Бугунги кунда молия соҳаси жадал ўзгармоқда. Рақамли технологиялар, янги молиявий маҳсулотлар ва аҳолининг ахлоқий молияга бўлган қизиқиши ортиши натижасида ислом молияси жаҳон иқтисодиётининг муҳим йўналишларидан бирига айланди. Шу боис мазкур соҳада малакали мутахассис ходимларга бўлган эҳтиёж ҳам йил сайин ортиб бормоқда.
Ислом молияси нафақат мусулмон мамлакатларида, балки Буюк Британия, Люксембург, Сингапур ва Гонконг каби халқаро молия марказларида ҳам ривожланмоқда. Бу эса соҳада билим ва кўникмаларга эга ёшлар учун кенг касбий ривожланиш (карьера) имкониятларини яратмоқда.
Ислом молияси қуйидаги асосий йўналишлардан ташкил топган:
- Ислом банк фаолияти;
- Қимматли қоғозлар (сукук) бозори;
- Такафул (ислом суғуртаси);
- Ислом финтех хизматлари;
- Ислом инвестиция фаолияти.
Айниқса, рақамли технологияларнинг кириб келиши ислом финтех лойиҳалари сонини сезиларли даражада оширмоқда.
Нима учун ёшлар бу соҳага қизиқишмоқда?
Ислом банк-молия тизимида мутахассислар етишмовчилиги ҳали ҳам долзарб масала бўлиб қолмоқда. Дунёнинг кўплаб банклар ва молия муассасалари бир вақтнинг ўзида ҳам молияни, ҳам шариат талабларини тушунадиган мутахассис ходимларни излашмоқда.
Бу ҳолат ёшлар учун икки муҳим афзалликни таъминлайди:
- халқаро меҳнат бозорига чиқиш имконияти;
- юқори малакали мутахассис сифатида рақобатбардошлик.
Ислом молиясида қандай касблар мавжуд?
Ислом банки мутахассиси
Бу соҳадаги ходимлар муробаҳа, ижара, мушорака ва музораба каби молиялаштириш маҳсулотларини ишлаб чиқиш, мижозларга хизмат кўрсатиш ҳамда лойиҳаларни баҳолаш билан шуғулланишади.
Шариат аудитори
Шариат аудитори муассаса фаолиятининг шариат талабларига мувофиқлигини текширади. Бугунги кунда мазкур йўналиш энг тез ривожланаётган ихтисосликлардан бири ҳисобланади.
Шариат маслаҳатчиси
Улар янги маҳсулотлар бўйича хулосалар тайёрлайди, шариат кенгашлари ишида қатнашади ва молиявий амалиётларнинг фиқҳий жиҳатларини баҳолайди.
Сукук ва капитал бозорлари таҳлилчиси
Сукук чиқариш, сармоя лойиҳаларини баҳолаш ва маблағ киритувчилар учун таҳлилий ҳисоботлар тайёрлаш билан шуғулланади.
Ислом финтех мутахассиси
Бугунги куннинг энг истиқболли касбларидан бири. Улар мобил иловалар, рақамли тўлов тизимлари, блокчейн ечимлари ва сунъий тафаккур технологияларини ислом молияси йўналишларида татбиқ этишади.
Илмий тадқиқотчи ва ўқитувчи
Олий таълим муассасалари, тадқиқот марказлари ва халқаро ташкилотларда илмий фаолият олиб бориш ҳам муҳим йўналишларидан ҳисобланади ва бу йўналишда фаолият олиб бориш жуда шарафли дейиш мумкин, чунки бу бевосита илм билан боғлиқ.
Реал ҳаётдан мисол
Малайзия ислом молиясининг энг ривожланган марказларидан бири саналади. Мамлакатда ислом банклари умумий банк активларининг учдан бир қисмидан кўпроғини ташкил этади. Шунинг учун мамлакат университетлари ҳар йили юзлаб талабаларни ислом молияси, шариат аудити ва ислом бухгалтерия йўналишларида тайёрлайди.
