Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Уларнинг ҳидояти сенинг зиммангда эмас. Лекин Аллоҳ Ўзи хоҳлаган кишини ҳидоят қиладир. Нимаики яхшиликни нафақа қилсангиз, ўзингиз учун. Қилган нафақангиз фақат Аллоҳнинг юзини исташ учундир. Нима яхшилик нафақа қилсангиз, сизларга зулм қилинмаган ҳолда ўзингизга тўлалигича берилур.
Инсон қалбига боғлиқ ишлар ниҳоятда мураккаб ва нозикдир. Ҳеч қачон бир инсон ўзга бир инсоннинг қалбига эгалик қила олмайди. Фақатгина оламларнинг ва қалбларнинг Робби – Аллоҳ таолонинг Ўзигина эгалик қилади. Бу борада ҳатто Пайғамбар алайҳиссолату вассалом ҳам аралаша олмасликлари ушбу ояти каримада эслатиб ўтилмоқда:
«Уларнинг ҳидояти сенинг зиммангда эмас».
Бундай ишлар Аллоҳ таолонинг хоҳишига боғлиқ ишлардир. Аллоҳ кимни хоҳласа, ўшани ҳидоятга бошлайди. Кимни хоҳласа, ўшани нафақа қилишга, хайру эҳсонга бошлайди. Бу нарсалар Аллоҳнинг ихтиёрисиз бўлмайди.
«Нимаики яхшиликни нафақа қилсангиз, ўзингиз учун».
Сиртдан қараганда, нафақа қилган киши нафақа олган одамга фойда етказганга ўхшайди. Аслида эса ҳамма фойда нафақа қилувчига бўлади. У аввало, Аллоҳнинг амрини амалга оширади, иккинчидан, кўпдан-кўп савобга эга бўлади, охиратда жаннатга киради. Бу дунёда одамларнинг муҳаббатига, эҳтиромига сазовор бўлади, ризқи кенг бўлади. Яна бошқа кўпгина фойдалар борки, уларни Аллоҳнинг Ўзи билади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан: “Сўйилган қўйдан нима қолди?” деб сўрадилар. Онамиз: “Ундан бир елкаси қолди” дедилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бир елкасидан бошқаси қолибди”, дедилар (яъни бизга қолгани қилинган эҳсондир, аслида, деган маънода).
Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссолату вассаломдан ривоят қилинган ҳадислардан бирида: «Садақа балоларни рад қилади ва умрни зиёда қилади», – дейилган.
«Қилган нафақангиз фақат Аллоҳнинг юзини исташ учундир».
Бу иш фақат мўмин кишига хос ишдир. Фақат мўмин кишигина Аллоҳнинг юзи, розилиги учун хайр-эҳсон қилади. Бошқалар риё учун, пора учун, баъзи бир кишиларнинг розилиги учун ва яна бошқа шунга ўхшаш ғаразлар учун нафақа қиладилар.
«Нима яхшилик нафақа қилсангиз, сизларга зулм қилинмаган ҳолда ўзингизга тўлалигича берилур».
Қанча нафақа қилган бўлсангиз, ҳаммасининг савобини тўла оласиз. Баъзисини камайтириб, сизларга зулм қилинмайди.