Ўтган кунги қўйган мақоламизда Малайзия Марказий банки қошида фаолият юритувчи ва мамлакат ислом банк-молия тизими фаолиятини шариат нуқтаи назаридан мувофиқлаштирувчи (Олий) Шариат Кенгаши ҳақида баъзи маълумотларни тақдим қилган эдик. Бугун, Шариат кенгашлари фаолиятини тартибга солувчи 2019 йилда қабул қилинган (янги таҳрири) қоидалар тўплами ҳисобланувчи “Шариат бошқаруви сиёсати ҳақида”ги ҳужжат (Shariah Governance Policy Document (2019) билан сизларни таништирмоқчимиз.
Шариат бошқаруви сиёсати ҳақидаги ҳужжатнинг қисқача хулосаси қуйидагилардан иборат:
1. Молия муассасаси Шариат бошқарувига оид сиёсатни тасдиқлаш ва бажарилишини, Малайзия Марказий банки Шариат маслаҳат кенгаши (SAC) қарорлари бажарилишини, ички назорат тизимини, бошқарув раҳбарияти фаолиятини назорат қилиш ҳамда муассасада шариат талабларига риоя қилиш маданиятини ривожлантириш Директорлар кенгаши вазифасига киради;
2. Директорлар кенгаши Шариат қўмитаси билан етарли даражада алоқада бўлиши, Қўмита қарорларига алоҳида эътибор қаратиши, жумладан уларнинг асосланганлиги ва оқибатларини инобатга олиши, низо ва зиддиятларни ўрнатилган тартибда ҳал қилиши, барча масалалар бўйича муҳокамалар ёзувларини қайд этиб бориши лозим;
3. Директорлар кенгаши, шунингдек, бир йилда камида бир марта Шариат қўмитаси фаолиятини расмий равишда баҳолаши шарт. Бунда, (қўмита аъзоларига тўланадиган) мукофотлар Шариат қўмитаси аъзоларининг масъулиятига мувофиқ равишда бўлиши таъминланиши керак.
4. Шариат қўмитасининг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:
а). Шариатга тааллуқли масалаларида SAC чиқарган қарорлар ва Марказий банк меъёрларини қўллаш бўйича тегишли кўрсатма ва тавсиялар бериш;
б) SAC томонидан ечим берилиши талаб қилинадиган масалалар бўйича кўрсатма ёки тавсиялар бериш;
в) Шариатга номувофиқ ҳолатга олиб бориши мумкин бўлган масалалар бўйича ечим ёки тавсия бериш;
г) Шариатга мувофиқ бўлмаган хулосалар юзасидан кенгаш ўтказиш ва уларни (шариатга номувофиқ эканлигини) тасдиқлаш;
д) Шариатга зид бўлган ҳолатларни бартараф этиш бўйича чораларини тасдиқлаш.
5. Шариат қўмитаси ўз қарорлари ва маслаҳатларининг сифати, аниқлиги ва асослилиги учун жавобгардир.
6. Шариат қўмитаси қарорлар қабул қилиш жараёни, шу жумладан бизнесни юритиш ва хатарларни бошқариш бўйича пухта методология яратиши керак.
7. Агар Шариат қўмитаси SAC қарорини жорий этишда бизнес фаолиятга оид қўшимча (яъни SAC қарорларидан кўра юқорироқ) чекловлар ўрнатишга қарор қилса, банк шунга доир муҳокамани ҳужжатлаштириши, ҳамда қарор бўйича Директорлар кенгаши фикрини олиши ҳамда қарор ҳақида Марказий банкни дарҳол хабардор қилиши керак.
8. Шариат қўмитаси ўз мавқеига путур етказмаслик учун ҳукм чиқаришда ёки қарор қабул қилишда холисликни таъминлаши керак. Шариат қўмитаси йиғилишларига жиддий тайёргарлик кўрилиши ва уларни сифатли ўтказиши учун етарлича вақт ажратилиши лозим.
9. Шариат қўмитаси аъзолари муассаса фаолиятини яхши тушунишлари лозим ва шу сабабли доимий равишда ўз устиларида ишлашлари, Шариат қўмитаси раиси бошчилигида доимий ривожланишда бўлишлари керак. Бунинг учун улар бозордаги ҳолатдан ва қонунчиликдаги сўнгги ўзгаришлардан (шу жумладан тартибга солувчи идоралар чиқарган қонуности ҳужжатларидан) хабардор бўлишлари лозим.
10. Шариат қўмитаси раиси Шариатга тааллуқли масалалар муҳокамаси учун тегишли тартиб-қоидалар ўрнатиши ва уларни қўллаши, Директорлар кенгаши билан алоқада бўлиши, тўғри қарорлар қабул қилинишини таъминлаши, масалалар бўйича соғлом муҳокамани рағбатлантириши ва шариат қарорлари тўғри қўлланганлигини тасдиқловчи қайдлар юритилишини таъминлаши керак.
11. Шариат қўмитаси йиғилишлари ҳар 2 ойда камида бир марта (Ислом банки дарчаларида йилига камида 2 марта) ўтказилиши ва ҳар бир аъзонинг иштироки 75%ни ташкил этиши керак. Шунингдек, ушбу маълумотлар банкнинг йиллик ҳисоботида акс эттирилиши шарт.
12. Шариат қўмитаси аъзолигига номзодни тайинлашда қуйидагилар шартларга риоя қилиниши лозим:
а) номзод мусулмон бўлиши;
б) қўмита аъзоси бўлишга ҳар томонлама муносиб номзод бўлиши;
в) шариат бўйича тегишли малакага эга шахс ёки билим, кўникма ва тажрибага эга бўлган мутахассис бўлиши;
13. Шариат бўйича тегишли малакага эга шахс деганда қуйидагилар назарда тутилади:
а) Усул ал-фиқҳ (ислом ҳуқуқшунослиги асослари) ёки фиқҳ ал-муамалат (ислом тижорат ҳуқуқи) бўйича таълимни ўз ичига олган шариат билимлари бўйича энг камида бакалавр даражасига эга бўлган шахс.
б) Шариат илмлари, хусусан, ислом молияси бўйича билим ва тажрибага эга бўлган шахс;
в) ёзма ва оғзаки араб тилиси кучли бўлган мутахассис.
14. Шариат қўмитаси аъзоси битта банкда 9 йилдан ортиқ ишламаслиги, бир вақтнинг ўзида битта (тегишли лицензияга эга) банк, битта такафул компанияси ҳамда битта бошқа турдаги молия муассасасида Шариат кенгаши аъзоси бўлмаслиги керак. Шунингдек, кенгаш аъзоси амалдаги сиёсатчи бўлмаслиги ҳам керак.
15. Шариат қўмитаси таркибида Шариат бўйича малакали раис бўлиши ҳамда Шариат қўмитаси аъзоларининг аксарияти шариат билимларига ҳамда етарли малакага эга мутахассис бўлишлари лозим.