Масалан, Малайзиядаги айрим ислом банклари янги битирувчилар учун махсус “Graduate Trainee” дастурларини амалга ошириб, уларни 12–24 ой давомида турли бўлимларда ўқитади. Кейин эса доимий иш билан таъминлайди.
Бу тажриба ҳозирда Саудия Арабистони, БАА ва Баҳрайнда ҳам кенг қўлланилмоқда.
Муваффақият учун қандай билимлар керак?
Кўпчилик ислом молияси учун фақат шариат билимлари кифоя деб ўйлайди. Аслида эса бу соҳа икки йўналишни бирлаштиради.
Молиявий билимлар
- бухгалтерия ҳисоби;
- корпоратив молия;
- молиявий таҳлил;
- хатарларни бошқариш;
- сармоя таҳлили;
- молиявий ҳисоботларни таҳлил қилиш.
Шариат билимлари
- фиқҳ ал-муомалот;
- AAOIFI стандартлари;
- IFSB стандартлари;
- ислом иқтисодиёти;
- замонавий молиявий фатволар.
Қўшимча кўникмалар
- инглиз тили;
- араб тили;
- Excel ва Power BI;
- маълумотлар таҳлили;
- илмий тадқиқот усуллари;
- оммавий нутқ ва тақдимот маҳорати.
Қайси сертификатлар муҳим?
Ислом молияси соҳасида халқаро даражада тан олинган сертификатлар, айниқса AAOIFI сертификатлари иш берувчилар томонидан юқори баҳоланади.
Энг машҳурлари:
- CSAA — Certified Shari’ah Adviser and Auditor;
- CIPA — Certified Islamic Professional Accountant;
- CPSS — Certified Professional in Shari’ah Standarts;
Ўзбекистонлик ёшлар учун қандай имкониятлар мавжуд?
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда ҳам ислом молиясига қизиқиш ортмоқда. Мамлакатда:
- ислом молияси бўйича қонунчилик қабул қилинди;
- банкларда ислом молиялаштириш хизматлари йўлга қўйилмоқда;
- сукук бозорини шакллантириш бўйича ташаббуслар илгари сурилмоқда;
- халқаро молия ташкилотлари билан ҳамкорлик кенгаймоқда.
Бу эса келажакда маҳаллий мутахассисларга бўлган талабни янада оширади.
Ушбу йўналишда мутахассис бўлиб етишиш учун нимадан бошлаш керак?
Мутахассислар ёшларга қуйидаги босқичма-босқич йўлни тавсия қиладилар:
1-босқич. Ислом иқтисодиёти ва фиқҳ ал-муомалот асосларини ўрганиш.
2-босқич. Инглиз тили ва молиявий таҳлил кўникмаларини ривожлантириш.
3-босқич. AAOIFI стандартларини ўрганиш.
4-босқич. Банк, аудит ташкилоти ёки тадқиқот марказларида амалиёт ўташ.
5-босқич. Халқаро сертификатлар олиш ва илмий ёки амалий лойиҳаларда иштирок этиш.
Хулоса
Ислом молияси бугун нафақат шариатга мувофиқ молиявий хизматлар тизими, балки жаҳон иқтисодиётининг тез ривожланаётган йўналишларидан бири ҳисобланади. Триллионлаб долларлик бозор, малакали мутахассисларга бўлган юқори талаб ва халқаро карьера имкониятлари мазкур соҳани ёшлар учун энг истиқболли йўналишлардан бирига айлантирмоқда.
Келажакда ислом банки мутахассиси, шариат аудитори, сукук таҳлилчиси ёки ислом финтех эксперти бўлишни истаган ёшлар бугундан билим ва кўникмаларини мустаҳкамласа, улар нафақат маҳаллий, балки халқаро меҳнат бозорларида ҳам ўз ўрниларини топа олишади.
Тадқиқотчи Дилдора Эгамбердиева тайёрлади
@IslomMoliyasi