ШАРЪИЙ МЕЪЁР №9
ИЖАРА ВА ИЖАРА МУНТАҲИЯ БИТТАМЛИК
Меъёрнинг баёни (матни)
6. Ижара қарздорлиги бўйича таъминот (кафолатлар) масаласи ва уни тартибга солиш:
6/1 Ижара тўловларини ўз вақтида амалга оширилишини таъминлаш ёки (ижарачи томонидан) ижара мулкидан нотўғри фойдаланиш (тажовуз) ва лоқайдлик оқибатида ҳосил бўлиши мумкин бўлган зарарни қоплаш мақсадида шариатда рухсат этилган кафолатларнинг барча турларини олиш мумкин. Масалан: гаров (раҳн), кафиллик, ижарачининг учинчи шахслардаги ҳақлари (дебиторлик қарзлари) ҳаваласи (яъни қарзга бўлган ҳуқуқни ўтказиб бериш), ҳатто бундай ҳуқуқлар ижарачининг ўзи ва мол-мулкига оид шаръий суғурта-такафул бўйича олинадиган товон бўлса ҳам, кафолат сифатида қабул қилиниши мумкин.
6/2 Ижара ҳақи олдиндан тўланишини шарт қилиш жоиз. Шунингдек, уни бўлиб-бўлиб тўлаш ҳам жоиз, бундай ҳолатда ижарага берувчи, агар ижарачи бир ёки бир неча тўловни шаръий узрсиз кечиктирса, муайян муддат ичида (ижарага берувчи томонидан) билдиришнома юборилганидан сўнг қолган тўловларнинг муддатидан олдин тўланишини шарт қилиш ҳуқуқига эга. Шу билан бирга, ижарачига қолган муддат давомида ижара объектидан фойдаланиш имконияти тақдим этилади. Шартнома асосида олдиндан тўланган ёки тўловнинг кечиктирилиши сабабли (насиядан) нақдга айланган (яъни муддатидан аввал тўланиши талаб қилинган) ижара ҳақлари ижара муддати охирида ёки ижара шартномаси муддатидан олдин бекор қилинган вақтда қайта ҳисоб-китоб қилинади. Ижара тўловларини олдиндан амалга ошириш талаб қилингандан кейин ижарачига яна (қўшимча) муҳлат берилиши ижарачининг ҳуқуқи эмас, балки ижарага берувчининг олдиндан тўлов қилишни талаб қилиш ҳуқуқидан воз кечиши ҳисобланади. Шу билан бирга, бу ҳолатда 5/2/2 бандда кўрсатилган қоидалар эътиборга олиниши лозим.
6/3 Тўлов кечиктирилган ҳолатда ижарага берувчи олиши керак бўлган ижара ҳақига қўшимча устама (пеня) тўлашни шарт қилиш жоиз эмас. 6/4 бандга қаралсин.
6/4 Ижара ёки Эгалик билан якунланувчи ижара (Ижара Мунтаҳия Биттамлик) шартномасида (тўловга лаёқатли бўлса-да) белгиланган муддатларда ижара ҳақини тўламаган ижарачига нисбатан ижара тўловини кечиктиргани учун муайян белгиланган суммани ёки ижара ҳақининг муайян фоизини хайрия/садақа қилиш мажбуриятини шарт қилиш жоиз. Бундай садақа муассасанинг Шариат назорати кенгаши томонидан мувофиқлаштирилган ҳолда фақат хайрия мақсадларига йўналтирилиши лозим.
6/5 Ижарачи томонидан тақдим этилган таъминот (кафолат)дан фойдаланган ҳолда ҳосил бўлган қарздорлик ёки зарарларни қоплаш бўйича ижро ҳаракатлари амалга оширилган ҳолатда, ижарага берувчи ундан фақат ўтган даврлар учун ижара ҳақи ундириш ҳуқуқига эга, лекин у (шартномада кўрсатилган) ҳали муддати келмаган ва ижара объектидан фойдаланилмаган даврлар учун тўлов ундириш (талаб қилиш) мумкин эмас. Шунингдек, ижарага берувчи шартнома бузилиши оқибатида юзага келган ва тўланиши лозим бўлган барча шариатга мувофиқ товон (компенсация)ларни тақдим этилган таъминот (кафолат) ҳисобидан қоплаши мумкин.