маълум усулга кўра ўзгарувчан бўлиши мумкин. [5/2/3 бандга қаралсин]
5/2/2 Ижара ҳақи шартнома тузиш билан тўлаш лозим бўлган мажбуриятга айланади (яъни уни тўлаш вожиб бўлади), лекин ижарага берувчининг ижара ҳақига бўлган ҳуқуқи ижара шартномаси имзолашининг ўзи билангина эмас, балки ижарачига ижара активидан фойдаланиш, ундан манфаат олиш имконияти тақдим этиши билан пайдо бўлади. Ижара ҳақи шартнома имзолангач, биттада тўланиши ёки ижара муддати давомида бўлиб-бўлиб тўланиши ёки бошқа келишилган муддатда (ижара муддатидан узоқроқ ёки қисқароқ муддатда) тўланиши мумкин. Агар ижара мулкини етказиб бериш белгиланган муддатдан кечиктирилса, ижара ҳақини тўлаш мажбурияти лозим бўлмайди.
5/2/3 Ўзгарувчан ижара ҳақи ҳолатида, биринчи ижара даври учун ижара ҳақи аниқ сумма билан белгиланган бўлиши керак. Келгуси ижара даврларида муайян ишончли индекс/кўрсаткичга мўлжал олиш / таяниш (бенчмарк қилиш) мумкин, бунда келгуси даврдаги ижара ҳақи ўша кўрсаткич асосида белгиланади. Бундай кўрсаткич (бенчмарк) низога сабаб бўлмайдиган, аниқ меъёрга асосланган бўлиши шарт, шунингдек, бундай кўрсаткичнинг энг юқори (максимум) ва энг қуйи (минимум) чегараси белгиланади. Ушбу кўрсаткичдан навбатдаги ижара муддати учун ижара ҳақини аниқлашда фойдаланилади.
5/2/4 Ижара ҳақи икки қисмдан иборат бўлиши мумкин: улардан бир қисми ижарага берувчига тўланиши, иккинчи қисми эса ижарага берувчи томонидан тасдиқланган бирор-бир тўлов ёки харажатларни, мисол учун асосий техник хизмат, суғурта ва бошқа шу каби харажатларни қоплаш учун ижарачида туриши (сақланиши) тўғрисида келишув тузиш жоиз. Ижара ҳақининг иккинчи қисмидан (яъни тўлов/харажатлардан) ортган маблағ ижарага берувчининг ҳақи бўлади, етишмаётган қисми эса ижарага берувчи томонидан тўланади / қопланади.
5/2/5 Икки томоннинг келишувига кўра, келгуси даврлар учун, яъни ижара объектидан фойдаланилмаган давр учун ижара ҳақини ўзгартириш мумкин. Ўтган даврлар учун тўланмай қолган ижара ҳақига келсак, у ижарачининг зиммасидаги қарзга айланади ва уни оширишни шарт қилиш мумкин эмас.