Шариат қўмитаси тегишли масалаларни, шу жумладан бизнес амалиётга алоқадор масалаларни кўриб чиқиш ва қарор қабул қилишда тўлиқ жавобгарликка ва ушбу масалалар юзасидан батафсил ахборот бера олиш масъулиятига эга бўлиши керак. Бу, Малайзия Марказий банкининг Шариат қўмиталари банкларга асосли тавсиялар бера оладиган даражада малака ва масъулиятга эга бўлиши керак деган кўрсатмасига мос келади. Бу эса, Марказий банк Шариат қўмиталари ислом банк-молия тизимида муайян нуфуз ва таъсирга эга бўлиши ва тармоқни ривожлантиришга хизмат қилиши керак деган фикрда эканлигидан далолат беради.
Шу билан бирга, агар Шариат қўмитаси қарорлари Марказий банк қошидаги (олий) Шариат кенгаши кўрсатмаларидан кўра қаттиқроқ бўлса ёки қабул қилинган қарор бажарилиши амалий жиҳатдан ўта мураккаб бўлган тақдирда молия муассасаси қабул қилинган қарорларга нисбатан эътироз билдириши ва қайта кўриб чиқишни талаб қилиши мумкин деб ҳисоблайди Марказий банк. Бундай ҳолатларда молия муассасасининг Директорлар кенгаши ўз эътирозларини ҳамда ўша масала юзасидан фикр-мулоҳаза ва таклифларини Марказий банкка етказиши мумкин. Бундай ҳолатлар кўп такрорланмаслиги учун Шариат қўмитаси ва Директорлар кенгаши олиб борилаётган бизнесни тўғри тушуниб олишлари учун учрашиб бизнес йўналишни муҳокама қилиб олишлари ва умумий нуқтаи назарга келишлари тавсия қилинади. Бу жараёнда Шариат қўмитаси раисининг аҳамияти катта (яъни раис билим ва тажриба нуқтаи назаридан етарли ҳурматга эга шахс бўлиши керак).
Демак, Шариат қўмитаси қарорлар қабул қилишда аниқлик ва асослиликни таъминлаши ва шу билан бирга бизнес жараёнларни яхши тушуниши керак бўлар экан.
Юқоридагилар Шариат қўмитаси ваколатига яраша вазифалари ва масъулияти ҳам жиддийлигини кўрсатади.
