ШАРЪИЙ МЕЪЁР №9
ИЖАРА ВА ИЖАРА МУНТАҲИЯ БИТТАМЛИК
Меъёрнинг баёни (матни)
7. Ижарадаги фавқулодда ҳолатлар:
7/1 Ижарага берилган активни сотиш ёки унинг ҳалокатга учраши:
7/1/1 Агар ижарага берувчи ижара активини ижарачига сотса, мулкка эгалик ҳуқуқи ва унга қўшилиб фойдаланиш ҳуқуқи ҳам ижарачига ўтиши сабабли ижара шартномаси якунланади.
7/1/2 Ижарага берувчи ижара активини ижарачидан бошқага сотиш ҳуқуқига эга. Бундай ҳолатда активга эгалик ҳуқуқи (харидорга) ижара шартномаси билан бирга ўтади, чунки бу учинчи шахс (яъни ижарачи)нинг ҳақи ҳисобланади. Шу билан бирга, (олди-сотди қилиш учун) ижарачининг розилиги шарт эмас. Бироқ харидор агар ижара шартномаси мавжудлигидан бехабар бўлса, олди-сотди шартномасини бекор қилиш ҳуқуқига эга. Агар харидорнинг ижара ҳақида хабари бўлса ва у бунга эътироз билдирмай рози бўлган бўлса, қолган муддат учун ижара ҳақини олишда олдинги мулк эгасининг ўрнини эгаллайди (яъни у олдинги мулкдор ўрнига қолган муддат учун ижара ҳақи олиш ҳуқуқига эга бўлади).
7/1/3 Агар ижарага берилган муайян мол-мулк тўлиқ талафотга учраса (яъни бутунлай йўқ бўлса), ижара шартномаси дарҳол (яъни автомат равишда) бекор бўлади. Ижара активи бутунлай йўқ бўлган ҳолатда қолган ижара тўловларини тўлашни шарт қилиш жоиз эмас.
7/1/4 Ижарадаги мол-мулк ижарачи қўлида омонат ҳисобланади. Шу сабабли, агар мулкка талафот етиши ижарачининг тажовузи ёки лоқайдлиги/бепарволиги сабабли юз бермаган бўлса, у талафот учун жавобгар бўлмайди. Агар талафот айнан ижарачининг тажовузи ёки бепарволиги туфайли содир бўлса, у ҳолда ҳалокатга учраган мол-мулкнинг ўрнини қоплаши лозим: агар унинг ўрнини босадиган шу каби мол бўлса — шундай мол билан, агар йўқ бўлса — ҳалокатга учраган пайтдаги қийматини тўлаб беради.
7/1/5 Ижара активи қисман ҳалокатга учраса ва бу ундан фойдаланишга халал берса, бундай ҳолатда ижарачи ижара шартномасини бекор қилиш ҳуқуқига эга. Актив қисман ҳалокатга учраган ҳолатда, агар ижарачи шартномани бекор қилиш ҳуқуқидан воз кечса, томонлар ижара ҳақини ўзгартириш бўйича келишув қилишлари мумкин. Фойдаланиш тўхтаган давр учун ижарага берувчи ижара ҳақи ололмайди, лекин агар шартномада белгиланган муддат якунига етгандан кейин (ижарачи билан келишилган ҳолда) шунча муддат қўшиб бериладиган бўлса, ижара ҳақини тўлиқ олиши мумкин. (6/1/5 бандга қаралсин).
7/1/6 Ижара Мавсуфа фил-Зимма (яъни: белгиланган тавсифларга мувофиқ, лекин аниқ қилиб кўрсатилмаган мол учун тузилган ижара шартномаси) ҳолатида, агар ижара активи тўлиқ ёки қисман ҳалокатга учраса, мол эгаси (ижара берувчи) ҳалокатга учраган молга ўхшаш тавсифларга эга бўлган (унинг) ўрнини босувчи молни тақдим этиши шарт (агар у пайтда бошқача келишув бўлмаган бўлса). Бундай ҳолатда ижара шартномаси қолган муддат учун давом этади. Агар ўрнини босувчи молни тақдим этиш имконсиз бўлса, шартнома бекор қилинади [3/5 бандга қаралсин].
7/1/7 Агар ижарачи мулкдан фойдаланишни тўхтатса ёки мулкни ижарага берувчининг розилигисиз қайтариб берса, қолган муддат учун ижара ҳақи тўланишда давом этади. Ижарага берувчи бу муддат мобайнида активни бошқа ижарачига ижарага бера олмайди, балки уни амалдаги ижарачи ихтиёрида қолдиради. Бироқ, ижарачи ижарага берувчи фойдасига қолган ижара муддатидан воз кечса, шартнома ниҳоясига етади [7/2/1 бандга қаралсин].