Ислом банклари ўзи мижозларини айланма маблағ билар таъминлашлари учун қўлланиши мумкин бўлган молиявий восита/маҳсулотларни кўриб чиқишда давом этамиз (кеча буни “мушорака” орқали қандай амалга оширилишини кўриб чиққан эдик).
1. Ислом банк-молия тизимида энг кўп қўлланувчи “МУРОБАҲА” орқали:
Корхона учун айланма маблағ зарур бўлганда ислом банки ушбу корхонага керак бўлган маҳсулотлар, хусусан хом-ашё сотиб олиб, ушбу корхонага ўз устамаси билан сотади. Корхона хом-ашёдан фойдаланиб маҳсулот ишлаб чиқаради ва сотади. Бу ҳолатда корхона ўзига керакли бўлган хом-ашёга эга бўлади ва ишлаб чиқаришдаги узилишни олдини олади.
2. “МУЗОРАБА” молиявий маҳсулотини қўллаш орқали:
Корхона учун айланма маблағ зарур бўлганда, айланма маблағлар унга қайси мақсадларда кераклигини батафсил тасвирлаб берувчи бизнес режа билан ислом банкига мурожаат қилади. Агар бизнес режа ислом банкига маъқул келса банк ушбу лойиҳани молиялаштириш учун сармоя ажратади, корхона эса бизнес лойиҳа ташаббускори сифатида ушбу лойиҳани бошқаради. Лойиҳа якунида фойда томонлар ўртасида тузилган музораба шартномасига кўра тақсимланади. Агар лойиҳа зарар билан якунланса, у ҳолда ҳолат ўрганиб чиқилади, зарар табиий бизнес сабаблар туфайли кўрилган бўлса, у ҳолда зарар сармоядор сифатида маблағ ажратган ислом банки томонидан қопланади. Агар зарар музориб-корхона айби билан кўрилганлиги аниқланса, у ҳолда зарар корхона томонидан қопланади. Шу ўринда бир нарсани айтиб ўтиш керак, музориб вазифасини бажарган корхоналар ўз вазифаларига лоқайдлик билан ёндашиб ёки турли ноқонуний амалиётлар қилиб лойиҳани зарарга киритиб қўйишини олдини олиш мақсадида, ислом банклари музораба шартномаси тузилаётган пайтда корхона-музорибдан гаров ёки учинчи томон кафиллигини талаб қилишлари мумкин. Албатта, бу корхона томонидан турли ғирромликлар қилинишини олдини олишга ёрдам беради.
Баъзида нима учун бугунги кунда ислом банклари музорабани кам қўллашади деган маънодаги саволлар бериб қолишади. Фикримизча, бунинг иккита асосий сабаби бор:
- Жамият аъзолари ўртасида ишонч, омонатдорлик, диёнат, ваъдага вафо, масъулият каби исломий қадриятларга риоя қилиш сусайган ва аксинча алдоқчилик, лафзсизлик, ваъдабозлик, масъулиятсизлик ва дангасалик кучайган. Бундай ҳолатда, табиатига кўра ишончга асосланган музораба битими асосида ҳамкорлик қилиш мураккаб вазифага айланади;
- Хуфиёна иқтисодиётнинг ривожланганлиги. Хуфиёна иқтисодиёт асосан солиқ тизими оғир ва/ёки шаффоф бўлмаган мамлакатларда мавжуд бўлади. Бундай ҳолатда эса тадбиркорлар солиқлардан ва бошқа турли мажбурий тўловлардан қочиш мақсадида ўз молиявий ҳолатларини корхонанинг расмий ҳужжатларида (албатта, биринчи навбатда корхона балансида) кўрсатмасликка ёки камайтириб кўрсатишга ҳаракат қилишади. Бунинг натижасида уларнинг расмий иқтисодий-молиявий ҳолати уларнинг реал ҳолатига мутаносиб бўлмай қолади. Бундай корхоналар ўз бизнес лойиҳаларини молиялаштириш мақсадида молия муассасаларига мурожаат қилган пайтларида эса уларнинг иқтисодий-молиявий ҳолатлари расмий ҳужжатлар асосида таҳлил қилинади ва аксар ҳолларда салбий хулоса чиқарилади (яъни уларни молиялаштириш мумкин бўлмайди).
Кўриб турганимиздек, хуфиёна иқтисодиётнинг ривожланиши нафақат давлат ғазнасига тушумларнинг камайишига хизмат қилар экан, балки тадбиркорликни ривожланишига ҳам тўсқинлик қилиб, давлат ва жамиятга зарар келтирар экан.