2/7 Валюталар савдосида вакиллик
2/7/1 Валюта олди-сотди шартномасини тузиш учун бошқа шахсни вакил қилиш ҳамда унга валютани қабз қилиш ва топшириш ваколатини бериш мумкин.
2/7/2 Бошқа шахсни унга қабз қилиш ҳуқуқини бермасдан валюталарнинг фақат савдоси учун вакил қилиш жоиз, лекин бунда шартнома тузувчи томонлар ажралишидан олдин вакил қилувчи шахснинг ўзи ёки қабз қилиш учун тайинланган бошқа вакил валютани қабз қилиб олиши шарт қилинади.
2/7/3 Валюта айирбошлаш шартномаси тузилгандан кейин, валютани қабз қилиш учун вакил тайин қилиш жоиз. Бунда икки томоннинг вакиллари валюталарни қабз қилиб олишларидан олдин иккала вакил қилувчи томон ажралиб кетмасликлари шарт.
(Меъёрнинг 2/7/2 ва 2/7/3 бандларида айтиб ўтилган ҳолат чекланган вакилликка оид бўлиб, биринчи ҳолатда (2/7/2) бир шахс бошқа шахсни фақатгина валюта савдоси учун вакил қилади. Валюталарни топшириш-қабул қилиб олишни эса бевосита ўзи ёки яна бошқа вакилни тайинлаш орқали амалга ошириши кўзда тутилади.
Иккинчи ҳолатда (2/7/3) эса вакил қилувчи томон ўз вакилига савдолашилган ва якуний олди-сотди нархлари келишилган шартнома бўйича валютани қабз қилиш (яъни қабул қилиб олиш) ва айирбошланаётган қийматни иккинчи томоннинг вакилига топшириш вазифасини юклайди. Шу билан бирга вакил қилувчи томонлар бу жараён якунига етмагунча ажралиб кетмасликлари талаб этилади.
Демак, ушбу бандлар Меъёрнинг 2/7/1 бандида баён этилган мутлақ вакилликка зид эмас, балки қўшимча дейиш мумкин (яъни валюта олди-сотдиси шундай ҳолатда, шу усулда ҳам амалга оширилиши мумкинлиги кўрсатиб ўтилган) таржимондан).
2/8 Валюталар савдосида замонавий алоқа воситаларидан фойдаланиш
2/8/1 Замонавий алоқа воситаларидан фойдаланган ҳолда бир-биридан узоқ икки маконда турган томонлар ўртасида тузилган шартнома битта маконда имзоланган шартноманинг бажарилиши билан бир хил ҳуқуқий оқибатга эга.
2/8/2 Юқорида айтиб ўтилган воситалардан бири орқали тақдим этилган муддатли таклиф (оферта / ийжоб) ўша муддат мобайнида уни таклиф қилган томон учун мажбурий бўлиб қолади. Шартнома оферта қабул қилиниб, икки томонлама ҳақиқий ёки ҳукмий қабз қилингандагина тузилган ҳисобланади.
давоми бор…
Таржимонлар:
Муҳиддин Бектемиров, AAOIFI нинг CSAA сертификати соҳиби
Олимжон Иргашев, AAOIFI нинг CSAA сертификати соҳиби
Муҳаррир:
Жаҳонгир Имамназаров
Иқтисодиёт фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)
“Ислом молияси” лойиҳаси ҳамасосчиси