Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги маълумотларига кўра, ислом молиясининг жорий этилиши бюджетга қўшимча 100 миллион АҚШ доллари даромад келтириши мумкин.
Инфратузилма, меъёрий-ҳуқуқий асос, омонатларни ҳимоя қилиш тизимининг йўқлиги, шунингдек, фискал, яъни солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар билан боғлиқ тўсиқлар Ўзбекистонда ислом молиясини татбиқ этишга тўсқинлик қилмоқда.
Бу ҳақда “Ўзбекистон капитал бозори” IV Cbonds анжумани давомида, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигининг банк-молия тармоғи бошқармаси бошлиғи Саидкамолхон Бурхонов маълум қилди, деб хабар беради “Spot” нашриёти мухбири.
Унинг сўзларига кўра, мамлакатда ислом банклари ташкил қилиш ва ислом молиясини тартибга солиш бўйича қонуний асос (яъни шунга доир қонунчилик ҳужжатлари) мавжуд эмас.
“Ислом банкчилиги доирасида омонатларни ҳимоя қилиш тизимининг бизнинг мамлакатда йўқлиги молиявий маблағларни жалб қилишга тўсқинлик қилмоқда, чунки бугунги кунда омонатларни кафолатлаш жамғармаси фақат анъанавий банк фаолиятини назарда тутади. Албатта, бундан ташқари, соҳа ривожига тижорат банкларида ўзаро ҳисоб-китобларни амалга ошириш ва ислом молия тизими ҳисобчилиги (бухгалтерия) тамойилларини қўллаш учун зарур бўлган инфратузилманинг мавжуд эмаслиги ҳам тўсқинлик қилмоқда. Чунки ислом банк-молия тизими бухгалтерияси анъанавий банк фаолиятидан алоҳида бўлиши зарур” — деб таъкидлади Бурхонов.
Шунингдек, ушбу соҳада мижозларга хизмат кўрсатиш бўйича керакли билимларга эга бўлган кадрларни тайёрлаш зарурлиги ҳам алоҳида таъкидланди. Банк ходимлари, мижозларга ислом молиясининг барча тамойилларини тушунишда ёрдам берадилар.
Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги вакили айни пайтда ислом молиясини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақида ҳам гапирди. Бу йўналишдаги бошланғич нуқта Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2020-йилда Олий Мажлисга йўллаган мурожаатномаси бўлиб, унда мамлакатда ислом молиясини жорий этишнинг ҳуқуқий асосларини яратиш зарурлиги белгиланган, дея қайд этди мутахассис.
“Бу борада Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги бошчилигида Марказий банк, Молия вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитаси вакилларидан иборат ишчи гуруҳ тузилди. Ҳуқуқий ҳужжатларни халқаро тажриба асосида ишлаб чиқиш мақсадида, Ислом тараққиёт банкининг грант маблағлари ҳисобидан тендер танлови ўтказилди. Унинг натижаларига кўра биз Islamic Finance Advisory and Assurance Services халқаро компанияси билан шартнома имзоладик”, — дейди Бурхонов.
Қўшма лойиҳа уч босқичда амалга оширилади. Биринчиси аллақачон якунланган: жамоа ислом молияси ривожланишига тўсқинлик қилиши мумкин бўлган мамлакатнинг амалдаги қонунчилиги ҳолатини ўрганди.
Иккинчи босқичда компания, амалдаги қонунчиликка, молия муассасаларига ислом молияси билан шуғулланиш имконини берувчи ўзгартиришлар киритиш бўйича таклифлар ишлаб чиқмоқда.
Учинчи босқичда, яъни ишлаб чиқилган тегишли қонунчилик моддаларини татбиқ этиш билан боғлиқ ишлар якунлангач, кадрлар салоҳиятини кучайтириш бўйича жадал иш олиб бориш мақсад қилинган.
Бурхоновнинг сўзларига кўра, бир гуруҳ банклар ислом дарчаси очиш билан боғлиқ бўлган инфратузилмани ривожлантириш бўйича ишларни бошлашган. Бунинг учун улар Хусусий тармоқни ривожлантириш ислом корпорацияси (ICD) билан шартнома имзолашган.
Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳисоботига кўра, Ислом молияси жорий этилгандан сўнг 10 миллиард АҚШ долларига яқин инвестиция жалб этилиши ва бюджет 100 миллион АҚШ доллари миқдорида даромад кўриши мумкин.
“Биз, аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари ихтиёрида бўлган бўш маблағларни жалб қилиш учун қўлимиздан келганини қиламиз, бу эса ўз-ўзидан яширин иқтисодиёт кўламини қисқартиради. Банк соҳасида адолатли ва шаффоф рақобат муҳитини яратиш ҳам устувор вазифалардан биридир. Чунки, ҳаммага маълум, банклар ҳозирда фақат анъанавий йўналишда фаолият юритади. Биз молиялаштиришнинг янги муқобил манбаларини жорий эта олсак, банк соҳаси янада ривожланиб боришига ишонамиз. Энг муҳими, ислом молияси саноатини ривожлантириш орқали аҳолининг молиявий саводхонлигини оширишга ҳам ҳаракат қиламиз, чунки кўплаб фуқаролар ушбу янги йўналишни ўрганишга қизиқиш билдирмоқда”, — дейди вазирлик вакили.
Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Ўзбекистон ислом молияси соҳасида МДҲ давлатлари ичида етакчига айланади деб умид қилмоқда. Вазирлик келгусида Ўзбекистонда ислом молиялаштириш марказини яратишга эътибор қаратишни режалаштирмоқда.