АҚШнинг энг нуфузли ва пешқадам университетларидан бири бўлган Принстон университети талабаларга университетнинг таълим грантини эълон қилган. Университетга қабул қилинган талаба оиласининг бир йиллик даромади 100,000 АҚШ долларидан кам бўлса 100% грант беради.
Талаба қуйидаги харажатлардан озод этилади (2022-23 ўқув йили учун университет вебсайтида кўрсатилган бир йиллик тўловлар):
- Ўқиш контракт тўлови: $57,410
- Ётоқхона: $10,960
- Ошхонада овқатланиш: $7,670
- Бошқа турли харажатлар: $3,500
______________________________________
Жами: $79,540
Юқоридаги грант ким томонидан тақдим қилинади, қайси маблағ ҳисобига қопланади деб ўйлаётгандирсиз? Бу грантни давлат, яъни бюджет тақдим қилмайди. Грант Принстон университетининг вақф фонди томонидан тақдим қилинади. АҚШ университетларининг фондлари “endowment” деб номаланади. Бундай фондларни яратган одамлар мусулмон бўлмаганлар бўлиб, садақаи жория сифатида савоб умид қилмасалар ҳам, шунингдек, фиқҳий жиҳатдан вақф ҳисобланмаса ҳам бундай фондларнинг келиб чиқиши айнан Исломдаги вақфларга боғлиқ. Шу сабабли ушбу мақоладаги фондаларни шартли равишда вақф деб турамиз.
Принстон университетининг вақф фонди 37,800,000,000 (ўттиз етти миллиард саккиз юз миллион) АҚШ долларини ташкил қилади. Солиштириш учун Ўзбекистоннинг бир йиллик ялпи ички маҳсулоти 69 миллиард АҚШ долларини ташкил қилади, яъни мамлакатдаги барча корхоналар, одамлар, заводлар, конлар бир йил ишлаб чиқарган, сотган, экспорт қилган маҳсулотларининг қиймати АҚШдаги биргина Принстон университети вақф фондидаги маблағлардан тахминан икки баробар катта холос. Тасаввур қилдингизми университет ва унинг вақф фондлари молиявий қудратини?
Қуйида АҚШдаги бошқа университетларнинг вақф фондларининг ҳажми:
- Harvard University (MA) $53,200,000,000
- Yale University (CT) $42,300,000,000
- Stanford University (CA) $37,800,000,000
- Princeton University (NJ) $37,800,000,000
- Massachusetts Institute of Technology $27,400,000,000
- University of Pennsylvania $20,500,000,000
Вақф фондлари бу университетларга дунёнинг энг салоҳиятли, энг ақлли талабаларини ўзига жалб қилиши учун керак. Шунингдек, энг машҳур, жаҳон даражасидаги устозлар, профессорларни ҳам ўзига жалб қилиш ва уларни ушлаб туриш учун керак. Бу фондлар орқали илмий изланишлар, тадқиқотлар, кашфиётлар молиялаштирилади.
Вақф фондлари асосан шу университетни ўз вақтида битирган, ҳозирда бой кишилар тарафидан молиявий жиҳатдан хайриялар ҳисобига таъминланади. Масалан, Принстон университети битирувчилари орасида Google раҳбарилари Жеф Безос, Эрик Шмидт; АҚШ президентлари Жеймс Мэдисон ва Вудро Уилсон; АҚШнинг собиқ биринчи хоними Мишель Обама ва бошқа машҳур ва бой инсонлар бор.
Энг қизиғини билишни истайсизми? Инглиз тилида “endowment” деб аталадиган фондлар тизимини ғарб цивилизацияси шарқдаги “вақф” тизимидан ўзлаштирган. Бунга Буюк Британиядаги XV-XVI асрдаги инглиз тилидаги илк вақф ҳужжатларини ўша даврдан олдинги араб тилида ёзилган вақф ҳужжатлари билан солиштириб амин бўлиш мумкин. Ислом вақф ҳужжатлари басмала, ҳамд ва наът билан бошланиши, ғарбдаги вақфлар Исо алайҳиссаломга айтилган сўзлар билан бошланишини ҳисобга олмаса, ҳужжат шакли, ибораларнинг ишлатиши, ҳақларнинг белгиланиши айни бир хил бўлган.
XIX-XX асрда мусулмон диёрлари мустамлакага айланиши билан вақфлар йўқ қилинди, уларнинг иқтисодий, ижтимоий аҳамияти синдирилди.
Ўтган асрнинг 50-йилларидан бошлаб мустамлакачиликдан қутулган диёрларда ўзликни англаш, ижтимоий ва иқтисодий ҳаётни ўз қадриятларига асосан қайта кўриб чиқиш ва янгидан қуришга ҳаракатлар бошланиб ҳозирги кунгача давом этиб келмоқда.
Бундай ҳаракатларнинг иқтисодий йўналишда энг салмоқли ва муҳим ўзакларидан бири — вақф тизимини қайта тиклаш.
Юқорида Принстон университети мисолида таълим тизимида вақфнинг нега зарурлигига бир тегинган бўлдик, холос. Ўзингизга савол беринг, масалан, битирган мактаб ёки университетингизни қўллаб-қувватламоқчи бўлсангиз, хайрия қилмоқчи бўлсангиз, бунга имкон борми? Орамизда мактаби ёки университетига ўзининг бирор ёрдамини қонун доирасида, қийинчиликсиз, сансалорликсиз ва ортиқча қоғозбозликсиз қила олганлар топиладими? Ўша маблағ самарали, ўз жойига сарфланганига ишончингиз комилми?
Вақф мавзусини кўтариш, тарғибот қилиш ва қонунчиликка таклифлар киритишни бошлаш учун шароит етилган деб ўйлаймиз.
“Islom moliyasi” лойиҳаси