“Аллоҳга яхши қарз берадиган киши борми?! Бас, У зот унга бир неча марта кўпайтириб қайтаради ва унга карамли ажр бор.”
Аслида “қарз” сўзи луғатда “кесмоқ” маъносини билдиради. Қарз берувчи киши ўз молидан кесиб, қарз сўровчига беради. Аллоҳ таоло Ўз дини йўлида сарфланадиган молу мулкни унга берилган “яхши қарз”га, яъни орага судхўрлик ва бошқа ғаразлар қўшилмаган қарзга ўхшатмоқда.
“Аллоҳга яхши қарз берадиган киши борми?!»
Бунда эҳсон, инфоқ қилишга катта тарғиб бордир. Чунки қарзни муҳтожлар олади, Аллоҳ эса ҳеч нарсага муҳтожлиги йўқ, балки барчанинг унга муҳтожлиги бор Зотдир. Оятда Аллоҳ таоло эҳсон қилганларнинг сарфини кўпайтириб беришга ва бунинг устига, уларни карамли жаннатга киритишга ваъда қилмоқда.
“Бас, у зот унга бир неча марта кўпайтириб қайтаради ва унга карамли ажр бор”.
Уламолар Аллоҳ таоло қабул қиладиган яхши қарзнинг шартларини ҳам зикр қилганлар:
1. Садақа қилувчининг нияти соф бўлсин.
2. Садақа чин кўнгилдан, риёсиз, Аллоҳнинг розилиги учун берилсин.
3. Ҳалол молдан бўлсин.
4. Сифатсиз бўлмасин.
5. Энг зарур жойга сарфлансин.
6. Садақа яширин ҳолда қилинсин
7. Миннат қилинмасин.
8. Кўп бўлса хам, оз саналсин.
9. Ўзининг яхши кўрган молидан бўлсин.
10. Ўзини бой санаб, олувчини камбағал санамасин.
Маълумки, саҳобаи киромлар ҳар бир оятга тўлиқ амал қилишга шошилар эдилар. Шу маънода улуғ саҳобий Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган қуйидаги ривоят жуда ҳам ибратлидир. Ушбу оят нозил бўлганда Абу Даҳдаҳ Ансорий исмли саҳоба: “Эй Аллоҳнинг Расули, Аллоҳ биздан қарз хоҳлаяптими?» деди.
“Ҳа, эй Абу Даҳдаҳ”, дедилар сарвари олам. Шунда Абу Даҳдаҳ Расулуллоҳ алайҳиссаломга: “Кўлингизни беринг”, деди-да, у зоти бобаракотнинг муборак қўлларидан тутди. Сўнгра:
“Мен Роббимга боғимни қарз бердим”, деди. Унинг боғида олти юз туп хурмоси бор эди. Абу Даҳдаҳ боғини олдига келиб хотини Умму Даҳдаҳ ва фарзандларини чақирган эди, хотини:
“Лаббай!» деб чиқди. Абу Даҳдаҳ: “Боғдан чиқ, мен уни Роббимга қарз бердим”, деди. Аёл эса: “Қилган савдоингнинг даромади кўп бўлсин”, деди-да, дарров болалари ва асбоб-анжомларини кўтариб, кўчди. Шунда Пайғамбар алайҳиссалом: “Жаннатдаги дуру ёқутдан бўлган қанчадан-қанча хурмолар Абу Даҳдаҳники бўлди”, дедилар.
Манба: “Тафсири ҳилол”.