Аълам Асадовнинг қисқача профессионал автобиографияси:
Ватандошимиз Аълам Асадов 1996-1998 йиллар давомида Тошкент Молия Институти, Кредит-иқтисод факультетида Халқаро валюта ва кредит йўналиши бўйича таҳсил олган. 1998-2001 йилларда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Умид” жамғармаси грант совриндори сифатида АҚШинг Виржиния штатидаги Ричмонд университетида таҳсил олган ва иқтисодиёт йўналиши бўйича бакалавр даражасини қўлга киритган. Кейинроқ, АҚШнинг Алабама университетида иқтисод йўналиши магистри даражасини олган. Иқтисод фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) (Ислом молияси йўналишида) даражасини эса 2018 йилда Малайзиянинг INCEIF Universityда олган. 2023 йилда AAOIFI халқаро ташкилоти томонидан бериладиган Certified Shariah Advisor and Auditor (CSAA) (Сертификатланган шариат маслаҳатчиси ва аудитори) сертификатини ҳам қўлга киритган.
Аълам Асадов 15 йилдан ортиқ лекторлик, илмий тадқиқот ва бизнес амалиёти тажрибасига эга. У ўз иш фаолиятини, 2001 йили Алабама Университетида ассистент тадқиқотчи фаолиятидан бошлаган. 2007-2009 йилларда у Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институтида Илмий бўлим бошлиғи ва ўқитувчи бўлиб ишлаган. 2009-2010 академик йил давомида у Тошкент Халқаро Вестминстр Университети, Иқтисодиёт кафедраси ўқитувчиси лавозимини эгаллаган. 2010-2014 йиллар давомида у Тошкентдаги Сингапур Менежментни Ривожлантириш Институтида катта ўқитувчи ва Сaндерлeнд Университети дастур директори лавозимларида бўлган. 2018 йилдан ҳозирга қадар у Саудия Арабистонида жойлашган Принс Султан Университети молия кафедрасида профессор ассистенти бўлиб ишлаб келмоқда.
Асадов ўз илмий фаолияти давомида, монография кўплаб мақолалар нашр қилган, маҳаллий ва халқаро илмий анжуманларда ўз маърузалари билан иштирок этган. Унинг ҳозирдаги илмий изланишлари Ислом капитал бозори, ҳалол криптовалюталар, ислом молияси тамойилларига мувофиқ бўлган валюта ва монетар тизим ташкил қилиш, ислом ижараси (лизинг) ва ипотекаси, ислом венчур капитали ҳамда иқтисодий ва молиявий барқарорлик муаммоларини қамраб олади.