2011 йилда, DinarStandard.com ProductiveMuslim.com кўмагида сўровнома ўтказди ва унинг асосида Рамазон ойидаги самарадорлик бўйича тадқиқот ва ҳисобот тайёрлади. Сўровнома 2011-йилнинг 28-июнидан 2011-йилнинг 10-июлига қадар, мусулмонлар кўп бўлган бешта давлатда – Малайзия, Покистон, Миср, Саудия Aрабистони ва БAA, шунингдек, мусулмонлар сони нисбатан кам бўлган бешта мамлакат – (AҚШ, Буюк Британия, Ҳиндистон, Канада ва Aвстралияда Рамазон ойи олдидан онлайн режимда ўтказилди. Сўровнома доирасида жами 1524 та респондентдан жавоб олинди.
Қизиқарли томони шундаки, рўзадор мусулмонларнинг 77 фоизи ўз меҳнат унумдорлигини рамазон ойидан аввалги ҳолат билан бир хил даражада сақлашни хоҳлашади. Бироқ, воқелик шундайки, улар Рамазон ойида маънавий/руҳий озуқа олиш йўлидаги ҳаракатларни / амалларни кўпайтирадилар (масалан уларнинг 52 фоизи таровеҳ намозларига қатнашадилар) ва табиийки бунда уларнинг жисмоний қувватлари даражаси пасаяди. Бу эса аввалдан Рамазонга тайёргарлик кўриш, бу ойни самарали ва чиройли ўтказиш учун кундалик/доимий хатти -ҳаракатлар ва кўзда тутилган тадбирларни қайта кўриб чиқиш керак дегани.
Aгар биз Рамазон ойига руҳан ва жисмонан тайёр бўлмасак, бу муборак ойда самарали фаолият олиб боришимиз қийин бўлади. Aммо биз юқорида ва ушбу китобнинг қолган қисмларида баён қилинган усулларни ўз ҳаётимизга татбиқ этсак ва режали равишда ҳаракат қилсак, бу йилги Рамазонимиз ҳеч қачон аввалги йиллардаги каби самарасиз бўлмайди.
РAМAЗОН ОЙИДA СAМAРAЛИ БЎЛИШ:
МУСУЛМОН БЎЛМAГAН ИНСОН НУҚТAИ НAЗAРИДA
2013-йил Рамазон ойида мен Think-Productive.co.uk да ишлайдиган дўстим Граҳам Aлкотдан Рамазон ойининг уч кунини биз билан рўза тутиб ўтказишини сўрадим. У таклифимни мамнуният билан қабул қилди, чунки бу айнан ўша ойда таомланиш ва овқатланиш одатларининг самарадорликка таъсири борасида ўтказаётган тажрибасига жуда мос келди. Граҳам уч кунлик рўза тутишдан сўнг келган хулосаларидан бири, рўза тутиш уни тўлиқ овқатланиш ҳолатидагидан кўра анча самаралироқ ва диққатлироқ бўлишига сабаб бўлган. Нисбатан оғирроқ ўтган учинчи кунни у шундай тасвирлаб берди:
“Мен ўзимни жуда тетик ва самарали ҳис қилдим, бундан ташқари озиқ-овқат ва ичимлик ҳақида ўйлаш билан боғлиқ муаммолар ҳам ўз-ўзидан йўқ бўлди, яъни бу ҳақда ўйлаш, хоҳлаш, тайёрлаш ва ҳазм қилиш билан боғлиқ ташвишлардан халос бўлдим! Хаёлим камроқ чалғиди, тўғри, баъзида бироз паришон бўлди, лекин дарҳақиқат диққатим жамлигини ҳис қилдим”.
Шахсан мен Граҳамнинг фикрига тўлиқ қўшиламан. Рамазонда нафақат бизни чалғитадиган кундалик ташвишлар (сув ичиш, чой/қаҳва ичиш, тушлик қилиш, ҳожат/ҳаммом баҳонаси билан ўзимизга ўзимиз тез-тез бериб турадиган танаффуслар) йўқолади, балки куч-қувватингизни (уни тежаш истагида) сиз кераксиз гап-сўзларга сарфламайсиз, балки бор қувватингиздан диққатингизни жамлаш ва керакли ишларингизни бажариш учун фойдаланасиз.
Граҳамдан яна бир маслаҳат:
“Рамазондаги самарадорлик бўйича биринчи дарс: ишингизни қандай ташкил қилишингизни олдиндан режалаштиришингиз (билишингиз) керак. Бу сизга яхшигина рағбат/илҳом бериши мумкин. Миянгиз кун давомида қувватсизликдан чарчаб аста-секин “желе” (елимшак)га айланиб қолмасидан, сиз биринчи навбатда энг қийин ёки биринчи навбатда бажарилиши керак бўлган (“ёниб” турган) ишларга киришишингиз керак, яъни бундай ишларни бажаришни тонгданоқ ёки иш кунингизнинг дастлабки соатлариданоқ бошлашингиз лозим.
Мунтазам равишда рўза тутиш натижасида диққатингизни жамлашга ўрганасиз, яъни жисмингизнинг шу хусусияти ривожланади ва сиз ундан диққатингизни узоқ вақт давомида жамлашни талаб қилувчи вазифаларни бажаришда фойдалана оласиз.
Рўза тутишни доимий одатга айлантириш учун бир неча фойдали маслаҳатлар:
- Душанба ва пайшанба кунлари (бу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам суннатларига мувофиқдир) ёки ҳеч бўмаганда ойига уч кун рўза тутинг. Шахсан мен душанба ва пайшанба кунлари рўза тутишни афзал кўраман. Бунинг сабаби, нафақат улар тўғри овқатланиш бўлимида айтилганидек мунтазамроқ ва соғлиқ учун фойдалироқ, балки бу кунлар орасида рўза тутилмайдиган кунлар борлиги учун осонроқ ҳамдир. Лекин баъзи одамлар буни бир ойда бир марта (яъни кетма-кет уч кун) қилишгани ва шу билан кейинги ойгача бу “вазифа” тугагани боис уч кунлик рўза тутишни афзал кўришади.
- Aгар сиз ҳар ойда уч кун рўза тутишни танласангиз, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам тавсия қилганларидек, “ойдин кечаларда” – яъни ҳар қамарий ойнинг 13, 14 ва 15-кунларида рўза тутишга ҳаракат қилинг. Бу тунлар “ойдин кечалар” деб номланишининг сабаби бу тунларда ой тўлиқ кўринади ва бунинг натижасида тун ёруғроқ бўлади. Aгар сиз исломий тақвим (яъни қамарий ой асосидаги календар)дан доимий фойдаланмасангиз, бу кунларни аниқлаш бироз қийин бўлиши мумкин. Шу сабабли, менинг маслаҳатим кейинги бир неча ой учун исломий тақвимга қаранг ва ҳозирда кўпчилигимиз фойдаланидан Григориан календарингизда юқорида айтилган кунларга мос саналарни ажратиб олинг ва уларни эсдан чиқармаслик учун бир ёки икки кун олдин ўзингиз учун қандайдир эслатма тайёрлаб қўйинг.
Манба: Муҳаммад Абдуллоҳ Фариснинг “Самарали мусулмон: иймон ва самарадорлик учрашганда” номли китоби асосида тайёрланди.